Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг тенглик ҳақидаги фикрлари

4.11.2024   1969   3 min.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг тенглик ҳақидаги фикрлари

Cавол: Ҳазрати Умарнинг: “Менда жоҳилиятдан бирор нарса қолмади. Фақатгина мусулмонлардан қайси аёлга уйланишим ва кимга қиз беришимга парво қилмайман”, деган гапларини қандай тушунамиз?

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Муҳаммад ибн Сийриндан, у эса буюк саҳоба Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан нақл қилган саволда зикр қилинган ривоятни тўлиқ шакли қуйидагича:  

عَنْ مُحَمَّدِ بْنِ سِيرِينَ ، قَالَ : قَالَ عُمَرُ بْنُ الْخَطَّابِ : مَا بَقِيَ فِي شَيْءٍ مِنْ أَخْلاَقِ الْجَاهِلِيَّةِ ، إلاَّ أَنِّي لاَ أُبَالِي إلى أَيَّ الْمُسْلِمِينَ نَكَحْت وَأَيَّهُمْ أَنْكَحْت.

“Менда жоҳилият ахлоқидан бирор нарса қолмади. Фақатгина қайси муслима аёлга уйланишим ва қайси мусулмонга қизимни никоҳлаб беришимга парво қилмайман” (Ибн Абу Шайба “Мусаннаф”да, Ибн Саъд “Табақот”да ривоят қилишган).

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу гапларида никоҳдаги тенглик ҳақида сўз юритилмоқда. Шунинг учун ҳам муҳаддислар  ушбу ривоятни “Кафоат боби – никоҳдаги ўзаро тенглик” мавзусида келтиришган. Яъни, мусулмонларнинг барчалари никоҳда, ўзаро қуда-андачиликда бир-бирларига тенгдирлар. Улар наслу насабга қараб одамларни ажратишлари ва бу борада ҳаддан ошишлари тўғри эмасдир. Шунинг учун "мен кимнинг қизига уйланишим ва кимга қизимни никоҳлаб беришимнинг аҳамияти йўқ. Бунда фақатгина унинг мусулмон бўлиши кифоя”, дейилмоқда.

Дарҳақиқат, жоҳилият даврида одамларга наслу насабига қараб муомала қилиш, насли пастроқ кишиларни одам ўрнида кўрмаслик авж олган эди. Ислом дини келиб, бу тушунчалар мутлақо нотўғри эканини, одамлар аслида бир мартабада эканларини, фақатгина тақволари билан бир-бирларидан ортиқ эканларини баён қилди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом саҳобаларига қарата бундай мурожаат қилганлар: 

"إن الله قد أذهب عنكم عُـبـِّية الجاهلية وتعاظمها بآبائها ، الناس رجلان : بَـرٌّ تقي كريم على الله عز وجل ، وفاجر شقي هيِّن على الله عز وجل ، الناس كلهم بنو آدم ، وخلق الله آدم من تراب" (رواه الترمذي).

“Аллоҳ сизлардан жоҳилият давридаги ота-бобоси билан фахрланиш ва кибрланиш одатини кетказди. Одамлар икки тоифадирлар: Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадр топган – солиҳ ва тақволи киши ҳамда Аллоҳ таолонинг ҳузурида қадрсиз – фожир ва бахтсиз киши. Одамларнинг барчаси Одамнинг фарзандларидир. Одамни эса, Аллоҳ таоло тупроқдан яратган”, деганлар (Имом Термизий ривояти).

Шундан келиб чиқиб, ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ҳам никоҳда мусулмонлар ўзаро тенг экани ва наслу насабга кўра одам ажратиш нотўғри эканини айтмоқдалар. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Абдулбосит қори Қобулов қироат бўйича Ал-Азҳар шайхидан ижоза олди

26.11.2024   942   1 min.
Абдулбосит қори Қобулов қироат бўйича Ал-Азҳар шайхидан ижоза олди

Тошкент ислом институти "Қуръон илмлари" кафедраси ўқитувчиси Абдулбосит қори Қобулов Имом Ҳафснинг Имом Осимдан қилган ривояти Тоййиба йўли орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган санади билан ижоза олди.

Абдулбосит қори Қуръони каримни юқоридаги тариқага кўра қироат қилиб, Шайх Иброҳим Муҳаммад ҳузурида хатм қилди.
 
Шу муносабати билан ТИИ "Қуръон илмлари" кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ва 10 та қироат бўйича ижоза соҳиби, Ал-Азҳар шайхи, кафедра устози Иброҳим Муҳаммад билан биргаликда Абдулбосит қори Қобуловга ижоза шаҳодатномасини топширди.

t.me/oliymahad

Абдулбосит қори Қобулов қироат бўйича Ал-Азҳар шайхидан ижоза олди Абдулбосит қори Қобулов қироат бўйича Ал-Азҳар шайхидан ижоза олди