Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Август, 2025   |   16 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:57
Қуёш
05:27
Пешин
12:33
Аср
17:25
Шом
19:33
Хуфтон
20:56
Bismillah
10 Август, 2025, 16 Сафар, 1447

Абу Муин Насафий ҳақида илк саҳна асари

16.01.2024   1950   4 min.
Абу Муин Насафий ҳақида илк саҳна асари

Қашқадарё вилояти мусиқали драма театрида Нафас Шодмонов драмаси асосида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Валихон Умаров томонидан саҳналаштирилган “Абу Муин Насафий” спектакли премьераси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Қашқадарё” нашри. 

Маълумки, алломалар меросини кенг халқ оммасига янада яхши тушунтиришда бадиий ва саҳна асарлари, кинофильмларнинг аҳамияти катта. Тўғриси, бу борада ҳали қилинадиган ишлар талайгина. Шомурод Шарапов қаламига мансуб “Ҳақиқат қиличи” номли роман кам нусхада нашр қилинган, шу номда ҳужжатли фильм яратилган, холос. Филология фанлари доктори, профессор Нафас Шодмонов томонидан ёзилган “Абу Муин Насафий” драмаси бу борада муҳим аҳамият касб этади.
Эътироф этиш лозим, шу вақтгача Нафас Шодмоновнинг “Нуҳ кемаси”, “Қобил ила Ҳобил”, “Широқ”, “Нахшаб афсонаси”, “Оқсарой”, “Нажот дарвозаси” каби 20 дан зиёд тарихий ва замонавий мавзудаги драмалари республика театрларида саҳналаштирилган.

“Абу Муин Насафий” спектаклида алломанинг аҳли сунна вал-жамоа мазҳаби асосида пок ақида ва мусаффо исломга итилиш йўлидаги хизматлари рамзий-ишоравий услубларда акс эттирилади. Ўзларини динда билимдон санаган, бироқ аллома келтирган аниқ далиллар қаршисида ожиз қолган жоҳил гуруҳлар Абу Муин Насафийни жисмонан йўқ қилишга уринади. Асар воқеалари XI асрда Насаф ва Самарқанд шаҳарларида бўлиб ўтади.

Қуръон оятлари билан зийнатланган, мафкуравий зиддиятларни очиб беришга қаратилган спектакль томошабинни бефарқ қолдирмайди, чуқур мушоҳадага, теран мулоҳазага чорлайди.

Таъкидлаш ўринли, спектаклдаги ролларни вилоят мусиқали драма театрининг актёр ва актрисалари маҳорат билан ижро этишди. Абу Муин Насафий сиймосини таниқли кино ва театр актёри Ғайрат Ҳусаинов гавдалантирган. Алломанинг рафиқаси Ойбаланд, мўътазила оқими етакчиларидан бири Жовид, рофизия фирқасига мансуб катта мулкдор хотин Озар образлари ҳам анча эсда қоларли. Саҳна декорациялари, мусиқа, либосларга ҳам алоҳида аҳамият қаратилган.

Шу ўринда айрим жиҳатларга тўхталиб ўтсак. Маълумки, калом, ақида масалаларини ҳаммаям тушунмайди. Томошабинлар ёш ва савиясини ҳисобга олган ҳолда, нутқ ва савол-жавоблар содда, одамлар тушунадиган, англайдиган мисоллар орқали очиб берилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Қолаверса, мўътазила қарашларини ифодалайдиган Жовид образи етарли даражада очилмасдан қолган. Ваҳоланки, роль ижрочиси Акбар Бердиевни кучли актёр сифатида биламиз. Боз устига мўътазила оқими вакиллари ҳам бу даражада кўр-кўрона ақидага эмас, рад қилиш мураккаб ҳақиқатга таянган эди. Яъни Жовид кучли билимли, бироқ жоҳил – уни шу тарзда кўрсатиш маъқул бизнингча.

Ойбаланд ўлдирилиши саҳнасида ҳам оддий йўлдан борилган. Ортдан бир неча бор пичоқ суқиш саҳнаси ёш болалар, таъсирчан одамларга ёмон таъсир қилиши аниқ – шу сабаб қатл саҳнасини бошқа деталлар ёрдамида ҳам ишонарли тарзда кўрсатиш мумкин.

Булар тўғриласа бўладиган нарсалар. Муҳими, буюк инсон ҳақидаги дастлабки саҳна асари дунё юзини кўрди. Уни бемалол республика театрларида, халқаро саҳналарга намойиш этса бўлади, намойиш этиш керак. Бу спектакль вилоятимиз маданият ва санъат соҳасида катта воқелик.

Қайд этиш жоиз, “Табсират-ул адилла”, “Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд”, “Қасийдул қавоид фи илмил ақоид”, “Ал-Ифсод ли ҳадъ ал-илҳод”, “Маноҳиж ал-аиммати фил фуруъ”, “Баҳрул калом” сингари чуқур илмий таҳлилга асосланган, мотуридия таълимотининг моҳияти очиб берилган ўнлаб асарлари билан мусулмон дунёсида шуҳрат қозонган зот – Абу Муин Насафий минг йил аввал жаҳолатга қарши маърифат билан курашнинг ўзига хос намунасини кўрсатган эди.

Ислом оламида “Ҳақиқат қиличи” номи билан танилган буюк ватандошимиз ибоҳия, хорижия, мўътазилия, қадария, жабария каби ботил фирқаларга асосли раддиялар берган ва динимиз софлигини сақлашга катта ҳисса қўшган.

Bahriddin Xushboqov, [16.01.2024 10:30]
Айтиш ўринли, Абу Муин Насафий илмий мероси ўрганила бошланганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан аллома абадий қўним топган манзил ободонлаштирилиб, мақбара, масжид, кутубхона, музей барпо этилди. “Табсират-ул адилла”, “Ат-тамҳийд ли қавоид ат-тавҳийд”, “Баҳрул калом” асарлари таржима қилиниб, кўп минг нусхада чоп этилди. У зот ҳақида кўплаб илмий асарлар, маърифий мақолалар нашр этилиб, дунёнинг нуфузли олимлари иштирокида илмий конференциялар ўтказилди. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Малаул аъло ва васийла салавоти

10.12.2024   15878   1 min.
Малаул аъло ва васийла салавоти

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

اللَّهُمَّ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الْأَوَّلِينَ وَ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الآَخرينَ وَصَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ في النَّبِيِّينَ وَ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الْمُرْسَلِينَ وَ صَلِّ عَلَى مُحَمَّدٍ فِي الْمَلَاءِ الْأَعْلَىٰ إِلَى يَوْمِ الدِّينِ اَللّهُمَ أَعْطِ مُحَمَّدًا الوَسِيلَةَ وَالْفَضيلَةَ وَ الشَّرَفَ وَ الدَّرَجَةَ الْكَبِيرَةَ

Ўқилиши: Аллоҳумма солли ъала Муҳаммадин фил аввалийна ва солли ъала Муҳаммадин фил ахирийна ва солли ъала Муҳаммадин фин набиййийна ва солли ъала Муҳаммадин фил мурсалийна ва солли ъала Муҳаммадин фил малаил аъла ила явмиддийн. Аллоҳумма аъти Муҳаммаданил васийлата вал фазийлата вaш шapoфa вaд дapожатал кабийрота!

Маъноси: Аллоҳим! Аввалгилар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, кейингилар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, набий (пайғамбар)лар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, мурсал элчи расуллар орасида ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир, малаул аълода энг олий, шарафли зотлар орасида то қиёмат кунигача ҳазрати Муҳаммадга раҳмат ёғдир! Аллоҳим! Ҳазрати Муҳаммадга васийла (жаннатдаги энг олий мақом), фазилат, шараф ва улуғ даража ато қил! («Ал-адъийатул-воридаҳ», 64-с).

Фақиҳ Абу Лайс Самарқандий айтадилар: «Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Васийла жаннатдаги энг юксак бир мақомдирки, унга фақат бир киши эришади. Умид қиламанки, ўша киши мен бўламан».

Севикли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўз амрларига мувофиқ ул зотга васийла тилангани учун бу салавот ҳам жуда савоблидир.

«Энг гўзал салавотлар» рисоласидан