Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Мусибат етганда айтилса, Аллоҳ рози бўладиган сўзлар

6.11.2024   1814   2 min.
Мусибат етганда айтилса, Аллоҳ рози бўладиган сўзлар

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Сизларни бир оз хавф-хатар, очлик билан, мол-мулкка, жонга, ҳосилга талафот етказиш билан синаймиз. Мусибат етганда «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз», деган сабрли зотларга хушхабар берингки, уларга Роббларидан салавотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир» (Бақара сураси, 155-157-оятлар).

Бирор мусибат етганда «Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз», десангиз, учта нарсага эришасиз: Аллоҳ сизга салавот айтади, яъни сизни мағфират қилади; Аллоҳнинг раҳматига эришасиз, бу раҳмат бу дунёда мусибатнинг қайғусини енгиллатса, охиратда эса марҳамат бўлади; ҳидоят йўлини англаб, тўғри йўлдан юрадиган ҳидоятли бандалардан бўласиз, чунки Аллоҳ таоло сизни ана шу мусибатга сабр қиладиган афзал йўлга тўғрилаб қўяди.

«Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз» деган жумлани айтиш истиржоъ дейилади. Истиржоъ айтиш туфайли раҳматга эришганларга энг ёрқин мисол – Умму Салама онамиз розияллоҳу анҳодирлар.

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Бирор мусулмонга мусибат етса, Аллоҳ буюрганидек, «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи роожиъуун. Аллоҳумма’жирний фий мусиибатий, вахлиф лий хойрон минҳаа» (Барчамиз Аллоҳникимиз ва барчамиз яна Ўзига қайтамиз. Аллоҳим, мусибатим учун менга ажр бергин, унинг ўрнига ундан яхшисини насиб қилгин) деса, Аллоҳ унинг ўрнига ундан яхшисини беради», деганларини эшитган эдим. Эрим Абу Салама вафот қилганида «Истиржоъ айтсам, Аллоҳ ундан яхшисини беради. Аммо Абу Саламадан яхшироқ мусулмон борми? Ахир у Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига ҳижрат қилган биринчи хонадон бўлса», дедим. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиб, ихлос билан истиржоъ айтавердим. Бир куни Ҳотиб ибн Абу Балтаъа менга совчи бўлиб келди. Сўрасам, уни ҳузуримга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборган эканлар! Нима дейишимни билмай, «Менинг эмизикли чақалоғим бор-ку. Бунинг устига, мен роса рашкчиман», дедим. У зот: «Қизингнинг ҳаққига дуо қиламиз, Аллоҳ уни беҳожат қилади. Аллоҳга дуо қиламан, рашкни ҳам кетказар», дебдилар. Шундай қилиб, Аллоҳ таоло Абу Саламанинг ўрнига менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларини насиб қилди» (Имом Аҳмад, имом Муслим ривояти).

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Иймоннинг боши

25.11.2024   313   1 min.
Иймоннинг боши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».

«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.

Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.

Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон

Мақолалар