Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Илк ваҳий келган вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қўрқиб кетганлари боис онамиз Хадича разияллоҳу анҳо амакиси Варақа ибн Навфал олдига бориб, вазиятни тушунтирадилар. Анча ёшга кириб қолган Варақа: “Сенга қавминг душманлик қилиб, юртингдан чиқарган вақтда, қанийди мен ҳам бўлсам эди, сенга ёрдам берган бўлардим!”, дейди – Имом Бухорий ривояти.
Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Агар унда яхшилик бўлса, имконсиз нарсани хоҳлаш, орзу қилиш мумкинлигига бу ҳадис далилдир. Варақа яна ёш йигит бўлишни хоҳлади, лекин бу имконсиз нарса, яъни инсон умри давомида бир марта ёшлик даврида яшайди” – “Фатҳул Борий”, 1/26.
Маълумки, инсонда истаклар мавжуд. Баъзан вақт, умр каби ортга қайтмайдиган жиҳатларни орзу қилади. Болаликка қайтгиси ёки бошқа ҳудудларга кетгиси келади. Мана шундай вазиятларда ният қилаётган нарсаси яхшилик, хайрли бўлса, уни орзу ва ният қилса бўлади. Кўпгина одамлар пайғамбарлар, саҳобалар даврида бўлиб қолсам, фалон-фалон хайрли ишларни қилар эдим, деб ўй суради. Воқеликда уларнинг даврига қайтишнинг иложи йўқ, лекин шундай бўлса-да, Варақа ибн Навфал каби хайрли ният қилса, бунинг ёмон томони йўқ.
Варақа ибн Навфал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саҳоба ҳисобланмайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Варақани ёмонламанглар! Зеро, тушимда унинг учун тайёрлаб қўйилган бир ёки икки жаннатни кўрдим”, деганлар – Имом Баззор ва Ҳоким ривоятлари. Ҳоким бу ҳадисни имом Бухорий ва Муслимлар шартига кўра саҳиҳ, деган. Манбалардан маълумки, пайғамбарларнинг тушлари ҳам ваҳий ўрнидадир.
Юқоридаги фикрларга шуни қўшимча қилиш мумкинки, инсон яхши нияти эвазига Аллоҳдан савоб, мукофот олади.
Абу Кабша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “… Бир бандага Аллоҳ бойлик ва илм беради. У Раббига тақво қилади, силаи раҳм қилади ва унда Аллоҳнинг ҳаққини билади. Бу энг афзал даражадир. Яна бир бандага Аллоҳ илм беради, аммо бойлик бермайди. Шунга қарамай унинг нияти тўғри, агар Аллоҳ менга ҳам бойлик берганида фалончининг амалини қилган бўлардим, дейди. У ниятига яраша ажр олади ва у иккисининг савоби бир хил” – Имом Термизий, Имом Ибн Можа ва Имом Аҳмад ривояти.
Ҳадисдан кўриниб турибдики, банда моддий-жисмоний имкони бўлмай туриб, бирор хайрли ишни қилишни истаб ният қилса, эвазига ўша ишни қилгандек савоб олади.
Пўлатхон Каттаев,
ТИИ Ҳадис ва ислом тарихи фанлари кафедраси катта ўқитувчиси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
1. Арафа куни кечаси, яъни, ҳайит кунига ўтар кечасини бедор ўтказиш.
Ҳайит кунига ўтар кечани Қуръон тиловати, зикр, тасбиҳ ва нафл намозлар билан ўтказиш улкан савобларга сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам: "Ким икки ийд кечаларини Аллоҳдан савоб умидида қоим қилса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас”, деганлар (Ибн Можа, Табароний ривояти).
2. Ғусл қилиш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр, азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар” (Ибн Можа ривояти).
3. Энг яхши, янги ёки тоза кийимларни кийиш.
4. Хушбўйланиш.
5. Қурбон ҳайити намозига чиқишдан олдин ҳеч нарса емаслик. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитида таомланмасдан чиқмасдилар, қурбонлик кунида эса намоз ўқигунларича таомланмасдилар” (Имом Термизий ривояти).
Эслатма! Баъзилар қурбон ҳайитида ҳеч нарса емай намозга чиқишни нотўғри тушуниб, куннинг аввалги ярмига қадар рўзани ният қилиш керак, дейишади. Шу билан бирга, ўша куни саҳарликка туришади ва оғизларини ният билан беркитиб намозга чиқишади. Ҳайит намози ўқиб бўлингач эса, худди ифторликдаги каби оғизларини очишади. Бундай қилиш нотўғри. Ҳайит кунларида рўзани ният қилиш ҳаром амал саналади. Қолаверса, ярим кунга рўза ният қилинмайди.
6. Масжидга имкон бўлса пиёда ва эртароқ бориш. “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайит намозига пиёда юриб чиқардилар” (Ибн Можа ривояти).
7. Йўлда таҳлил (Лаа илаҳа иллаллоҳ), такбир (Аллоҳу акбар) ва таҳмид (Алҳамдулиллаҳ) айтиш. "Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар, Лаа илаҳа иллаллоҳу Аллоҳу акбар, Аллоҳу акбар ва лиллаҳил ҳамд".
8. Ҳайит намозидан олдин бошқа бирор нафл намоз ўқимаслик. Масжидга боргандан сўнг таҳийятул масжид ёки бошқа бирор нафл намоз ўқимасдан зикр қилиб ўтириш лозим.
9. Намозга бир кўчадан бориб, бошқасидан қайтиш. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.
10. Ҳайит билан муборакбод этиш. Саҳобалар: "Тақоббал Аллоҳ минна ва минкум (Аллоҳ биздан ҳам, сиздан ҳам қабул этсин)", деб бир-бирларини байрам билан табриклашарди.
11. Аҳли аёл ва ёш болаларни хурсанд қилиш. Оилада байрам кайфиятини пайдо қилиш, совға-ҳадялар улашиш керак.
12. Қавм-қариндош, ёш улуғларни зиёрат қилиш.
13. Таниш-билиш, ёру дўст, қўни-қўшниларни байрам билан табриклаш.
Қурбон ҳайитингиз муборак бўлсин!
Даврон НУРМУҲАММАД