Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик билан, мол-мулкка, жонга, ҳосилга талафот етказиш билан синаймиз. Мусибат етганда «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз», деган сабрли зотларга хушхабар берингки, уларга Роббларидан салавотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир» (Бақара сураси, 155-157-оятлар).
Бирор мусибат етганда «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз», десангиз, учта нарсага эришасиз: Аллоҳ сизга салавот айтади, яъни сизни мағфират қилади; Аллоҳнинг раҳматига эришасиз, бу раҳмат бу дунёда мусибатнинг қайғусини енгиллатса, охиратда эса марҳамат бўлади; ҳидоят йўлини англаб, тўғри йўлдан юрадиган ҳидоятли бандалардан бўласиз, чунки Аллоҳ таоло сизни ана шу мусибатга сабр қиладиган афзал йўлга тўғрилаб қўяди.
«Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз» деган жумлани айтиш истиржоъ дейилади. Истиржоъ айтиш туфайли раҳматга эришганларга энг ёрқин мисол – Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳодирлар.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бирор мусулмонга мусибат етса, Аллоҳ буюрганидек, «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи роожиъуун. Аллоҳумма’жирний фий мусиибатий, вахлиф лий хойрон минҳаа» (Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз. Аллоҳим, мусибатим учун менга ажр бергин, унинг ўрнига ундан яхшисини насиб қилгин) деса, Аллоҳ унинг ўрнига ундан яхшисини беради», деганларини эшитган эдим. Эрим Абу Салама вафот қилганида «Истиржоъ айтсам, Аллоҳ ундан яхшисини беради. Аммо Абу Саламадан яхшироқ мусулмон борми? Ахир у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳижрат қилган биринчи хонадон бўлса», дедим. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиб, ихлос билан истиржоъ айтавердим. Бир куни Ҳотиб ибн Абу Балтаъа менга совчи бўлиб келди. Сўрасам, уни ҳузуримга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборган эканлар! Нима дейишимни билмай, «Менинг эмизикли чақалоғим бор-ку. Бунинг устига, мен роса рашкчиман», дедим. У зот: «Қизингнинг ҳаққига дуо қиламиз, Аллоҳ уни беҳожат қилади. Аллоҳга дуо қиламан, рашкни ҳам кетказар», дебдилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Абу Саламанинг ўрнига менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини насиб қилди» (Имом Аҳмад, имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
* * *
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).
* * *
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти).
* * *
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).