Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сиз мендан бирон нарса ҳақида: «Бу ҳақми ёки ботилми?» деб сўрасангиз, мен шахсий фикримдан келиб чиқиб жавоб бермайман. Бу масалада менинг шахсий фикримнинг ҳеч қандай қиймати йўқ!
Уммат шу ўн тўрт аср давомида қайси йўлни эътиборли санаб, унга суянган ва шу йўлда юриб келган? Ана шу йўл ҳақ йўлдир, чунки ҳадисда айтилганидек, бу уммат залолатда жам бўлмайди. Диннинг сақланиб келаётгани ҳам бу уммат юрган йўлнинг тўғри бўлишини тақозо этади. Бизнинг энг афзал уммат эканимиз ҳам ҳақлигимизга далолат қилади. Бу уммат аъзолари бу йўлдан якка-якка эмас, балки якдил бўлиб юрди, турли юртлардаги аксар уламолар барча замонларда шу йўлдан юришга иттифоқ қилиб келишди. Демак, ҳақ йўл фақат шудир.
Демак, юрадиган йўлимиздаги, илмни ўрганиш ва ўргатишдаги асосимиз тарихда бутун умматнинг юрган йўли, ижмоъси ва манҳажи бўлиши керак, чунки бу уммат залолат ва ботил узра жам бўлмайди. Биз айтмоқчи бўлган қоида мана шу эди. Бу борадаги далиллар ҳақида, ижмоънинг ҳужжатлиги ҳақида кўпроқ маълумот олишни истаганлар фиқҳ китобларига мурожаат қилишлари мумкин.
Профессор, шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки Аллоҳнинг ҳузурида унга нима борлигини билишни истаса, ўзида Аллоҳ учун нима борлигига қарасин».
Имом Суютий «Жомеъус соғир»да ривоят қилиб, Дорақутнийга нисбат берганлар.
Шарҳ: Банда ўзини қайси мавқеъга мос кўрса, Аллоҳ таоло ўша мақомга туширади. Банданинг қалбида Аллоҳнинг манзилати, банда қай даража Аллоҳнинг таниши, маърифати, билиши, Уни олий санаши, Уни улуғлаши қадарича бўлади. Шунингдек, банданинг қалбида Аллоҳдан ҳаё қилиши, Ундан қўрқиши, Унинг амрлари ва қайтариқларини қоим қилишдаги ҳурмати, қалбини хотиржам бўлиши, У Зотга жисми билан, руҳи ва қалби билан таслим бўлмоғи, ишларида Унинг муроқабасини ҳис этиши, Унинг зикрини ўзига лозим тутиши, неъматларига эришиш йўлида машаққатларни кўтариши, маишат роҳатини У учун тарк этишида, У ҳақдаги яхши гумони миқдорича бўлади.
Шунингдек, одамларнинг бу ўриндаги даража ва насибалари юқоридагилардан олган насибалари миқдорича бўлиб, бас, уларнинг насибалари улканроқ даража бўлади, унинг акси бўлса акси қадар бўлади.
Имом Муновийнинг «Жомеъус соғийр»га ёзган шарҳи,
«Файзул қодир»дан.