Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг сўнгги орзулари

6.11.2024   2032   5 min.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг сўнгги орзулари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу яраланганда, унга сут ичиришди. У сутни ичганда қорнидаги жароҳатларидан сут оқиб чиқиб кетди. Шунда шифокор унга: “Эй амирул мўминин, васият қилинг, чунки сиз кўп яшамайсиз”, деди. Ҳазрати Умар ўғли Абдуллоҳга: “Ҳузайфа ибн Ямонни чақириб кел”, дедилар.

Ҳузайфа келди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга мунофиқларнинг исмини айтган саҳобий эди. Бу исмларни Аллоҳ, Расули ва Ҳузайфадан бошқа ҳеч ким билмас эди.

Умар розияллоҳу анҳу белидан қон оқиб турган ҳолида Ҳузайфага: Эй Ҳузайфа ибн Ямон, Аллоҳ номи билан сўрайман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг номимни мунофиқлар қаторида зикр қилганмилар? деб сўрадилар.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳу сукут қилдилар ва кўзлари ёшланиб: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени бу сирга омонат қилиб қўйганлар, эй Умар. Мен буни сизга айта олмайман, дедилар.

Умар розияллоҳу анҳу яна сўрадилар: Аллоҳнинг исми билан сўрайман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг номимни ҳам улар орасида айтгандиларми?”.

Шунда Ҳузайфа йиғлаб: “Сизга айтаман, бошқаларга айтмайман. Аллоҳга қасамки, сизнинг номингизни айтмаганлар, дедилар.

Шунда Умар ўғли Абдуллоҳга қараб: Бу дунёда битта орзуим қолди, дедилар.

Абдуллоҳ: У нима, отажон? деб сўрадилар.

Умар розияллоҳу анҳу бундай дедилар: “Оиша онамизнинг ҳузурига бориб, унга бундай деб айт: Умар сизга салом йўллади, дегин, лекин амирул мўминин демагин, чунки мен энди мўминларнинг амири эмасман. Умар ибн Хаттоб ўзини икки дўсти ўртасида дафн этилиши учун сиздан изн сўрайди, дегин.

Абдуллоҳ Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига бориб салом берди ва киришга рухсат сўради. У кирганда, Оиша онамиз йиғлаётган эдилар. Шунда Абдуллоҳ бундай деди: Умар ибн Хаттоб сизга салом йўллади ва ўзини икки дўстининг ёнига дафн этилиши учун сиздан рухсат сўрайди, деди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: Мен бу жойни ўзим учун сақлаб қўйган эдим, лекин бугун Умарни ўзимдан устун қўяман, дедилар.

Абдуллоҳ хурсанд қайтиб келиб: “Эй ота, рухсат бердилар”, деди.

Шунда Умар  розияллоҳу анҳу юзини ерга қўйиб тупроққа ишқалади, Абдуллоҳ эса отасининг юзини кўтариб тўшагига қўйди. Умар ўғлига қараб: "Не учун юзимни ердан олиб қўйдинг?" деди. Абдуллоҳ: "Эй ота", деди. Умар  розияллоҳу анҳу: "Отангнинг юзини ерга қўй, юзини ерга сурсин. Агар Аллоҳ кечирмаса, Умарнинг ҳоли не кечади", деб йиғладилар.

Умар  розияллоҳу анҳу васият қилиб, ўғлига шундай дедилар: "Менга жаноза ўқила бошлаганда,  Ҳузайфани кузатгин. Агар Ҳузайфа менга жаноза ўқиса, мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйига олиб боринглар. Оишанинг эшиги олдига борганда: Эй онам, фарзандингиз Умар келди, деб айтгин, амирул-мўъминин демагин. Чунки, аввалги марта сўраганингда тирик бўлганим учун изн берган бўлишлари мумкин. Вафотидан кейин эҳтимол фикрлари ўгарар. Агар киришга рухсат берсалар, мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам​нинг ёнига дафн этинглар. Агар рухсат бермасалар, бошқа қабристонга дафн этинглар", дедилар.

Абдуллоҳ Умар  розияллоҳу анҳунинг жанозасини ўқидилар. Ҳузайфа  розияллоҳу анҳу ҳам жанозада қатнашдилар. Шундан кейин Абдуллоҳ хотиржам бўлиб Умар  розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳнинг уйлари томон олиб бордилар ва: "Эй онамиз, фарзандингиз Умар эшик олдида, рухсат берсангиз олиб кириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам​нинг ёнларига дафн этамиз", деди.

Оиша онамиз: "Киринглар", деб жавоб бердилар.

Шундай қилиб, Умар розияллоҳу анҳу икки дўстларининг ёнига дафн этилдилар.

Аллоҳ таоло Умар ибн Хаттоб  розияллоҳу анҳудан рози бўлсин ва у зотга раҳм қилсин.

 

Хулоса:

Ҳазрати Умар ибн Хаттоб  розияллоҳу анҳу ер юзини адолат билан тўлдирдилар ва жуда ҳам Аллоҳдан қўрқар эди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ алайҳиссалом у зотга жаннат билан ҳушхабар берган эдилар. Шунга қарамай у зот ўзларининг исмларини мунофиқларнинг қаторида зикр қилиб қолинишидан хавотирда бўлганлар.

Биз эса бугун ўзимиз ҳақимизда Аллоҳ розими ёки йўқлигини билмаймиз. Аммо ўзимизни ҳаммадан аъло мусулмон санаймиз, ўзгаларни имонини тафтиш қиламиз.

Аллоҳ барчамизга тавфиқ берсин.

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Бошқа мақолалар
Мақолалар

Иймоннинг боши

25.11.2024   143   1 min.
Иймоннинг боши

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Имом Мусоҳибий шундай деган: «Неъматлар бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш шукр билан бўлади. Балолар ҳам бир меҳмон, уларни иззат-икром қилиш эса сабр билан бўлади».

«Сабр иймоннинг бошидир», дейишади. Агар инсон танаси бошидан жудо қилинса, у ҳалок бўлгани каби сабр бўлмаса, иймон ҳам ҳалокатга юз тутгусидир.

Абдулқодир Жийлоний айтган: «Эй ўғлим, мусибат-бало сени ҳалок қилиш учун келмайди, сабрингни синаш учун келади». Олтин ўтга кирса, сайқалланиб янада чирой очгани каби инсон ҳам мусибат олови орқали сайқалланади.

Закариё Аҳмад
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон

Мақолалар