frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Бир иллат ортидаги фожиалар

30.10.2024   19696   4 min.
Бир иллат ортидаги фожиалар

Бугун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда (“тегажоғлик қилди, зўрлади” мазмунидаги) ахлоқий бузуқлик билан боғлиқ нохуш хабарлар кўпайиб кетди. Уларни ўқиганинг сари фиғонинг ошади. Наҳот инсон тубанликка борса. Бу иллат вояга етмаганлар орасида ҳам, ақли расо ва ҳатто ёши бир жойга бориб қолган инсонлар орасида ҳам урчиётгани ташвишли ҳолдир.
 

Бугун фаҳшни тарғиб қилаётган воситалар шунчалар кўпки, бундан қочишнинг иложи йўқдек. Олдинлари киши айтишга ор қиладиган беҳаё гаплар эндиликда очиқчасига сериаллару киноларда, ижтимоий тармоқларда ташвиқ қилинмоқда. Оқибатда инсонларда ҳаё пардаси кўтари­либ кетаётгандек...


Бунинг таъсирида зўрлаш билан боғлиқ жиноятлар ортиб, ўлим билан якунланганлари бор. Умри хазон бўлган ёш қиз-жувонлар, ўсмирлар қанча. Вояга етмай оила қураётганлар, мактаб партасида ўтириб она бўлаётганлар-чи? Хиёнат сабаб оиласи бузилаётган, болаларини етим қилаётганлар, яқин қондошлик алоқаларини узаётганлар ҳам етарлича. Бунинг ортидан юқумли ва бедаво касалликларга чалинаётганлар ҳам бор. Буларнинг барчаси биргина ахлоқсизлик ортидаги фожиалардир.


– Зинонинг ёмонлиги шундаки, жамиятнинг асоси бўлган оилага жиддий путур етказади, инсоннинг насл-насаби бузилади. Жамиятда кўплаб иллатларнинг урчишига, касалликларнинг ортишига сабаб бўлади, – дейди ЎМИ Фатво маркази бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров. – Шу боис динимизда у гуноҳи кабира саналади. Қуръони каримда: “Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят), дея марҳамат қилинган. Демак, мўмин киши унинг ҳар қандай кўринишидан йироқ юриши лозим. Афсуски, бугун ижтимоий тармоқлар орқали ўзга жинс вакиллари билан муносабатларда мана шу жиҳатларга эътибор қаратилмаяпти. Номаҳрамлик масалаларига бепарво бўлиш ва ўзаро ножўя суҳбатлар ортидан оилалар бузилиб кетяпти. Ҳали оила қурмаган ёшлар ҳаёсизлик, зинонинг виртуал кўринишларига, яъни “онлайн муҳаббат”га ружу қўймоқда. Бу нарсалар шариатимизда қатъиян ман қилинган.


Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам зинодан қайтариб айтадилар: “Эй инсонлар! Зинодан қўрқинглар, унда олтита зарар бор. Шундан учтаси бу дунёда, учтаси охиратда бўлади. Бу дунёдагилари: зино руҳий гўзалликни кетказади, камбағаллик келтиради, ­умрни қисқартиради. Охиратдагилари эса – Аллоҳнинг ғазаби, ҳисобдан ёмон ўтиш ва жаҳаннам азобидир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).


Кундалик ҳаётимизда ҳам фаҳшга ружу қўйганларнинг боши балодан чиқмаслигига кўп бор гувоҳ бўламиз. Бу ҳам ҳадиснинг нақадар ҳақ эканидан далолатдир.


Қуръони каримда: (Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (но­маҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир”, дея марҳамат қилинган (Нур сураси, 30-оят).


Оятда Аллоҳ таоло эркакларни номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан ман этмоқда. Чунки бундай назар зинога етак­лайди ва бундай қараш кўз зиноси ҳисобланади. Афсуски, бугун кўча-кўйда, жамоат жойларида, айниқса, телевизор ва қўл телефонимиз қаршисида ўзимизни номаҳрамлардан, беҳаё тасвирлардан тия олмаяпмиз. Ёшимиз улғайиб нафсимизни жиловлаб олгандирмиз. Лекин фарзандларимизнинг бу иллат исканжасидан асрай оляпмизми?


Таҳрим сураси 6-оятда: “Эй иймон келтирганлар! Ўзла­рингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...” дея марҳамат қи­линган. Оят тафсирларида уламоларимиз ўтдан сақланиш гу­ноҳларни тарк қилиш ва тоат-ибодат билан бўлади. Бунда оила бошлиғи аёлини ҳам фарзандларини дўзах азобидан сақлашга масъул эканини таъкидлашган.


Хулоса қилиб айтганда, мўмин киши ахлоқий бузуқликка етак­лайдиган ҳар қандай нарсадан узоқ юриши, аҳли оиласини ҳам бу ботқоқдан асраши шарт. Бу­нинг учун эса динимизни мукаммал ўрганиб, Қуръону суннатда келган амалларни ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, фарзандларимизга бузуқлик гуноҳи кабира эканини англатишимиз, энг асосийси, уларга Аллоҳни танитишимиз зарур. Шундагина улар ёлғиз қолса ҳам, Аллоҳнинг кузатувида эканини ҳис этади, шайтон васвасаларига, нафсининг хоҳишларига учмайди, иншоаллоҳ.


Бобур МУҲАММАД

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Суррогат оналик жоизми?

23.04.2024   5653   2 min.
Суррогат оналик жоизми?

Cавол: Синглимнинг 9 йилдан бери фарзанди йук, 3 марта ЭКО килди, лекин бўлмади. Ҳозир соғлиғи ҳам жойида эмас. Синглимнинг 2 тайёр эмбриони музлатилган, клиникада турибди. Мен опаси суррогат она бўлиб, синглимга боласини туғиб берсам бўладими? Пул ишлаб олиш ва бошка ғайр мақсад учун эмас, синглимга куйинганим учун шу йўлни танламоқчиман. Лекин Исломда мумкин бўлса агар.

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.

“Суррогат” сўзи лотинчадан олинган сўз бўлиб – “бошқасининг ўрнига қўйилган” деган маънони билдиради. Ҳозирда бизда кенг тарқалаётган “суррогат она” деган ибора ҳам ҳомиладор бўлиб, фарзанд туғишда онанинг ўрнига фойдаланилган аёл назарда тутилади. Бунда эрнинг спермаси ва хотинининг тухумҳужайрасидан бўлган эмбрионни ривожлантириш учун бошқа аёлнинг бачадонига ўтказилади. Кўпинча суррогат оналик пул эвазига, баъзан кўнгилли тарзда ҳам амалга оширилади.

Ушбу амалиёт шариатимизнинг умумий қоидаларига кўра ҳаром саналади. Бунда уни пул эвазига бажариладими ёки кўнгилли тарздами фарқи йўқ. Чунки ушбу амалиётда эркак билан бачадони ижарага олинган аёлнинг ўртасида никоҳ бўлмайди. Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминларни васф қилиб бундай марҳамат қилган:

“Улар авратларини (ҳаромдан) сақловчидирлар. Илло, ўз жуфти ҳалоллари ва қўл остидагилар (чўрилар) бундан мустаснодир. Бас, албатта, улар маломат қилинувчи эмаслар. Кимки шундан ўзгани истаса, бас, ана ўшалар ҳаддан ошувчидирлар” (Муъминун сураси, 5-7 оятлар).

Агар никоҳ бўлган тақдирда (масалан, ўша аёл эркакнинг иккинчи хотини бўлса) ҳам мазкур амалиёт ҳалол бўлмайди. Чунки бу насабларни чалкашишига олиб келади.

Шу ва бундан бошқа омилларни ҳисобга олиб, замонамизнинг барча уламолари, кўплаб фатво уюшмалари суррогат оналикни ҳаром эканига фатво берганлар. Жумладан, Ислом Олами уюшмаси қошидаги Ислом Фиқҳи Академияси 1402 ҳижрий (1982 милодий) йил ўтказилган йиғилишида ушбу амалиётни ҳаром деб қарор қабул қилган. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази