Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Шайтон – инсоннинг энг хавфли душмани. Унга эргашиш икки дунёда ҳам бахтсизлик, афсус-надоматга сабаб бўлади. Шайтон бандани Аллоҳнинг розилигидан узоқлаштириш ва Унинг раҳматидан маҳрум қилиш учун доимо ҳаракат қилади. Қандай қилиб шайтоннинг фитналаридан ҳимояланиш ва унинг васвасаларига эргашмаслик керак? Қуйидаги сура ва дуоларни мунтазам ўқиб юриш сизни ундан узоқлаштиради:
Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм.
Оятул курсий.
Ёсин сураси.
Ихлос, фалақ, наас суралари.
“Астағфируллоҳа Роббий мин кулли занбин ва атубу илайҳ”.
(Маъноси: Ҳар бир гуноҳ ишдан Аллоҳга истиғфор айтаман ва унга тавба қиламан).
“Аъуузу би калимаатиллааҳит-тааммаати мин кулли шайтонин ва ҳаамматин ва мин кулли ъайнин лаамматин”.
(Маъноси: Аллоҳнинг мукаммал калималари билан ҳар бир шайтондан, зарарли ҳашаротлардан ва ёмон кўздан паноҳ тилайман).
Аъуузу би калимаатиллааҳит-тааммаати мин шарри маа холақ.
(Маъноси: Аллоҳнинг мукаммал сўзлари билан яратганларининг ёмонлигидан паноҳ тилайман).
“Бисмиллаҳи таваккалту ъалаллоҳи ва лаа ҳавла ва лаа қуввата илла биллаҳ”.
Аллоҳнинг исми ила, Аллоҳга таваккал қилган ҳолда. Ҳаракат ва қувват фақат Аллоҳнинг иродаси билан бўлади.
“Аллоҳумма анта Роббий лаа илаҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри ма сонаъту, абу`у лака биниъматика ъалаййа ва абу`у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу лаа йағфируз зунуба илла анта”.
(Маъноси: Аллоҳим, Сен Роббимсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Сенга берган ваъдамда ва аҳдимда қодир бўлгунимча турибман. Қилган ишларимнинг ёмонидан Сенинг номинг билан паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларни кечира олмайди.)
“Асбаҳна ва асбаҳал мулку лиллаҳ, валҳамдулиллаҳ, лаа илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу”.
(Маъноси: Тонг оттирдик, мулк ҳам Аллоҳники бўлган ҳолда тонг оттирди. Барча ҳамдлар Аллоҳгадир. Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. У Зот ягона, шериги йўқдир.)
Даврон НУРМУҲАММАД
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
* * *
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).
* * *
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти).
* * *
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).