Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз” (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Эй мўминлар, Аллоҳ таоло сизга ошнолик ва бирдамликни инъом этганини эсланг. Зеро, Исломни қабул қилишингиздан олдин бир-бирингизга душман эдингиз. Аллоҳ таоло Ислом орқали қалбингизни бирлаштириб, ўзаро биродар қилди. Шундай экан, биродарингизга нисбатан қалбингизда асло гина, кин-адоват ва нафрат сақламанг!
Имом Саъдий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ қалбингизни Ислом сабабли бирлаштирди ва шу боис ўзаро биродар бўлиб, раҳм-шафқатли ҳамда бир-бирингизга ёрдам бердингиз” (“Тафсири Саъдий”).
Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳамда уларнинг қалбларини бирлаштирган Зотдир. Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб ва ҳикматли Зотдир” (Анфол сураси, 63-оят).
Ҳунайн ғазотидаги ғалабадан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маккаликларга уларнинг қалбларини Исломга янада ошно қилиш мақсадида ўлжаларни орттириб бердилар. Бунга баъзи ансорийлар норози бўлиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшга беряптилар, бизни эса тарк қиляптилар”, дейишди.
Бу гап Набий алайҳиссаломга етди. Шунда ансорларни тўплаб: “Эй ансорлар жамоаси, залолатда эдингиз, Аллоҳ таоло сизни мен сабабли ҳидояга бошламадими? Тарқоқ эдингиз, Аллоҳ сизни мен сабабли оға-ини қилмадими? Фақир эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни бадавлат қилмадими?”.
Ансорлар у зот алайҳиссаломнинг ҳар бир саволларига: “Ҳа, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир”, деб жавоб беришарди.
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.
Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...
Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.
– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?
– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?
– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.
Онам бирпас ўйлаб туриб:
– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.
– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.
– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....
Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.
Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.
Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!
Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон