Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Болалар ўсимликка ўхшайди

5.11.2024   1809   2 min.
Болалар ўсимликка ўхшайди

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қишлоқда икки қўшни ёнма ён яшар эди. Бири нафақадаги ўқитувчи, иккинчиси эса тадбиркор бўлиб, технологияга қизиқиши бор эди.
Иккаласи ҳам боғида турли ўсимликлар экишар эди. Нафақадаги ўқитувчи ўсимликларига озгина сув бериб, унчалик эътибор қилмасди. Тадбиркор эса, ўсимликларига кўп сув бериб, уларни яхшилаб парвариш қиларди.
Ўқитувчининг ўсимликлари оддий эди, аммо яхши кўринарди. Тадбиркорнинг ўсимликлари эса янада гўзал, кўм-кўк ва сертароват эди.

Бир кеча кучли бўрон келди, ёғингарчилик ва кучли шамол эсди. Эрталаб барча одамлар боғларига чиқиб, бўрон келтирган зарарларни кўришга чиқишди.
Албатта, нафақадаги ўқитувчи ва тадбиркор ҳам боғларига чиқиб, қандай зарар етганини кўришди.
Тадбиркор ўз ўсимликларини кўриб, уларнинг тўкилиб, бутунлай вайрон бўлганини кўрди. Нафақадаги ўқитувчининг эса ўсимликлари ҳеч қандай зарар кўрмаган эди ва жойида маҳкам турарди!
Тадбиркор ҳайратланиб, нафақадаги ўқитувчининг ёнига бориб сўради: "Иккимиз ҳам бир хил ўсимликларни бир вақтда ва бир жойга экканмиз, мен уларни сиздан кўра яхшироқ парвариш қилганим учун ўсимликларим сизникидан кўра кўпроқ кўм-кўк ва чиройли эди. Аммо бўрондан кейин ўсимликларим бутунлай вайрон бўлганини кўрдим, сизнинг ўсимликларингиз эса жойида маҳкам турибди. Мен уларни сиздан кўра яхши парвариш қилган бўлсам-да, нега бундай бўлди?".
 

Нафақадаги ўқитувчи кулиб бундай деди: "Сиз ўсимликларингизга керагидан ортиқ эътибор ва сув бердингиз, уларга керагидан ортиқ ғамхўрлик қилдингиз. Бу уларнинг ҳаётини енгиллаштирди.
Мен эса ўсимликларимга уларга керак бўлган сувдан бироз камроқ бердим, шу сабабли улар сув топиш учун ўз илдизларини ерга чуқур киргизишга мажбур бўлди. Шунинг учун ўсимликларимнинг илдизлари янада чуқур, узун ва мустаҳкам бўлди. Шундай қилиб, ўсимликларим маҳкам тура олди, сизнинг кўп эътиборингизни кўрган ўсимликларингиз эса барбод бўлди".

Бу ҳикоядан болалар тарбиясига оид хулосалар олиш мумкин. Болалар ўсимликларга ўхшайди. Агар уларга барча нарсалар тайёр ҳолда берилса, улар қийматини тушунмайди, зарур нарсаларни ўзи ҳаракат қилиб топишни ўрганмайди, бошқаларга боғланиб қолади, ҳаётнинг оғирликлари билан рўбарў бўлишни билмайди.
Шундай экан, баъзан уларга ҳамма нарсани тайёр ҳолда бермаслик, балки кўрсатма бериш яхшироқдир. Уларга юришни ўргатинг, аммо улар ўзлари юришга қодир бўлганида кўтариб юрманг.
Ҳа, уларни ўз ҳолича қўйиб қўйманг, балки уларга тўғри йўлни кўрсатинг ва изингиздан эргашишларига имконият беринг.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қорин очлиги

25.11.2024   465   1 min.
Қорин очлиги

Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.

Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.

Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.

Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).

Акбаршоҳ РАСУЛОВ

Ибратли ҳикоялар