Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шаҳодат ортиқ гапирмади. Бу вазиятда на гапирган ғолиб ва на жим турган. Чунки айтилмаса ҳам, эслатилмаса ҳам маълум ҳолатлар бор. 15 йиллик оила учун йўқчилик янгилик эмас. Рўзғорга у керак, бу кам. Энди бутладинг, десанг маиший тўловлар мўралаб туради. Аранг қутилдим десанг, кимдир касал бўлиб, дори-дармон ойликнинг шўрини қуритади. Мактабга пул, боғчага тўловни кечиктирмай етказилади. Мабодо, кимдир туғилиб, яна кимдир тўй қилса, ўша ой рўза тутишга тўғри келиб қолади. Кундалик бензинни умуман истисно қилиб бўлмайди. Нон ейишмаса ҳам, машинани оч қолдириш “гуноҳ”! Машинасиз киракашлик касод бўлади. Оиланинг асосий таъминот жабҳаси шикастланади. Шаҳодатнинг сиртқи ўқишининг контракти мутлақо оила харажатларига киритилмаган. Уни тўлаш тугул, ўйлаш одамни азоблайди-ку… Хуллас, бировдан олдин-бировдан кейин.
Шукр-ки, Шаҳодат Худо тавфиқ ва фаросат билан сийлаган аёллардан. Борига шукр, камига сабр қилади. Эртасига бир тишлам нони қолмаса ҳам, дуо ва таваккулни хаёлан қозонга солиб, эринмай қайнатади. Шира тортиб кетгунча қайнатади-да, намаги учун икки қатра кўз ёшни ҳам канда қилмайди. Бу “мазали таом” таъмини бойлар, ўзига тўқлар қидириб топа олмайдилар. Бунақа кўз ёшлар ва дуоларга қоришган “хаёлий таомлар”ни синиқ қалб соҳиблари қойиллатадилар-да!
Одатий кунлардан бири эди. Шаҳодат ҳамёнига қаради. 50 минг сўм пули қолибди. Ойликкача ҳали анча бор. Қарзларига берай деса, урвоқ ҳам бўлмайди. Қачондан бери кўнглидан бир гап ўтади: “Мана, неча йилдан бери бўлак яшаймиз. Ўзингдан орттириб, бировга эҳсон қилишга қурбинг етмайди. Лекин эҳсон қилиш учун бой бўлиш шарт эмас-ку, тўғрими? Озгина нарса ҳам катта ажр олиб келиши мумкин. Қулоғимга чалинганди, яқин кунларда қайнота отажоним қозон кабобми, тўй ошими, нимадир тансиқ таом истаб тургандилар-да… Шу бор 50 минг сўмимни ўғилларига берсам, бирор яхши таом олиб борсалар-у, шу жума адажонни дуоларини олсак. Рўзғор бу 50 билан на камайиб, на кўпайиб қолмайди. Дуо тагида қолармидик…”. Каллага яхши фикр келганда иккиланмай, отни қамчилади-да, ишга кетишаётганда турмуш ўртоғига ўша охирги 50 мингни чиқариб, “кичик эҳсонча” қилишини илтимос қилди. Бурҳон, севинди оқила аёлидан. Ҳам куюнди қўли калталигидан. Ҳа, майли, шунисига ҳам шукр, кўп шукр.
Шаҳодат ўша 50 мингни берганидан бирам севинди, бирам осмонларда учди-е. Худди осмон ҳам кулиб, дов-дарахтлар қарсак чалгандай бўлди. Ахир ўзи муҳтож, эҳсон олишга энг ҳақли бўлганинг бир ҳолатда, эҳсон қила олиш нақадар бахт! Яна ота-онангга-я.
Бу кўтаринкилик Шаҳодатнинг ишида ҳам давом этди. Компьютерида ҳисоб-китобини зоҳиран хотиржам кўриниб бажарса-да, руҳи танасига сиғмай яйраб кетарди.
Хонаси эшиги тақиллади. Уни сўрашди. Дарров ишлаётган ҳисоботини сақлаб қўйди-да, ташқарига чиқди. Бошқа бўлимдаги ҳамкасби экан. Уни кўриб яна хурсанд бўлди. Ораларида самимий дўстлик, бирдамлик бор. Жума куни тўғри уни келиб йўқлаб турибди. Ҳамкасби Шаҳодатни ортиқча вақтини олмади. Қўлини унинг қўлларига қўйди ва буклади. Очма ва қайтарма дегани бу. “Илтимос, буни олинг. Ёки сизга, ё бўлмаса бошқа қизга беришим керак эди. Аллоҳ мени тўғри хонангизга бошлади. Сизга келавердим. Бу сизга бериб юборилган эҳсон. Биласиз, контрактингиз бор. Шуни тўлаш учун, иншааллоҳ етади”, деди-да, тезда ўз бўлими томон юриб кетди. Шаҳодат тўсатдан содир бўлган бу ишдан раҳмат, дейишга ҳам улгурмади. Букланган қўлларини очди: 500 $ экан. Ҳақиқатда контракти учун шунча пул керак эди. Тўлаш учун нима қилишини, кимдан қарз олишини билмай гирён юрган эди. Ажабо, буниси қизиқ бўлди-ку. Эрталабдан охирги 50 мингини эҳсон қилувди. Кўп вақт ўтиб улгурмасидан, ўзига юз баробар бўлиб қайтиб турибди-я! “Ё, Робб, шукр, кўп шукр. Эҳсонга илҳомлантирганинг учун. Бизни ҳам, уларни ҳам, етказувчини ҳам. Сен шундай Зотсан-ки, яхшилик ва карамда ҳеч кимни ўзингдан ўздирмайсан. Мен раҳматинг қаршисида маст, қудратинг олдида лолман”, дея икки яноғи ҳўл бўлди. Ич-ичидан берганни ҳам, етказганни ҳам дуо қилди. Уларни ота-оналарини алоҳида эслади…
Бундай воқеалар ҳаётимизда ҳар қадамда учраб туради. Қаҳрамонларни эҳтимол сиз ҳам танирсиз. Гоҳо олувчи, гоҳо берувчи, гоҳо курьер қиёфасида намоён бўласиз. Беринг, кам деб ҳисобламанг. Беролмасангиз берувчиларни йўллаб қўйинг. Сиз билган муҳтожларни улар билмаслиги мумкин. Аллоҳ таоло наздида эҳсонни катта-кичиги бўлмайди. Ахир 50 мингни танлармидингиз ёки 500 $ !?
ТИИ “Ҳадис ва Ислом тарихи фанлари” кафедраси
катта ўқитувчиси Н.Саидакбарова
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ушбу мақолада аҳли суннанинг манҳажи ва йўлини баён қиламиз. Бу нима ўзи? Аҳли суннани бошқа тоифалардан ажратиб турадиган энг ёрқин жиҳат шуки, Аҳли сунна ёлғиз шахсга эргашмайди.
«Қандай қилиб? Ахир Аҳли сунна Абу Ҳанифага, Шофеъийга, имом Моликка, имом Аҳмадга тақлид қилади-ку! Уларга тақлид қилиш шахсга эргашиш эмасми?» дейишади. Ҳа. Айнан мана шу Аҳли суннани бошқалардан ажратиб турадиган фарқдир. Яна қайтараман: Аҳли сунна шахсга тақлид қилмайди, шахсга эргашмайди. Балки илмга тақлид қилади, яъни эргашади.
Унда имом Молик, имом Шофеъий ва имом Аҳмадлар-чи? Қуйидаги саволни ва унинг жавобини кўп такрорлайман:
Абу Ҳанифа ҳанафий мазҳабига мансубми?
Ёки ҳанафий мазҳаби Абу Ҳанифага мансубми?
Имом Молик моликий мазҳабига мансубми?
Ёки моликий мазҳаби имом Моликка мансубми?
Содда ва қисқа қилиб: «Моликий мазҳабидагилар имом Моликка, ҳанафий мазҳабидагилар Абу Ҳанифага мансуб», дейилади. Лекин бу жавоб хатодир. Тўғри жавоб шундай: Абу Ҳанифа ҳанафийликка мансубдир, имом Молик моликийликка мансубдир, яъни моликий мазҳаби аслида имом Моликдан олдин ҳам бор эди. Ҳанафий мазҳаби воқеликда Абу Ҳанифадан олдин ҳам бўлган.
Шу маънода баъзи биродарларимдан: «Тўрт мазҳабдан олдин кимлар бўлган?» деб сўрайман. Улар: «Тобеъинлар, саҳобалар бўлишган», дейишади. Йўқ. Улардан, яъни тўрт мазҳабдан олдин кофирлар бор эди. «Қандай қилиб тўрт мазҳабдан олдин кофирлар бўлади?» дейишади, чунки бу тўрт мазҳаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган. Набий алайҳиссаломдан олдингилар эса кофир бўлган, чунки ҳанафий мазҳаби Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган.
Тўртинчи ёки бешинчи бўлиб Исломга кирган Ибн Масъуд Кўфага борди. Бир неча йил ўтиб, у ерга Алий розияллоҳу анҳу борди. Сўнг етмишта бадрий (бадр жангида қатнашган) саҳоба, сўнг бир ярим минг саҳоба борди. Ана шулар ҳанафий мазҳабига асос солишди. Сизлар ҳозир ўрганаётган масалалар Ибн Масъуднинг масалаларидир.
Масалан, нима учун биз рукуъдан тураётиб қўлимизни кўтармаймиз? Чунки Ибн Масъуд кўтармаган.
Нега намозда «басмала»ни жаҳрий айтмаймиз? Чунки Ибн Масъуд жаҳрий айтмаган.
Нега икки намозни жамламаймиз? Чунки Ибн Масъуд жамламаган.
Нега «омин»ни баланд овоз билан айтмаймиз? Чунки Ибн Масъуд баланд овозда айтмаган.
Сиз ҳозир ўрганаётган масалаларнинг деярли барчаси Ибн Масъудга тегишли.
Булар эса Абу Ҳанифа туғилишидан олдин ҳам бор эди. Ҳанафий мазҳабидаги ҳамма масалалар аввало Ибн Масъудга, кейин ҳазрати Алийга, кейин Кўфадаги бошқа саҳобаларга бориб тақалади. Умуман, бу мазҳабнинг асоси, фатволари ва вужудга келиши имом Аъзамдан анча илгари бошланган. Аниқроғи, динимиз нозил бўлиши билан бошланган.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан