Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу яраланганда, унга сут ичиришди. У сутни ичганда қорнидаги жароҳатларидан сут оқиб чиқиб кетди. Шунда шифокор унга: “Эй амирул мўминин, васият қилинг, чунки сиз кўп яшамайсиз”, деди. Ҳазрати Умар ўғли Абдуллоҳга: “Ҳузайфа ибн Ямонни чақириб кел”, дедилар.
Ҳузайфа келди. У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга мунофиқларнинг исмини айтган саҳобий эди. Бу исмларни Аллоҳ, Расули ва Ҳузайфадан бошқа ҳеч ким билмас эди.
Умар розияллоҳу анҳу белидан қон оқиб турган ҳолида Ҳузайфага: “Эй Ҳузайфа ибн Ямон, Аллоҳ номи билан сўрайман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг номимни мунофиқлар қаторида зикр қилганмилар?” деб сўрадилар.
Ҳузайфа розияллоҳу анҳу сукут қилдилар ва кўзлари ёшланиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени бу сирга омонат қилиб қўйганлар, эй Умар. Мен буни сизга айта олмайман”, дедилар.
Умар розияллоҳу анҳу яна сўрадилар: “Аллоҳнинг исми билан сўрайман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менинг номимни ҳам улар орасида айтгандиларми?”.
Шунда Ҳузайфа йиғлаб: “Сизга айтаман, бошқаларга айтмайман. Аллоҳга қасамки, сизнинг номингизни айтмаганлар”, дедилар.
Шунда Умар ўғли Абдуллоҳга қараб: “Бу дунёда битта орзуим қолди”, дедилар.
Абдуллоҳ: “У нима, отажон?” деб сўрадилар.
Умар розияллоҳу анҳу бундай дедилар: “Оиша онамизнинг ҳузурига бориб, унга бундай деб айт: “Умар сизга салом йўллади, дегин, лекин амирул мўминин демагин, чунки мен энди мўминларнинг амири эмасман. Умар ибн Хаттоб ўзини икки дўсти ўртасида дафн этилиши учун сиздан изн сўрайди”, дегин.
Абдуллоҳ Оиша розияллоҳу анҳонинг олдига бориб салом берди ва киришга рухсат сўради. У кирганда, Оиша онамиз йиғлаётган эдилар. Шунда Абдуллоҳ бундай деди: “Умар ибн Хаттоб сизга салом йўллади ва ўзини икки дўстининг ёнига дафн этилиши учун сиздан рухсат сўрайди”, деди.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Мен бу жойни ўзим учун сақлаб қўйган эдим, лекин бугун Умарни ўзимдан устун қўяман”, дедилар.
Абдуллоҳ хурсанд қайтиб келиб: “Эй ота, рухсат бердилар”, деди.
Шунда Умар розияллоҳу анҳу юзини ерга қўйиб тупроққа ишқалади, Абдуллоҳ эса отасининг юзини кўтариб тўшагига қўйди. Умар ўғлига қараб: "Не учун юзимни ердан олиб қўйдинг?" деди. Абдуллоҳ: "Эй ота", деди. Умар розияллоҳу анҳу: "Отангнинг юзини ерга қўй, юзини ерга сурсин. Агар Аллоҳ кечирмаса, Умарнинг ҳоли не кечади", деб йиғладилар.
Умар розияллоҳу анҳу васият қилиб, ўғлига шундай дедилар: "Менга жаноза ўқила бошлаганда, Ҳузайфани кузатгин. Агар Ҳузайфа менга жаноза ўқиса, мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйига олиб боринглар. Оишанинг эшиги олдига борганда: Эй онам, фарзандингиз Умар келди, деб айтгин, амирул-мўъминин демагин. Чунки, аввалги марта сўраганингда тирик бўлганим учун изн берган бўлишлари мумкин. Вафотидан кейин эҳтимол фикрлари ўгарар. Агар киришга рухсат берсалар, мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнига дафн этинглар. Агар рухсат бермасалар, бошқа қабристонга дафн этинглар", дедилар.
Абдуллоҳ Умар розияллоҳу анҳунинг жанозасини ўқидилар. Ҳузайфа розияллоҳу анҳу ҳам жанозада қатнашдилар. Шундан кейин Абдуллоҳ хотиржам бўлиб Умар розияллоҳу анҳуни Расулуллоҳнинг уйлари томон олиб бордилар ва: "Эй онамиз, фарзандингиз Умар эшик олдида, рухсат берсангиз олиб кириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига дафн этамиз", деди.
Оиша онамиз: "Киринглар", деб жавоб бердилар.
Шундай қилиб, Умар розияллоҳу анҳу икки дўстларининг ёнига дафн этилдилар.
Аллоҳ таоло Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан рози бўлсин ва у зотга раҳм қилсин.
Хулоса:
Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ер юзини адолат билан тўлдирдилар ва жуда ҳам Аллоҳдан қўрқар эди. Ҳолбуки, Расулуллоҳ алайҳиссалом у зотга жаннат билан ҳушхабар берган эдилар. Шунга қарамай у зот ўзларининг исмларини мунофиқларнинг қаторида зикр қилиб қолинишидан хавотирда бўлганлар.
Биз эса бугун ўзимиз ҳақимизда Аллоҳ розими ёки йўқлигини билмаймиз. Аммо ўзимизни ҳаммадан аъло мусулмон санаймиз, ўзгаларни имонини тафтиш қиламиз.
Аллоҳ барчамизга тавфиқ берсин.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Улуғ устозларнинг ибратли ҳаёт йўллари, солиҳ амаллари, гўзал хислатлари барчамизга ўрнакдир. Ана шундай етук олимлардан бири Шайх Дўстмуҳаммад домла Турсундир. У киши 1938 йили Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманида туғилган. Домла дастлабки таълимни бобоси мулла Абдуллоҳ Охундан, сўнгра замонасининг етук уламолари муфтий Равшан ҳазрат, Маҳмуд домла, тошкентлик Лазгин домла, Душанбе шаҳар қозиси Абдурашид домла, Абдуллоҳ охундлардан Қуръон, тафсир, ҳадис, фиқҳ, ақида имларини олган.
Шайх Дўстмуҳаммад домла аллома Мавлавий Ҳиндистонийдан сабоқ олган. Шунингдек, Нақшбандия тариқати шайхи Ҳазрати Муҳаммад Шариф Ҳисорий, Шайх Абдуссалом Ғилоний, Ҳожи Муқимхон Эшон Ургутий, Абдусаломхон эшон, Шайх Миён Бўритош Нақшбандий, Шайх Аҳмаджон Махдум, Шайх Абдулҳай, Зиёвуддин Бобохон каби улуғ устозлардан иршод олиб, муршиди комил даражасига етган.
Дўстмуҳаммад домла илм олиш билан бирга уни халққа етказиш, маърифат тарқатишда ҳам фаол бўлган. Буюк фақих фаолияти давомида Денов шаҳридаги “Саййид ота” мадрасасида мударрислик қилиб, талабаларга фиқҳдан таълим берган. Шу билан бирга у киши олимларни эъзозлаган ва шогирдларини ҳам шунга тарғиб қилган. Давраларда бирор кишининг хатосини гапирмаган. Ҳаммани яхшилик билан тилга олар, динга, элга, бирдамликда хизмат қилиш кераклигини таъкидлаган. Янги диний адабиётлардан ҳар доим хабардор эди. Давраларда ҳамсуҳбатларини яхшиликка, китобхонликка чорлаган.
Бундан ташқари, Шайх Дўстмуҳаммад домла Шўрчи туманидаги “Домла Қосим” масжидининг бунёд этилишида ҳам ташаббускорлик кўрсатган ва кўп йиллар ушбу масжидга имом бўлган.
Дўстмуҳаммад домла замондош уламолар билан яқин алоқада бўлиб, улар билан суҳбатлар қилган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳам у кишининг фиқҳий масалаларда етук уламо бўлганини эътироф этган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Фароизни ўрганинглар ва уни одамларга ўргатинглар, у илмнинг ярмидир, у унутилади, у менинг умматимдан биринчи суғуриб олинадиган нарсадир” (Имом ибн Можа ривояти), деганлар.
Дўстмуҳаммад Турсун домла, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек, уммат орасидан илк бор кўтарилиб кетаётган фароиз, яъни мерос тақсимоти масаласида биринчилардан бўлиб ўзбек тилида 17 бобдан иборат “Мерос рисоласи” асарини ёзган. Китобда марҳумнинг мол-дунёси нималарга сарфланиши ва ундан кимлар мерос олиши оят ва ҳадислар асосида баён қилинган.
Инсонларни бир-бирларига нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлишга ташвиқ қилган, ёшларни ҳамма вақт замона фитналарига аралашиб қолмасликларини тайинлаган. Динимиз ривожида домланинг саъй-ҳаракатлари самарасиз кетмади. Ўзидан кўплаб китоблар ва қўлёзмалар мерос қолдирди. Шайхнинг шогирдлари бугунги кунда ҳам домла бошлаб берган илм йўлини давом эттирмоқда.
Шайх Дўстмуҳаммад домла 2013 йилда оламдан ўтиб, Шўрчи туманидаги “Ҳошимхон эшонбобо” қабристонига дафн этилган. Айни кунда Музработ туманида у кишининг номи билан “Дўстмуҳаммад бобо” жоме масжиди фаолият юритмоқда.
Аллоҳ таоло домлани раҳматига олсин!
Акбар ШУКУРОВ,
Музработ тумани “Дўстмуҳаммад бобо”
жоме масжиди имом ноиби