Бир ташкилот раҳбари “Ишга қабул қиламан” деб эълон берди. У ишга кирмоқчи бўлган инсонларни синаш мақсадида ўша эълон бўйича келадиган йўлнинг четида кўзи ожиз тиланчи қиёфасига кириб ўтириб олди. Сўнгра йўлга пул ташлаб қўйди.
Бир одам пулни кўриб тиланчига қараб кўзи кўрлигини билгач пулни чўнтагига солди. Бу ҳолатни кўрган раҳбар бошини силкитганча унинг орқасидан қараб қолди. Сал туриб яна шундай ҳолат кузатилди. Яна бир қанча вақт ўтиб, учинчи одам пулни тиланчилик қилиб ўтирган одамдан “Пул сизниники эмасми” дея сўради. Тиланчи: “Ҳа меники, тушиб қолган бўлса керак” деди.
Бироздан сўнг раҳбар кийимларни алмаштириб, ишига борди. Унга эълон бўйича талабгорлар келгани ҳақида хабар берилди. Раҳбар ўша йўлда учратган инсонларни бирма-бир чақириб суҳбат қилди. Суҳбат сўнгида кўчада ётган пул ҳақида сўраб пулларини қайтариб олди. Кейин учинчи одам кирганида эса кўчада ётган пулни тиланчига нега қайтаргани ҳақида сўрайди. У “Мен ҳалол пул топишни хоҳлайман. Ердаги пул меники эмасди. Унинг ўз эгаси борлигини яхши билардим” деб жавоб берди. Раҳбар унга эртадан ишга келишини айтди. Қолган икки кишини қайтариб юборди.
Хулоса: Бугун биз қайси касбда бўлишимиздан қатъий назар раҳбар айтган топшириқларни ўз вақтида бажаришимиз кераклигини унутиб қўймоқдамиз. Ваҳоланки, сиз топшириқни ўз вақтида қилмаётганингиз билан бу ишнинг баҳосини сизга эмас ташкилотга, унинг раҳбарига берилади. Бугун бирор лавозимда ишлаётганингиз бу АЛЛОҲ томонидан сизга берилган улуғ неъматдир. Шундай экан қайси касбда ишлашингиздан қатъий назар раҳбарга итоат этишлик, бу сизнинг бурчингиз. “Ташкилот менга нима бермоқда” деб эмас, “Мен ташкилотга, Ватанга, халқга нима бермоқдаман. Шу қилаётган ишимдан менга ва ўзгага манфаат етяптими” деган ўй ҳаммада бўлиши лозим.
Акбаршоҳ Расулов