Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ушбу мақолада аҳли суннанинг манҳажи ва йўлини баён қиламиз. Бу нима ўзи? Аҳли суннани бошқа тоифалардан ажратиб турадиган энг ёрқин жиҳат шуки, Аҳли сунна ёлғиз шахсга эргашмайди.
«Қандай қилиб? Ахир Аҳли сунна Абу Ҳанифага, Шофеъийга, имом Моликка, имом Аҳмадга тақлид қилади-ку! Уларга тақлид қилиш шахсга эргашиш эмасми?» дейишади. Ҳа. Айнан мана шу Аҳли суннани бошқалардан ажратиб турадиган фарқдир. Яна қайтараман: Аҳли сунна шахсга тақлид қилмайди, шахсга эргашмайди. Балки илмга тақлид қилади, яъни эргашади.
Унда имом Молик, имом Шофеъий ва имом Аҳмадлар-чи? Қуйидаги саволни ва унинг жавобини кўп такрорлайман:
Абу Ҳанифа ҳанафий мазҳабига мансубми?
Ёки ҳанафий мазҳаби Абу Ҳанифага мансубми?
Имом Молик моликий мазҳабига мансубми?
Ёки моликий мазҳаби имом Моликка мансубми?
Содда ва қисқа қилиб: «Моликий мазҳабидагилар имом Моликка, ҳанафий мазҳабидагилар Абу Ҳанифага мансуб», дейилади. Лекин бу жавоб хатодир. Тўғри жавоб шундай: Абу Ҳанифа ҳанафийликка мансубдир, имом Молик моликийликка мансубдир, яъни моликий мазҳаби аслида имом Моликдан олдин ҳам бор эди. Ҳанафий мазҳаби воқеликда Абу Ҳанифадан олдин ҳам бўлган.
Шу маънода баъзи биродарларимдан: «Тўрт мазҳабдан олдин кимлар бўлган?» деб сўрайман. Улар: «Тобеъинлар, саҳобалар бўлишган», дейишади. Йўқ. Улардан, яъни тўрт мазҳабдан олдин кофирлар бор эди. «Қандай қилиб тўрт мазҳабдан олдин кофирлар бўлади?» дейишади, чунки бу тўрт мазҳаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган. Набий алайҳиссаломдан олдингилар эса кофир бўлган, чунки ҳанафий мазҳаби Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган.
Тўртинчи ёки бешинчи бўлиб Исломга кирган Ибн Масъуд Кўфага борди. Бир неча йил ўтиб, у ерга Алий розияллоҳу анҳу борди. Сўнг етмишта бадрий (бадр жангида қатнашган) саҳоба, сўнг бир ярим минг саҳоба борди. Ана шулар ҳанафий мазҳабига асос солишди. Сизлар ҳозир ўрганаётган масалалар Ибн Масъуднинг масалаларидир.
Масалан, нима учун биз рукуъдан тураётиб қўлимизни кўтармаймиз? Чунки Ибн Масъуд кўтармаган.
Нега намозда «басмала»ни жаҳрий айтмаймиз? Чунки Ибн Масъуд жаҳрий айтмаган.
Нега икки намозни жамламаймиз? Чунки Ибн Масъуд жамламаган.
Нега «омин»ни баланд овоз билан айтмаймиз? Чунки Ибн Масъуд баланд овозда айтмаган.
Сиз ҳозир ўрганаётган масалаларнинг деярли барчаси Ибн Масъудга тегишли.
Булар эса Абу Ҳанифа туғилишидан олдин ҳам бор эди. Ҳанафий мазҳабидаги ҳамма масалалар аввало Ибн Масъудга, кейин ҳазрати Алийга, кейин Кўфадаги бошқа саҳобаларга бориб тақалади. Умуман, бу мазҳабнинг асоси, фатволари ва вужудга келиши имом Аъзамдан анча илгари бошланган. Аниқроғи, динимиз нозил бўлиши билан бошланган.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَا مِنْ صَاحِبِ ذَهَبٍ وَلَا فِضَّةٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ صُفِّحَتْ لَهُ صَفَائِحَ مِنْ نَارٍ، فَأُحْمِيَ عَلَيْهَا فِي نَارِ جَهَنَّمَ، فَيُكْوَى بِهَا جَنْبُهُ وَجَبِينُهُ وَظَهْرُهُ، كُلَّمَا بَرَدَتْ أُعِيدَتْ لَهُ، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. قِيلَ: يَا رَسُولَ، اللهِ فَالْإِبِلُ؟ قَالَ: وَلَا صَاحِبِ إِبِلٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا، وَمِنْ حَقِّهَا حَلَبُهَا يَوْمَ وِرْدِهَا، إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ أَوْفَرَ مَا كَانَتْ لَا يَفْقِدُ مِنْهَا فَصِيلًا وَاحِدًا، تَطَؤُهُ بِأَخْفَافِهَا وَتَعَضُّهُ بِأَفْوَاهِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُولَاهَا رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. قِيلَ: يَا رَسُولَ اللهِ، فَالْبَقَرُ وَالْغَنَمُ؟ قَالَ: وَلَا صَاحِبِ بَقَرٍ وَلَا غَنَمٍ لَا يُؤَدِّي مِنْهَا حَقَّهَا، إِلَّا إِذَا كَانَ يَوْمُ الْقِيَامَةِ بُطِحَ لَهَا بِقَاعٍ قَرْقَرٍ لَا يَفْقِدُ مِنْهَا شَيْئًا، لَيْسَ فِيهَا عَقْصَاءُ وَلَا جَلْحَاءُ وَلَا عَضْبَاءُ، تَنْطَحُهُ بِقُرُونِهَا، وَتَطَؤُهُ بِأَظْلَافِهَا، كُلَّمَا مَرَّ عَلَيْهِ أُولَاهَا رُدَّ عَلَيْهِ أُخْرَاهَا، فِي يَوْمٍ كَانَ مِقْدَارُهُ خَمْسِينَ أَلْفَ سَنَةٍ حَتَّى يُقْضَى بَيْنَ الْعِبَادِ، فَيَرَى سَبِيلَهُ إِمَّا إِلَى الْجَنَّةِ وَإِمَّا إِلَى النَّارِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا التِّرْمِذِيَّ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси бир тилла ёки кумуш соҳиби унинг ҳаққини адо этмас экан, албатта, қиёмат кунида унинг учун оловдан бўлган тахтачалар тайёрланади. Улар жаҳаннам оловида қиздирилади. Сўнгра улар пешонасига, икки ёнбошига ва орқасига босилади. Совиб қолиши билан (яна қайтадан қиздирилиб,) унга қайтарилади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини билади: ёки жаннатга ёки дўзахга бўлади», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, туя-чи?» дейилди. У зот: «Қайси бир туя соҳиби ҳам унинг ҳаққини бермаса, сувга борган куни уни соғиш ҳам ҳаққидандир. Албатта, қачон қиёмат куни бўлса, уни у(туя)ларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Уларнинг ҳаммаси, битта бўталоғи ҳам қолмай, тўлиқ бўлади. Уни туёқлари билан босадилар, оғизлари билан тишлайдилар. Унинг устидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Миқдори эллик минг йил бўлган кунда, одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини билади: ёки жаннатга ёки дўзахга бўлади», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, қорамол ва қўй-чи?» дейилди.
«Қайси бир қорамол ва қўй соҳиби ҳам ундан ҳаққини бермаса, албатта, қиёмат куни бўлганда у уларнинг олдига теп-текис, сип-силлиқ ерга ташлаб берилади. Улардан бирортаси ҳам қолмайди. Уларнинг ичида шохи буралгани, шохсизи, шохи сингани бўлмайди. Уларнинг ҳаммаси шохи билан уни сузади ва туёғи билан тепкилайди. Унинг устидан бири ўтса, бошқаси қайтиб келаверади. Эллик минг йил бўлган кунда, одамлар орасида ҳукм чиқарилгунча шундай қилинади. Кейин йўлини кўради: ёки жаннатга, ёки дўзахга», дедилар» (Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган).
Бу ҳадиси шарифда закотни бермаган кишиларнинг ҳоли қиёмат куни қандай бўлиши жуда жонли тарзда васф қилинмоқда.
Қиёмат кунининг сифатларидан бири – миқдори эллик минг йил бўлган кундир. Ўша куни одамларнинг ҳаммаси тўпланиб, уларнинг ҳисоб-китоби битиб, жаннатий ёки дўзахий эканлиги ҳақида ҳукми илоҳий чиққунича ҳозирги дунё кунлари билан ҳисобланганда ана шунча муддат ўтади.
Бу дунёда закоти берилмаган олтин ва кумушлар қиёмат куни оловдан бўлган тахтачалар ҳолига келтирилиб, жаҳаннам оташида яна роса қиздирилиб, ўз эгасининг пешонасига, ёнбошларига ва орқасига босилар, унинг ўша аъзолари жизғинак қилиб куйдирилар экан. Агар у тахтачалар сал совиб қолса, яна қайтадан қиздирилар ва яна шиддат билан босилар экан. Шу ҳолат бу дунёнинг ҳисоби билан ҳисоблаганда, эллик минг йил давом этар экан.
Сўнгра ҳукм чиқиб, мазкур закотни бермаган одам дўзахий бўлса, дўзахнинг азобини тортгани равона бўлар экан. Агар Аллоҳ раҳм қилиб, бошқа амаллари кўплиги учун жаннатга ҳукм қилса, миқдори эллик минг йил бўлган кундаги тортган азоби билан қутулиб қолар экан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ушбу баённи эшитганлар туясининг закотини бермаганларнинг ҳоли нечук бўлишини сўрадилар. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ҳолини ҳам батафсил баён қилиб бердилар.
Сўнгра саҳобаи киромлар қорамол ва қўйларнинг закотини адо этмаганларнинг ҳоли қандай бўлишини сўрадилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом бунга ҳам батафсил жавоб бердилар.
Ушбу ҳадисда Маҳшар куни закоти чиқарилиши фарз бўлган молу мулкнинг уч тоифаси бўйича закотни адо этмаганларнинг ҳоли қандай бўлиши васф қилинмоқда. Улар бутун халойиқнинг олдида шармандаи шармисор бўлиб, шунчалар азоб тортишар экан.
Албатта, бошқа тоифадаги мол-мулкнинг закотини бермаганлар ҳам муносиб жазо тортишлари турган гап. Тўғри, улар жаннатга киришлари мумкин. Лекин жаннатга киргунча шунча вақт азоб тортиш осонми?! Қолаверса, закотни бермаган банданинг жаннатга кирмай қолиш хавфи устун. Шунинг учун бу дунёда закотни ўз вақтида адо этишга ҳаракат қилмоқ зарур.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди