Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
11 Май, 2025   |   13 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:35
Қуёш
05:09
Пешин
12:24
Аср
17:22
Шом
19:34
Хуфтон
21:01
Bismillah
11 Май, 2025, 13 Зулқаъда, 1446

Пайғамбарларнинг 4 суннати

04.11.2024   5299   12 min.
Пайғамбарларнинг 4 суннати

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Никоҳ» сўзи луғатда «қўшилиш», «жамланиш», «яқинлашиш» маъноларини англатади.

Шариатда эса: «Никоҳ баҳраланиш эгалигини ҳосил қилувчи боғланишдир».

Аллоҳ таоло Қуръони каримда: «Ораларингиздаги никоҳсизларни ва қулу чўриларингиздан солиҳларини никоҳлаб қўйинг. Агар фақир бўлсалар, Аллоҳ уларни Ўз фазлидан бой қилур. Аллоҳ Восиъ ва Алиймдир» («Нур» сураси, 32‑оят).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида никоҳга тарғиб жуда кучли тарзда келган. Ушбу ҳақиқатни англаб етишимиз учун қуйидаги икки ҳадисни ўрганиб чиқамиз.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:

«Эй ёшлар жамоаси, сиздан ким никоҳга қодир бўлса, уйлансин. Албатта, у кўзни тўсувчи ва фаржни сақловчидир. Ким қодир бўлмаса, рўзани лозим тутсин, бу унинг учун бичилишдир», деганларини эшитдим».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифдаги «никоҳга қодир бўлса», деб таржима қилинган ибора арабчада «боъа» дейилиб, моддий, маънавий ва жисмоний жиҳатдан никоҳга қодирлик маъносини англатади.

Демак, шу маънодаги қудратга эга бўлган ҳар бир мусулмон уйли-жойли, оилали бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Агар никоҳга моддий ёки маънавий жиҳатдан қудрати етмаган, сарф-харажатни кўтара олмайдиган ёки уйланса, умр йўлдошига зулм қилишдан ўзини тўхтата олмайдиган ёшлар бўлса, рўза тутишлари керак. Шу йўл билан улар шаҳватларини босадилар. Чунки рўза туфайли кишининг шаҳвати пасайиб, бошқа жинсдагиларга шаҳват билан қарамайдиган, фаржини зинога ишлатмайдиган ҳолга келади.

Оддий ҳолатларда эса бу икки хавфнинг олдини никоҳ олади. Никоҳдаги киши ўз шаҳватини ҳалол йўл билан қондирганлиги учун, кўзи номаҳрамларга қарашдан тийилган, фаржи ҳаромга юришдан сақланган бўлади.

Бу ҳадиси шариф мўмин‑мусмонларни ёшлик чоғларидан, никоҳга қодир бўлишлари биланоқ, оила қуришга чорламоқда.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Уч кишилик гуруҳ Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаларининг уйларига Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўраб келди. Бас, уларга (бу ҳақда) хабар берилганида худди у(ибодат)ни оз санагандай бўлдилар. Шунда улар:

«Биз қаёқда-ю, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қаёқдалар, у зотнинг ўтгану қолган гуноҳлари мағфират қилинган», дедилар.

Улардан бири:

«Мен абадул абад тунларни намоз ўқиш билан ўтказаман», деди. Бошқаси эса:

«Мен умрбод рўза тутаман, оғзим очиқ юрмайман», деди. Яна бошқа бири:

«Мен аёллардан четда бўламан, абадул абад уйланмайман», деди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг олдиларига келиб:

«Шундай, шундай, деганлар сизларми?! Аммо Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг қўрқувчироғингизман ва Унга энг тақводорингизман. Лекин рўза ҳам тутаман, оғзим очиқ ҳам бўлади. Намоз ҳам ўқийман, ухлайман ҳам, аёлларга уйланаман ҳам. Бас, ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас», дедилар».

Икки шайх ва Насаий ривоят қилганлар.

Бу ҳадиси шарифда уйланиш, оилали бўлиш «ибодат», «тақводорлик» ва «Аллоҳдан қўрқиш» маъноларига зид эмаслиги баён этилмоқда. Уйланиш Аллоҳ таолодан энг қўрқувчи банда бўлган Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ким менинг суннатимдан юз ўгирса, мендан эмас» деганлари имкони бўла туриб никоҳда бўлмаслик, оила қурмаслик мўмин‑мусмон учун мутлақо тўғри келмаслигини аён этади. Уйланмай, оила қурмай юриш мусулмонларга хос иш эмас. Чунки Аллоҳ таоло инсон зотини яратган чоғида эркакни ҳам, аёлни ҳам жинсий рағбат билан яратган. Бу рағбат инсон учун, унинг бахт-саодати учун, инсоният келажаги учун керакли нарсадир. Бўлмаса, Аллоҳ таоло инсонни бундай қилиб яратмас эди.

Ана шу жинсий майлни пок йўл билан қондириш зарур. Бу эса, шаръий никоҳ орқали амалга оширилади. Аксинча бўлса, турли ноқулайликлар, зарарлар келиб чиқади.

Уйланмай, оила қурмай, жинсий майлни қондирмай юриш инсон табиатига зид ва зарарлидир. Ўзини жинсий алоқадан олиб қочган кишилар ўз соғлиқларига зарар етказибгина қолмай, инсон наслининг қирқилишига, дунёнинг хароб бўлишига сабаб бўладилар.

Шунингдек, жинсий майлини пок йўл билан эмас, ҳаром йўл билан қондириб юрганлар ҳам ўзлари ва ўзгалар бошига, бутун инсоният бошига турли бало-офатлар келишига сабаб бўладилар. Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилиб, никоҳда бўлишга, ҳалол-пок йўл билан оила қуришга ҳаракат қилиш керак. Акс ҳолда, у зотнинг йўлларидан бошқа йўлда юрилган ҳисобланади.

Абу Айюб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Тўрт нарса Расулларнинг суннатларидан: ҳаё, хушбўй сепиш, мисвок ва никоҳ», дедилар».

Аҳмад ва Термизий ҳасан санад ила ривоят қилганлар.

Аллоҳ таолонинг Расуллари У Зот яратган бандаларнинг энг сарасидирлар. Улар турли замонларда турли халқлар ичидан танлаб олинган етук инсонлар ҳисобланадилар. Пайғамбарлар Аллоҳнинг инояти ила илоҳий кўрсатмаларни бандаларга етказиб, уларни ҳаётга татбиқ қилишни кўрсатиб берган зотлардир. Уларни турли хато ва гуноҳлардан Аллоҳ таолонинг Ўзи сақлаб турган ва у зотларнинг ҳаётлари умматларига ўрнак бўлган.

Шунинг учун уларнинг суннатларига, хусусан, барчаларига хос бўлган суннатларга амал қилиш ҳар биримиз учун ўта муҳимдир.

Ушбу ҳадиси шарифда Одам алайҳиссаломдан тортиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламгача – барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари бўлган тўрт нарса ҳақида сўз кетмоқда:

1. Ҳаё.

Ҳаё инсонни бошқа жонзотлардан ажратиб турадиган улуғ сифатлардан биридир. Ҳаё инсонга зийнат ҳисобланиб, у пайғамбарларнинг ҳаммаларига хос муштарак сифат бўлган.

Шунинг учун ҳар бир мўмин ҳаёли бўлишга ҳаракат қилмоғи лозим. Бу ўта муҳим сифат ҳақида, Аллоҳ хоҳласа, ахлоқ китобида алоҳида сўз юритамиз.

2. Хушбўй сепиш.

Хушбўйлик кишига завқ беради, очиқ табиатлилик, қувонч келтиради. Хушбўйлик инсон табиатига ижобий таъсир этадиган нарсадир.

Исломда ҳар бир нарсанинг хушбўй бўлишига катта эътибор берилади, қўланса ҳидни йўқотишга ҳаракат қилинади. Чунки бу барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг, жумладан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидир.

3. Сивок.

Сивок, яъни оғизни, тишни тозалаб юриш барча Пайғамбар алайҳиссаломларнинг суннатлари эканини билмоғимиз лозим. Бу иш ҳам ҳар бир соф табиатли инсон учун керакли бўлган ишлардан. Шунинг учун ҳам уни Аллоҳ таолонинг Ўзи Набийларига раво кўрган.

4. Никоҳ.

Аллоҳ таолонинг барча Анбиё алайҳимуссаломларини бирлаштириб турувчи суннатлардан яна бири никоҳдир. Бу иш энг муҳим суннатлардан ҳисобланмаганида Аллоҳ таоло уни ҳамма Пайғамбарларига раво кўрмас эди. Бу эса, ўз навбатида никоҳга алоҳида аҳамият бериш лозимлигини билдиради.

Ҳанафий мазҳабининг энг йирик уламоларидан бўлган Ибн Обидин раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Одам алайҳиссаломдан то қиёматгача ибодат қилиб белгиланган ҳамда охиратда жаннатда ҳам давом этадиган амал иккитадир: иймон ва никоҳ».

Исломда никоҳга тарғиб қилиш билан бирга, ундан бош тортиш қаттиқ қораланади.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Усмон ибн Мазъун бутунлай таркидунё қилмоқчи бўлган эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни наҳий қилдилар. Агар унга бу ишда рухсат берганларида, ўзимизни албатта бичиб ташлар эдик».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмикдош биродарларидир. Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуда ибодатга ажраб чиқиш майли жуда ҳам кучли бўлган. Аввал Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжаи мутоҳҳараларидан у зотнинг ибодатлари ҳақида сўраб, уни оз санаб, кейин таркидунёчиликни ихтиёр қилган уч кишидан бири ҳам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу эдилар. Ушбу ҳадисдаги «бутунлай таркидунё қилиш» маъноси уйланишни ҳам тарк қилиш маъносини ўз ичига олган. Шунинг учун ҳам ровий Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу:

«Агар унга бу ишда рухсат берганларида, ўзимизни албатта бичиб ташлар эдик», – демоқдалар.

Исломда бу иш жоиз бўлмаганлиги учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуга рухсат бермаганлар. Уйланмай юриш мусулмон киши учун яхши эмас. Баъзи динларда ибодатга берилганлар уйланишдан воз кечишлари керак. Ундай ишни қилувчилар «роҳиблар», қилаётган ишлари «роҳиблик» дейилади. Исломда эса роҳиблик йўқ, бизнинг динимизда уйланиш ҳам ибодат саналанади.

Исломда никоҳ кечиктириб бўлмайдиган уч ишдан бири ҳисобланади.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига:

«Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин. Намозни вақти кирганда, жаноза ҳозир бўлганда ва эрсиз аёл тенгини топганда», дедилар».

Аҳмад, Ибн Можа, Термизий ва Ҳоким ривоят қилганлар.

Намоз қанчалик аҳамиятли ибодат эканини, бу улкан ибодатни ортга суриш қанчалик ёмон иш эканини ҳам ҳамма яхши билади. Шунингдек, жанозани кечиктирмасликка қанчалар аҳамият берилиши ҳам ҳеч кимга сир эмас. Никоҳни кечиктирмаслик лозимлигини ўша муҳим ва аҳамиятли икки иш билан бир ҳадисда айтилиши ушбу ишнинг аҳамияти ҳам аввалги иккисидан қолишмаслигини билдиради.

Мусулмонлар қадимдан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг никоҳни кечиктирмаслик даркорлиги ҳақидаги ушбу кўрсатмаларига амал қилиб келганлар. Афсуски, кейинги пайтларда баъзи ҳолатларда турли тушунмовчилик ва сабаблар туфайли бу ишга эътибор йўқолди. Бунинг натижаси ўлароқ, турли муаммолар ҳам келиб чиқа бошлади. Ўзининг Исломга амал қилиши билан фахрланиб юрадиган ўлкалардан бирининг ахборот воситаларида берилаётган маълумотларга қараганда, ўн саккиз миллионлик аҳолининг бир ярим миллионини ўттиз ёшдан ўтган қари қизлар ташкил қилар экан. Ўттиз ёшдан ўтмагани қанча эканини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Ўша жамиятнинг зиёлилари билан бўлган суҳбатдан маълум бўлишича, иш қизларнинг ўзларининг бахтига тўғаноқ бўлаётган оталари устидан қозихоналарга арз қилишга ҳам мажбур бўлишган экан. Чунки оталар қизлари олаётган ойлик маошдан айрилиб қолмаслик учунгина совчиларга рад жавобини беришар экан.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биргина ҳадиси шарифларига амал қилмасликнинг оқибатини кўриб қўйинг. Аслида, вояга етган фарзандларни никоҳлаб, оилали қилиб қўйиш ота‑онанинг ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг бурчидир.

"Бахтиёр оила" китобидан

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Ўзликни англаш, маънавият асосидир

05.05.2025   6194   7 min.
Ўзликни англаш, маънавият асосидир

Жонажон ватанимиз Ўзбекистонда амалга оширилаётган тараққиёт тобора янгидан янги босқичларга қадам қўйишда давом этмоқда. Бу, шубҳасиз, жамият ҳаётининг ҳар бир жабҳасида “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” тамойилига асосланган ўзига хос бир қатор ислоҳотларни амалга оширишда ҳам ўз ифодасини топмоқда. Мамлакатимизда турли динларга эътиқод қилувчи миллат вакиллари ўртасида ўзаро диний бағрикенгликни тарғиб этиш, миллатлараро тотувлик ва ижтимоий барқарорликни таъминлашга қаратилган ислоҳотлар ҳам шулар жумласидандир. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 21 апрел куни эълон қилинган “Фуқароларнинг виждон эркинлиги ҳуқуқи кафолатларини янада мустаҳкамлаш ҳамда диний-маърифий соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПФ 68-сонли Фармонида ҳам айни шу масалалар назарда тутилган. Мазкур фармонда таъкидланишича, жаҳон тамаддунида алоҳида ўрин тутган, умумбашарий тараққиёт омили бўлган илм-фан ва маданият ривожига катта ҳисса қўшган буюк аллома ва мутафаккирларимиз қолдирган улкан илмий-маънавий меросини чуқур ўрганиш, ёш авлод қалбида Ватанга садоқат, миллий-диний қадриятларга ҳурмат туйғуларини тарбиялашда улардан унумли фойдаланиш бу ислоҳотларнинг асосий негизини ташкил этади.

Фармонга асосида Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Бухоро вилояти ҳокимлигининг Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуаси маркази муассислигида Баҳоуддин Нақшбанд илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклифлари маъқулланган ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилган. Жумладан, унда “...буюк аждодимиз Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати алломаларининг юксак инсонпарварлик ғояларини илмий асосда ўрганиш, ёш авлодни бағрикенглик ҳамда ўзаро ҳурмат руҳида тарбиялаш мақсадида тарғибот ишларини олиб бориш” ҳам қайд этиб ўтилган. Албатта, бу вазифани бажариш нафақат олимлар, балки бугун диний соҳада халққа хизмат қилаётган барча ходимлар зиммасига ҳам улкан масъулият юклайди. Зеро, соҳанинг ҳар бир ходими тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини теран англаши, юртимизда яшаб, ижод қилган улуғ алломаларнинг бой илмий-маънавий меросини халққа етказиши, кенг тарғиб қилиши замон талабидир.

Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқати ҳақида сўз кетганда, энг аввало, турли манбаларда бу улуғ аллома ҳақида айтилган фикр-мулоҳазаларга тўхталиб ўтиш ўринлидир. Ана шундай манбалардан бири, сўзсиз, улуғ мутафаккир Алишер Навоий бобомизнинг қатор асарларидир. Шоир ижодида нақшбандийлик тариқати асосий ўрин тутади. Ҳар бир асарининг ғоявий мазмуни, уларда илгари сурилган тасаввуфий қарашлар бевосита унинг Баҳоуддин Нақшбанд ва нақшбандийлик тариқатига катта эътибор берганлигидан дарак беради. “Лисон ут-тайр” достони ҳам бундан мустасно эмас.

Асарнинг “Хожа Баҳоуддин Нақшбанд сўзи фанойи комил мақомида” бобида шоир улуғ алломага шундай таъриф беради:

Хожаи олий сифоти аржманд,
Шаҳ Баҳо ул Ҳақ вад-дин Нақшбанд.

Чун бу иқлим уза бўлди тахтгир,
Тузди йўқлук кишвари узра сарир.

Навоий таъкидлашича, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд олий ахлоқий сифатларга эга зотдир. Чунончи, у зот бу иқлим тахтига ўтиргач, яъни дунёга келган кунидан бошлаб, ўзини йўқлик тахтида кўрди. Демак, Шоҳ Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг энг улуғ инсоний фазилатларидан ўзлигини англаб, худбинликдан кечишдир. Шоир фикрини давом эттирар экан ёзади:

Ўз вужудин пок сайри ҳақшунос,
Ҳар не бирлаким қилур эрди қиёс.

Ондин ўзни кам топар эрди басе,
Сарву гулдин ўйлаким хору хасе.

Ҳақшунос – Аллоҳни таниган аллома ўзини нимага қиёс қилса, ундан паст кўрар, яъни оддий хас сарв билан гулнинг наздида қанчалик кўримсиз бўлса, у зот ҳам ўз вужудини ҳеч қачон бирор нарсадан ортиқ кўрмас ва бутун ҳаёти давомида шундай камтарликка амал қилиб яшаган. Агар инсонлар ўз ҳаётларини инсонпарварлик ва бағрикенглик асосида қурсалар, дунёда рўй бераётган ўзаро низолар, қирғинбарот урушлар, ўткинчи мол-дунё учун қилинаётган пасткашликларга барҳам берилган, инсонлар бир-бири билан тинч-тотув ҳаёт кечирган, она замин бағрида бегуноҳ гўдакларнинг қонлари дарё бўлиб оқмаган бўлар эди. Аммо афсуски, бугун дунёнинг турли мамлакатларида бундай мислсиз фожиаларнинг гувоҳи бўлиб турибмиз.

Тасаввуф аҳли орасида Баҳоуддин Нақшбандий ҳазратларининг: “Мусибатлар жуда кўпдир. Фақат энг буюк мусибат эса вақтнинг фойдасиз, бекорга кетишидир”, – деган панду насиҳати машҳурдир. Шунга кўра ҳикоятда нақшбандийликнинг яна бир тамойили бозгаштга ҳам тўхталиб ўтилади. Унга кўра ўзининг ҳар бир нафасини назорат қилган ориф унинг бирор лаҳзаси, ҳаттоки, нафас олиш ва чиқаришнинг орасидаги онлардан бири ҳам, ғафлат билан беҳуда ўтган бўлса бозгашт қилиши, яъни ғафлатда кечган ҳар бир ишини қайтадан бажариши лозимлигини таъкидлайди.

Зеро, аҳли Ҳақ – Аллоҳнинг ошиқлари шу тариқа ўз вужудини инкор этиб, шу сабаб билан будини – борлигини набуд – йўқликка алмаштирадики, шоир бу ўринда китобхонларни нақшбандийликнинг яна бир рашҳаси “вуқуфи қалбий” – “қалбдан огоҳ бўлиш”га қаратади. Бу раҳшага кўра солик ҳамиша ўз қалбидан огоҳ бўлиши, унда кечаётган ҳар бир ўй-фикрларни тартибга солиб, ҳатто хаёлан бўлса-да, кибру ҳавога, манманликка йўл қўймаслиги керак.

Алишер Навоий Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари умрларининг охиригача ўзларида мужассам бўлган фазилатларни тарк этмаганлиги ва шу тариқа фано бўлганликларини айтиб, шундай якунлайди:

Бўйла ошом эттилар жоми фано,
Қолмоғондин сўнг асар ўздин яно.

Ҳақ вужудидин бақое топмайин,
Жоми ваҳдатда лиқое топмайин,

Чун фано хайлига дохил бўлдилар,
Боқийи мутлаққа восил бўлдилар.

Шоир таъкидлашича, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари ўзлигидан, яъни “мен”ликнинг кибру ҳаволаридан кечган ҳолатда вафот этдилар. У кишининг назарида Ҳақ вужудидан бошқа боқий бўлмади, ўзининг Ҳақ наздида ҳечлигини англаб етди ва фано хайли – аҳлига қўшилиб, боқийи мутлақ – Аллоҳ висолига эришди.

Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” достонидан олинган ҳикоятлар гарчи ҳажман кичик бўлса ҳам, Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратлари таълимотининг энг асосий тамойилларини ўзида акс эттирганлиги билан қадрлидир. Ўйлаймизки, муштарийлар бу асар таҳлилини Президентимиз фармонларида айтилган “тасаввуф таълимоти тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш, “Етти пир” алломалари ва азиз авлиёларнинг бой илмий-маънавий меросини халқаро майдонда кенг тарғиб қилиш” йўлидаги арзимас уринишларимиздан бири сифатида қабул қиладилар ва йўл қўйган нуқсон-хатоларимизни кечирадилар. Албатта, умид қиламизки, бу борада янада теранроқ қарашлар билан бойитилган мақолалар билан бизни хурсанд этадилар.

Алишер домла Наимов,
Фарғона вилояти бош имом-хатиби ўринбосари

 

МАҚОЛА