Cавол: Қиёмат аломатлари ҳакида маълумот берсангиз.
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Қиёмат куни қачон бўлиши Аллоҳ таоло яширган сирдир. Лекин унинг аломатлари ҳақида ояти карима ва ҳадиси шарифларда бизга бир қанча маълумотлар етиб келган. Қиёмат аломатлари – қиёмат яқинлашганда содир бўладиган воқеа-ҳодисалардир.
Қиёмат аломатларининг ҳаммаси юзага чиқиб бўлса Аллоҳнинг иродаси билан бу дунё ниҳояси етади ва қиёмат қоим бўлади. Ўшанда бутун борлиқда ҳаёт тугайди. Борлиқнинг ҳозирги низоми тамомила бузилади. Ҳамма нарса остин-устин бўлиб кетади. Ана ўша қиёмат қоим бўлганидир.
Кўплаб ҳадиси шарифларда қиёматдан олдин содир бўладиган катта ва кичик ҳодисалар ҳақида сўз юритилган. Жумладан, Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда бундай дейилади: “Бир куни суҳбатлашиб турсак, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам кириб келдилар ва: “Нима ҳақда суҳбатлашиб турибсиз?”, дедилар. “Қиёматни эслаб турибмиз”, дейишди. У зот: “Ўнта аломатни кўрмагунингизча қиёмат бўлмайди”, деб: Тутун (ўраб келиши), Дажжолнинг чиқиши, одамларга гапирадиган ҳайвоннинг чиқиши, Қуёшнинг мағриб (ботадиган жойи)дан чиқиши, Исо (алайҳиссалом)нинг ерга тушиши, Яъжуж-Маъжужнинг чиқиши, учта ер ютиши: машриқ, мағриб ва Арабистон ярим оролидаги ер ютишларини, Ямандан одамларни махшаргоҳга тўплайдиган оловнинг чиқишини эслаб ўтдилар” (Имом Муслим, Имом Термизий ва Имом Абу Довуд ривоят қилган).
Баъзи қиёмат аломатлари ақида китобларимиздан ҳам жой олган ва мусулмон киши имон келтириши лозимлиги таъкидланади. Масалан, “Ақоиди Таҳовия” китобида бу борада бундай дейилади:
وَنُؤْمِنُ بِأَشْرَاطِ السَّاعَةِ: مِنْ خُرُوجِ الدَّجَّالِ، وَنُزُولِ عِيسَى ابْنِ مَرْيَمَ عَلَيْهِ السَّلَامُ مِنَ السَّمَاءِ، وَنُؤْمِنُ بِطُلُوعِ الشَّمْسِ مِنْ مَغْرِبِهَا، وَخُرُوجِ دَابَّةِ الْأَرْضِ مِنْ مَوْضِعِهَا.
“Қиёмат аломатларига: Дажжолнинг чиқиши, Исо ибн Марям алайҳиссаломнинг осмондан тушиши, Қуёшнинг мағриб (ботадиган жойи)дан чиқиши, ер ҳайвонининг чиқишига имон келтирамиз”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.
Давлатимиз раҳбари томонидан бошланган “Яшил белбоғ” барпо этиш лойиҳаси юртимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилиб, майдонларда дарахт ва бута кўчатлари экилмоқда.
Бугун эрта тонгдан Самарқанд вилоят вакиллиги ташаббуси билан Ургут туманидаги “Хўжа Убайдулло” жоме масжиди ҳудудининг 50 сотох майдонда вилоятимиздаги барча туман ва шаҳар бош имом-хатиблари ва тумандаги имом-хатиблар, нуронийлар, фаоллар ва ёшлар жам бўлишиб, “Яшил” белбоғ яратиш мақсадида мевали дарахт кўчатлари экиш тадбири бўлиб ўтди.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради.
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кириш баробарида у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмай, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келганча ҳаракат қилайлик!
Sammuslim.uz