Бугун, 5 ноябрь куни Боку шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши конференцияси доирасида Бутунжаҳон диний етакчилари глобал саммити бошланди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Музаффар Комилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов иштирок этмоқда.
Анжуман Қуръони карим тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди.
Дастлаб, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиевнинг саммит иштирокчиларга йўллаган табриги ўқиб эшиттирилди. Шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти бош котиби Антониу Гутерришнинг видеомурожаати намойиш этилди.
“Жаҳон динлари яшил сайёра учун” шиори остида ўтказилаётган нуфузли тадбирда дунёнинг 60 дан зиёд давлатидан 300 нафарга яқин ҳукумат вакиллари, халқаро ташкилотлар раҳбарлари, дин ва давлат арбоблари, таниқли диний етакчилар, олимлар ва экспертлар қатнашмоқда.
Тадбирнинг биринчи куни иштирокчилар томонидан глобал иқлим ўзгаришининг сабаб ва оқибатлари, табиатни асраш, экологик муаммоларнинг олдини олиш масалаларини муҳокама қилиниб, бу борада барча диний конфессиялар вакиллари олдида турган вазифалар юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Анжуманда Ўзбекистон делегацияси раҳбари М.Комилов маъруза қилиб, минтақада, хусусан мамлакатимизда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтириш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва биологик хилма-хилликни янада бойитиш юзасидан амалга оширилган саъй-ҳаракатлар, ўзига хос тажрибалар ҳақида сўз юритди. Жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда Давлат раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси, унда турли диний конфессия ва миллий марказлар вакилларининг фаол иштироки, лойиҳа доирасида ҳар йили юртимизда 200 миллион туп дарахт экилиб, янги яшил ҳудудлар барпо этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Саммит иштирокчилари томонидан Янги Ўзбекистондаги иқлим ўзгаришининг олдини олиш борасидаги саъй-ҳаракатлар, яшил ҳудудларни кўпайтириш борасидаги чора-тадбирлар ва илғор ташаббусларни юқори баҳоланди.
Конференция 6 ноябрь куни иши ўз ишини давом эттиради.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ташаббуси билан Бухоро шаҳридаги Дилкушо жоме масжидида навбатдаги умра дарслари ўтказилди.
Дарсда “Абу Ҳафс Кабир” жоме масжиди имом-хатиби, “Мир Араб” мадрасаси ўқитувчиси Акрам домла Абдуллаев навбатдаги умра сафарига кетаётган 13-14 -гуруҳ аъзолари ва тайинланган элликбошилар иштирок этди.
Маърузада Акрам домла Абдуллаев сўзга чиқиб, умра зиёратининг аҳкомлари, сафар одоблари, мусофир кишининг ибодати, сафар олдидан тайёргарлик каби мавзуларни ўтиб берди.
Дарс мобайнида иштирокчиларни қизиқтирган ақидавий, фиқҳий ва диний-ижтимоий мавзулардаги саволларга устоз томонидан атрофлича тушунчалар бериб ўтилди
Аллоҳ таоло умрага отланаётган ҳамюртларимизнинг сафарини хайрли қилсин, Байтуллоҳни тавоф қилишни барчамизга насиб этсин!
Бухоро вилояти вакиллиги
Матбуот хизмати