Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446
Янгиликлар

“Ислом энциклопедияси” китоби нашр этилди

4.11.2024   2150   1 min.
“Ислом энциклопедияси” китоби нашр этилди

Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, Бош муфтий Наврўзбай ҳожи Таған ўғли бошчилигида нашр этилган “Ислом энциклопедияси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
 

 “Муфтият” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган мазкур китобнинг тақдимот маросимида ҚМДИ раиси Наврўзбай ҳожи Таған ўғли, тарихчи олимлар, филологлар ва зиёлилар, диний идора ҳузуридаги Оқсоқоллар ва экспертлар кенгаши аъзолари, шунингдек, китобхонлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди, деб хабар беради muftyat.kz.


-  Маълумки, муҳтарам Юртбошимиз Қосим-Жомарт Кемел ўғли шундай деган эди: “Анъанавий исломни халқимиз дунёқарашига кўра улуғлаш жуда муҳим. Унинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш зарур”. “Ислом энциклопедияси” китоби Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг анъанавий динимизнинг илмий-назарий асосларини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳаларидан биридир. Албатта, бунгача ҳам мамлакатда ислом динига оид турли энциклопедиялар нашр этилган. Биз кекса авлодимиз бошлаган хайрли ишларни давом эттирдик, такомиллаштирдик. Диний идора томонидан тайёрланган “Ислом энциклопедияси”нинг ўзига хос жиҳати шундаки, у мамлакатимизда ислом динига бағишланган биринчи кўп жилдли қомус саналади. Ушбу асарнинг 5 жилдини ўқувчиларга тақдим этмоқчимиз. Умид қиламизки, Аллоҳ таолонинг изни билан барча жилдлар тартиб билан нашр қилиниб, китобхонларга етиб боради”, — деди Бош муфтий.

Маросимда Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Бауйржан Омаров, таниқли олимлар Гарифолла Есим, Дихан Камзабекули, Ойгул Исмаковалар ҳам иштирок этиб, қўллаб-қувватладилар ҳамда янги иш қозоқ жамияти учун фойдали бўлишини таъкидладилар.

Айтиш жоизки, “Ислом энциклопедияси” диний арбоблар ва талабалар, олимлар ва кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати 

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ҳар куни айтиладиган зикрлар

26.11.2024   908   2 min.
Ҳар куни айтиладиган зикрлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.

* * *

Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).

* * *

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).

* * *

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти). 

* * *

Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).

Мақолалар