Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мория Қибтийя онамиздан Иброҳим исмли ўғил кўрдилар. Чақалоқ туғилгач, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам севиниб, «Бугун кечаси фарзандлик бўлдим. Унга бобокалоним Иброҳим алайҳиссаломнинг исмларини қўйдим!» дедилар. Бироз вақт ўтгач, Иброҳимни эмизиш учун Ҳавла бинт Мунзир розияллоҳу анҳога беришди. Арабларнинг одатига кўра, гўдак икки йил, яъни кўкракдан ажрагунича эмизган онасининг уйида яшар эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўғиллари Иброҳимни Ҳавла розияллоҳу анҳонинг уйида қолдирдилар. Ҳавла розияллоҳу анҳо темирчи Абу Сайф, яъни Баро ибн Авс ал-Ансорийнинг аёли эди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалари билан бирга Ҳавланинг уйига тез-тез бориб, ўғилларини кўриб келар эдилар.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Бир куни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Абу Сайфнинг уйига кирдик. Одатдагидек, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимни қўлларига олиб, ҳидладилар, ўпдилар. Аммо орадан кўп ўтмай, Иброҳимга дардга чалинди. Бир куни келсак, Иброҳим жон бераётган экан. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларидан ёш оқа бошлади. Абдурраҳмон ибн Авф у зотга: «Ўлганга йиғлаяпсизми, Аллоҳнинг Расули?» деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу раҳмат-шафқат йиғиси, Ибн Авф» деб, йиғлаб юбордилар. Сўнг: «Кўз ёш тўкади, қалб маҳзун бўлади, лекин Роббимизни рози қиладиган сўзларнигина айтамиз. Фироқингдан жуда маҳзунмиз, Иброҳим!» дедилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳимдан айрилганларига қаттиқ маҳзун бўлдилар, фарзанд доғида қалблари ўртаниб, йиғладилар. Қалб маҳзун бўлади, кўз ёш тўкади. Аммо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қалблари сиқилиб, оғир мусибатдан маҳзун бўлиб турсалар-да, бундай пайтларда одамнинг тилидан чиқиб кетиши мумкин бўлган ёмон сўзларни айтиб юборишдан огоҳлантирдилар: «Қалб маҳзун бўлади, аммо фақат Роббимиз рози бўладиган сўзни айтамиз, холос!».
Қайғу пайтларида айтадиган сўзимиз фақатгина Аллоҳга мақтов, Аллоҳга қайтишни эслаш, Роббимизни рози қиладиган дуолар қилиш бўлиши керак. Роббимизни ғазаблантирадиган сўзларни зинҳор айтмаймиз, чунки мусулмон одам мусибат пайтида ҳам фақат Роббининг розилигини ўйлайди, фақат Роббини рози қиладиган ишларни қилади.
Энди мана шу саволга жавоб беринг:
Маҳзун бўлганингизда қандай сўзларни айтасиз? Аллоҳ рози бўладиган сўзларними? Ёки оғзингиздан чиқадиган сўзларга эътибор бермайсизми?
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Давлатимиз раҳбари томонидан бошланган “Яшил белбоғ” барпо этиш лойиҳаси юртимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилиб, майдонларда дарахт ва бута кўчатлари экилмоқда.
Бугун эрта тонгдан Самарқанд вилоят вакиллиги ташаббуси билан Ургут туманидаги “Хўжа Убайдулло” жоме масжиди ҳудудининг 50 сотох майдонда вилоятимиздаги барча туман ва шаҳар бош имом-хатиблари ва тумандаги имом-хатиблар, нуронийлар, фаоллар ва ёшлар жам бўлишиб, “Яшил” белбоғ яратиш мақсадида мевали дарахт кўчатлари экиш тадбири бўлиб ўтди.
Анас ибн Молик розийаллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар бир муслим банда кўчат ўтказса ёки экин экса, ундан қушми, инсонми ёки ҳайвонми еса бунинг учун унга садақа (қилганлик савоби) бўлади” (Имом Муслим ривояти).
Бу ҳадис кўчат экиш, деҳқончилик қилиш фазилати ва аҳамияти нечоғлик улуғ эканига далолат қилади ва кўчат экувчиларнинг Аллоҳ даргоҳида эришадиган ажр-савоблардан хабар беради.
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига кириш баробарида у киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилгандан сўнг ҳам ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмай, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келганча ҳаракат қилайлик!
Sammuslim.uz