Қозоғистон мусулмонлари диний идораси раиси, Бош муфтий Наврўзбай ҳожи Таған ўғли бошчилигида нашр этилган “Ислом энциклопедияси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди.
“Муфтият” нашриёт-матбаа ижодий уйи томонидан чоп этилган мазкур китобнинг тақдимот маросимида ҚМДИ раиси Наврўзбай ҳожи Таған ўғли, тарихчи олимлар, филологлар ва зиёлилар, диний идора ҳузуридаги Оқсоқоллар ва экспертлар кенгаши аъзолари, шунингдек, китобхонлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди, деб хабар беради muftyat.kz.
- Маълумки, муҳтарам Юртбошимиз Қосим-Жомарт Кемел ўғли шундай деган эди: “Анъанавий исломни халқимиз дунёқарашига кўра улуғлаш жуда муҳим. Унинг илмий-назарий асосларини ишлаб чиқиш зарур”. “Ислом энциклопедияси” китоби Қозоғистон мусулмонлари диний идорасининг анъанавий динимизнинг илмий-назарий асосларини ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли лойиҳаларидан биридир. Албатта, бунгача ҳам мамлакатда ислом динига оид турли энциклопедиялар нашр этилган. Биз кекса авлодимиз бошлаган хайрли ишларни давом эттирдик, такомиллаштирдик. Диний идора томонидан тайёрланган “Ислом энциклопедияси”нинг ўзига хос жиҳати шундаки, у мамлакатимизда ислом динига бағишланган биринчи кўп жилдли қомус саналади. Ушбу асарнинг 5 жилдини ўқувчиларга тақдим этмоқчимиз. Умид қиламизки, Аллоҳ таолонинг изни билан барча жилдлар тартиб билан нашр қилиниб, китобхонларга етиб боради”, — деди Бош муфтий.
Маросимда Қозоғистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Бауйржан Омаров, таниқли олимлар Гарифолла Есим, Дихан Камзабекули, Ойгул Исмаковалар ҳам иштирок этиб, қўллаб-қувватладилар ҳамда янги иш қозоқ жамияти учун фойдали бўлишини таъкидладилар.
Айтиш жоизки, “Ислом энциклопедияси” диний арбоблар ва талабалар, олимлар ва кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ҳасан домла КЕНЖАЕВ,
Урганч шаҳри бош имом-хатиби