Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ушбу мақолада аҳли суннанинг манҳажи ва йўлини баён қиламиз. Бу нима ўзи? Аҳли суннани бошқа тоифалардан ажратиб турадиган энг ёрқин жиҳат шуки, Аҳли сунна ёлғиз шахсга эргашмайди.
«Қандай қилиб? Ахир Аҳли сунна Абу Ҳанифага, Шофеъийга, имом Моликка, имом Аҳмадга тақлид қилади-ку! Уларга тақлид қилиш шахсга эргашиш эмасми?» дейишади. Ҳа. Айнан мана шу Аҳли суннани бошқалардан ажратиб турадиган фарқдир. Яна қайтараман: Аҳли сунна шахсга тақлид қилмайди, шахсга эргашмайди. Балки илмга тақлид қилади, яъни эргашади.
Унда имом Молик, имом Шофеъий ва имом Аҳмадлар-чи? Қуйидаги саволни ва унинг жавобини кўп такрорлайман:
Абу Ҳанифа ҳанафий мазҳабига мансубми?
Ёки ҳанафий мазҳаби Абу Ҳанифага мансубми?
Имом Молик моликий мазҳабига мансубми?
Ёки моликий мазҳаби имом Моликка мансубми?
Содда ва қисқа қилиб: «Моликий мазҳабидагилар имом Моликка, ҳанафий мазҳабидагилар Абу Ҳанифага мансуб», дейилади. Лекин бу жавоб хатодир. Тўғри жавоб шундай: Абу Ҳанифа ҳанафийликка мансубдир, имом Молик моликийликка мансубдир, яъни моликий мазҳаби аслида имом Моликдан олдин ҳам бор эди. Ҳанафий мазҳаби воқеликда Абу Ҳанифадан олдин ҳам бўлган.
Шу маънода баъзи биродарларимдан: «Тўрт мазҳабдан олдин кимлар бўлган?» деб сўрайман. Улар: «Тобеъинлар, саҳобалар бўлишган», дейишади. Йўқ. Улардан, яъни тўрт мазҳабдан олдин кофирлар бор эди. «Қандай қилиб тўрт мазҳабдан олдин кофирлар бўлади?» дейишади, чунки бу тўрт мазҳаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган. Набий алайҳиссаломдан олдингилар эса кофир бўлган, чунки ҳанафий мазҳаби Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган.
Тўртинчи ёки бешинчи бўлиб Исломга кирган Ибн Масъуд Кўфага борди. Бир неча йил ўтиб, у ерга Алий розияллоҳу анҳу борди. Сўнг етмишта бадрий (бадр жангида қатнашган) саҳоба, сўнг бир ярим минг саҳоба борди. Ана шулар ҳанафий мазҳабига асос солишди. Сизлар ҳозир ўрганаётган масалалар Ибн Масъуднинг масалаларидир.
Масалан, нима учун биз рукуъдан тураётиб қўлимизни кўтармаймиз? Чунки Ибн Масъуд кўтармаган.
Нега намозда «басмала»ни жаҳрий айтмаймиз? Чунки Ибн Масъуд жаҳрий айтмаган.
Нега икки намозни жамламаймиз? Чунки Ибн Масъуд жамламаган.
Нега «омин»ни баланд овоз билан айтмаймиз? Чунки Ибн Масъуд баланд овозда айтмаган.
Сиз ҳозир ўрганаётган масалаларнинг деярли барчаси Ибн Масъудга тегишли.
Булар эса Абу Ҳанифа туғилишидан олдин ҳам бор эди. Ҳанафий мазҳабидаги ҳамма масалалар аввало Ибн Масъудга, кейин ҳазрати Алийга, кейин Кўфадаги бошқа саҳобаларга бориб тақалади. Умуман, бу мазҳабнинг асоси, фатволари ва вужудга келиши имом Аъзамдан анча илгари бошланган. Аниқроғи, динимиз нозил бўлиши билан бошланган.
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса динимизда унга бой бўлишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши! деганлар (Имом Бухорий Имом, Имом Табароний ривоят қилган).
Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяптилар. Умрларида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлсалар-да, китоб дўконларидаги “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқишади. Ҳар гал янги чиққан фолбиннинг “энг яқин мижоз”ига айланиб улгурадилар. Энг ачинарлиси, мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётган аёлларнинг одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.
«Биз хориж давлатларидан бирига борганимиздан сўнг, алданганимизни билдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...» афсуски бу гаплар ҳам айнан бойлик ортидан қувган бир ўзбек аёлига тегишли.
Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.
Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган дин кўрсатмаларини қўйиб, сафсаталарга ишонишмоқда. Маҳалла, турли тадбир ва жамоат жойларида уларнинг қилмишларидан эҳтиёт бўлишга қанчалик тарғиб этилмасин, уларнинг қармоғига илинганларнинг сони камаймаяпти? Бу савол жавоби сабрсизликдир.Улар сабрни бир четга суриб қўйиб, ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўлмоқдалар. Қадимда ота-боболаримиз не-не қонли синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган бўлсаларда, лекин ҳеч қачон сабрсизлик қилмаганлар.
Фараз қилинг, бир хонадонда турли сабаблар билан бирор тангчилик бўлди. Оила аъзолари бошқа хонадонга чиқиб кетмайди-ку. Фарзандлар бошқа ота-онани ўзининг ота-онаси деб билмайди-ку.
Аксарият одамлар бойлик ортидан қанчалик югурса-да, ер юзини кезиб чиқсаларда бойликларида ҳам, умрларида ҳам барака, ҳаловатнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўйганлари бош сабабдир. Аслида бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли тақво билан, ҳалол йўл билан бойлик топишдир. Тақводорлик ризқнинг калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оят).
Аллоҳ таоло ҳар бир жон учун ризқ тайин қилиб қўйган. Банда хоҳ ўз юртида бўлсин хоҳ хорижда бўлсин белгилаб қўйилган ризқгагина эгалик қилади. Ундан ортиғига ҳам камига ҳам эришиб бўлмайди. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Чунки юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам айнан шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, қалб тинч бўлиб бир бурда бўлсада нонни ўз оила аъзолари атрофида ейишга нима етсин. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз”, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба сураси, 59-оят).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки бойлик кўнгил тўқлигидир” (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).
Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик, неъматнинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси,7-оят).
Чиндан ҳам, бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб хорижга кетаётган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки аслида ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти йўлида хизмат қиладиган авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.
Даврон НУРМУҲАММАД