Бугун оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда (“тегажоғлик қилди, зўрлади” мазмунидаги) ахлоқий бузуқлик билан боғлиқ нохуш хабарлар кўпайиб кетди. Уларни ўқиганинг сари фиғонинг ошади. Наҳот инсон тубанликка борса. Бу иллат вояга етмаганлар орасида ҳам, ақли расо ва ҳатто ёши бир жойга бориб қолган инсонлар орасида ҳам урчиётгани ташвишли ҳолдир.
Бугун фаҳшни тарғиб қилаётган воситалар шунчалар кўпки, бундан қочишнинг иложи йўқдек. Олдинлари киши айтишга ор қиладиган беҳаё гаплар эндиликда очиқчасига сериаллару киноларда, ижтимоий тармоқларда ташвиқ қилинмоқда. Оқибатда инсонларда ҳаё пардаси кўтарилиб кетаётгандек...
Бунинг таъсирида зўрлаш билан боғлиқ жиноятлар ортиб, ўлим билан якунланганлари бор. Умри хазон бўлган ёш қиз-жувонлар, ўсмирлар қанча. Вояга етмай оила қураётганлар, мактаб партасида ўтириб она бўлаётганлар-чи? Хиёнат сабаб оиласи бузилаётган, болаларини етим қилаётганлар, яқин қондошлик алоқаларини узаётганлар ҳам етарлича. Бунинг ортидан юқумли ва бедаво касалликларга чалинаётганлар ҳам бор. Буларнинг барчаси биргина ахлоқсизлик ортидаги фожиалардир.
– Зинонинг ёмонлиги шундаки, жамиятнинг асоси бўлган оилага жиддий путур етказади, инсоннинг насл-насаби бузилади. Жамиятда кўплаб иллатларнинг урчишига, касалликларнинг ортишига сабаб бўлади, – дейди ЎМИ Фатво маркази бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ домла Тоштемиров. – Шу боис динимизда у гуноҳи кабира саналади. Қуръони каримда: “Зинога яқинлашмангиз! Чунки у фаҳш ва ёмон йўлдир” (Исро сураси, 32-оят), дея марҳамат қилинган. Демак, мўмин киши унинг ҳар қандай кўринишидан йироқ юриши лозим. Афсуски, бугун ижтимоий тармоқлар орқали ўзга жинс вакиллари билан муносабатларда мана шу жиҳатларга эътибор қаратилмаяпти. Номаҳрамлик масалаларига бепарво бўлиш ва ўзаро ножўя суҳбатлар ортидан оилалар бузилиб кетяпти. Ҳали оила қурмаган ёшлар ҳаёсизлик, зинонинг виртуал кўринишларига, яъни “онлайн муҳаббат”га ружу қўймоқда. Бу нарсалар шариатимизда қатъиян ман қилинган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам зинодан қайтариб айтадилар: “Эй инсонлар! Зинодан қўрқинглар, унда олтита зарар бор. Шундан учтаси бу дунёда, учтаси охиратда бўлади. Бу дунёдагилари: зино руҳий гўзалликни кетказади, камбағаллик келтиради, умрни қисқартиради. Охиратдагилари эса – Аллоҳнинг ғазаби, ҳисобдан ёмон ўтиш ва жаҳаннам азобидир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Кундалик ҳаётимизда ҳам фаҳшга ружу қўйганларнинг боши балодан чиқмаслигига кўп бор гувоҳ бўламиз. Бу ҳам ҳадиснинг нақадар ҳақ эканидан далолатдир.
Қуръони каримда: “(Эй Муҳаммад!) Мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёллардан) қуйи тутсинлар ва авратларини (зинодан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўл)дир. Албатта, Аллоҳ улар қилаётган (сир) синоатларидан хабардордир”, дея марҳамат қилинган (Нур сураси, 30-оят).
Оятда Аллоҳ таоло эркакларни номаҳрам аёлларга шаҳват назари билан қарашдан ман этмоқда. Чунки бундай назар зинога етаклайди ва бундай қараш кўз зиноси ҳисобланади. Афсуски, бугун кўча-кўйда, жамоат жойларида, айниқса, телевизор ва қўл телефонимиз қаршисида ўзимизни номаҳрамлардан, беҳаё тасвирлардан тия олмаяпмиз. Ёшимиз улғайиб нафсимизни жиловлаб олгандирмиз. Лекин фарзандларимизнинг бу иллат исканжасидан асрай оляпмизми?
Таҳрим сураси 6-оятда: “Эй иймон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз...” дея марҳамат қилинган. Оят тафсирларида уламоларимиз ўтдан сақланиш гуноҳларни тарк қилиш ва тоат-ибодат билан бўлади. Бунда оила бошлиғи аёлини ҳам фарзандларини дўзах азобидан сақлашга масъул эканини таъкидлашган.
Хулоса қилиб айтганда, мўмин киши ахлоқий бузуқликка етаклайдиган ҳар қандай нарсадан узоқ юриши, аҳли оиласини ҳам бу ботқоқдан асраши шарт. Бунинг учун эса динимизни мукаммал ўрганиб, Қуръону суннатда келган амалларни ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, фарзандларимизга бузуқлик гуноҳи кабира эканини англатишимиз, энг асосийси, уларга Аллоҳни танитишимиз зарур. Шундагина улар ёлғиз қолса ҳам, Аллоҳнинг кузатувида эканини ҳис этади, шайтон васвасаларига, нафсининг хоҳишларига учмайди, иншоаллоҳ.
Бобур МУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бу кеча Қуръони карим нозил этила бошлаган. “Албатта, Биз У (Қуръон)ни Қадр кечасида туширдик” (Қадр сураси, 1-оят).
Бу кеча “...минг ойдан яхшироқдир” (Қадр сураси, 3-оят).
Бу кечада қуёш чиққунига қадар тинчлик ва сокинлик ҳукм суради. “У (кеча) то тонг отгунича саломатликдир” (Қадр сураси, 5-оят).
Бу кеча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ухламай, тунни ибодат билан ўтказардилар.
Бу кеча қилинган амаллар 1000 ойда қилинган амаллардан афзал ва савоби кўпдир.
Бу кеча фаришталар тинимсиз мўмин-мусулмонлар ҳаққига салавот ва саломлар айтишади.
Бу кеча ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қадр кечасини иймон ва ихлос ила қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинади”, деганлар (Имом Бухорий, Имом Муслим, Имом Термизий ривояти).
Бу кеча Аллоҳ таоло бедор бўлувчи бандаларини бошқа ойлардан кўра кўпроқ ажру савоблар билан мукофотлайди.
Бу кеча иссиқ ҳам, совуқ ҳам бўлмайди. Унинг тонгида қуёш қизғиш бўлиб чиқади.
Бу кеча ҳақида Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Ё Расулуллоҳ агар Қадр кечасини топишга муваффақ бўлсам нима деб дуо қилай?” деб сўрадилар.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дуони ўқишни айтдилар:
اللَّهُمَّ إِنَّكَ عَفُوٌّ كَرِيمٌ تُحِبُّ الْعَفْوَ فَاعْفُ عَنِّي
Ўқилиши: “Аллоҳумма иннака аъфуввун кариймун туҳиббул аъфва фаъфу аънний”.
Маъноси: “Аллоҳим, албатта, Сен кечиргувчисан, кечиришни яхши кўрасан. Гуноҳларимни кечиргин” (Имом Термизий ривояти).
Бу кечада қилинган амаллар салкам 84 йил бетўхтов қилинган ибодатга тўғри келади. 84 йил эса тахминан 30 минг-у 295 кунга тенг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Умматимнинг умрлари олтмиш билан етмиш ўртасидадир. Озларигина ундан ташқарида бўладилар”, деганлар (Имом Термизий ривояти).
Бу кеча гина-адоват, нафрат-аразлар, хафагарчиликлар унутиладиган, ҳамма бир-биридан розилик ҳамда кечирим сўрайдиган кечадир.
Бу кеча барча мўмин-мусулмонларга муборак бўлсин! Фазилатли ой ва муборак куннинг фазилатидан Аллоҳ таоло тўлиқ баҳраманд этсин!
Даврон НУРМУҲАММАД