Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мусулмонлар халифаси Хорун ар-Рашид раҳматуллоҳи алайҳ халқ ҳаётини ўрганиш учун фақирона кийиниб, ҳайвон бозорини айланиб юрса, бир қассоб бир қўйнинг баҳосини сўрабди. Сотувчи “20 танга” деганини эшитиб, қассоб “Қўйингизнинг 14 кило гўшти, 4,5 кило ёғи бор. Унинг нархи 15 танга холос”, дебди ва қўйни олмай кетибди.
Халифа навкарларидан бирига қўйни сотиб олишни, иккинчисига қассоб ортидан боришни буюрибди. Бозордан қайтгач, ўша қўйни сўйишибди ва қассоб айтганидек, 14 кило гўшт ва 4,5 кило ёғ чиққанини кўришибди. Қассобни топиб келишибди ва унга яна икки қўчқорни кўрсатиб, қанча гўшт ва ёғ борлигини сўрашибди. Қўчқорлар сўйилганидан сўнг қассоб айтган миқдорда ёғ-гўшт чиқибди. Халифа қойил қолибди ҳамда ундан дунёвий ва ухровий илмлардан сўрабди.
Афсус, бу соҳада қассобнинг илми йўқ эди.
Шунда халифа дебди: – Эй қассобзода! Наҳот, ҳаётни фақат қассобчиликдан иборат, деб тушунсанг? Қани сенда давлатингга муҳаббат, халқингга муҳаббат? Наҳот, ҳалол ва ҳаромнинг фарқига бормасанг?
Халифа жар солдириб, эълон қилибди:
– Бу қассоб шунча зеҳни, шунча илми бўла туриб, ё дунёвий, ё ухровий илм олмагани, ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормагани учун бошқаларга ибрат бўлсин деб келгуси жума куни уни остираман.
Ҳамма бу ҳукмдан рози бўлиб, унинг одиллигини тан олишибди.
Эртаси куни халифа қабулига икки ёш йигитча кириб келибди. Халифа уларнинг хулқу ахлоқини кўриб, ичида “Фарзандинг бўлса, шундай бўлсин” – деб қўйибди. Йигитлар халифадан гапиришга изн сўрашибди ва рухсатдан сўнг дейишибди:
– Эй шаҳаншоҳ! Аввало, бизнинг бир қошиқ қонимиздан кечинг. Биз ўлимга ҳукм қилинган қассобнинг ўғилларимиз. Отамиздан сўралган саволларни биздан сўрасангиз. Халифа болаларни узоқ саволга тутиб, улардаги илму етукликни сезиб, кучлироқ олим кишиларни чорлаб, илм мажлиси ўтказибди ҳамда болаларнинг зеҳни ва илмига қойил қолибди ва дебди:
– Сизларга тасанно, лекин отангизга чиқарилган ҳукм ҳаммага маъқул келган ва кўпчиликка ибратдир.
Шунда қассобнинг катта ўғли:
– Эй муҳтарам жамоа! Бола – лой, ота ва она – кулол эмасми?
Бола онадан ўғри, қотил ёки ёлғончи бўлиб туғилмайди-ку. Уни тарбияловчи ота-она ва ташқи муҳитдир. Отамизга чиқарган ҳукмни отамизга эмас, унинг отасига чиқариш керак эди. Отамиз ўзи илмсиз бўлса ҳам, бизни шунчалик илмли, маърифатли бўлишимизга шароит яратди. Отамиз таҳсинга лойиқдир, деди.
Халифа узоқ сукут сақлади ва деди:
– Эй вазир, сен энди истеъфога чиқ. Шу бола менга вазир бўлсин. Эй жаллод, қассобни олиб кел, устига зарбоф тўн ёп, бу элга ибрат бўлсин. Чунки бизнинг келажагимиз – фарзандларимиз. Бола тарбияланганлиги, олижаноблиги учун қассоб шунга лойиқдир. Қассобнинг отаси тирик бўлса, олиб келинг, ўлган бўлса, гўри устига ўттиз дарра уринг! Чунки шу қассоб ҳам ёшлигида истеъдодли бўлган, отаси эса унга қассоблиқдан бошқа нарсани ўргатмаган.
Дунёвий ва ухровий илм изламоқ – туғилгандан то лаҳадга боргунча фарз. Ўз маънавиятимиз ва миллий ғуруримизни ўзимиз кўтарайлик. Бизнинг ҳам гўримиз устига дарра тушишидан Аллоҳ асрасин.
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
“Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби.
Бу ҳаётда меҳр фақат инсонларга эмас, балки табиатга ҳам керак. Сўнгги йилларда табиатдаги салбий ўзгаришлар унга бўлган беэътиборлигимиз ва бемеҳрлигимизни кўрсатди. Ҳаво ва сувнинг ифлосланиши, тупроқ эрозияси, чўлланиш, глобал исиш табиий мувозанатнинг бузилгани оқибатидир. Бу инсонлар саломатлигига ҳам жиддий путур етказмоқда.
Давлатимиз раҳбари бу хавфни чуқур англаб, атроф-муҳитни асраш чораларини кўрмоқдалар. Президентимиз ташаббуси билан бундан уч йил аввал бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси фикримиз далили бўла олади. Бу лойиҳа бугун чинакам халқ ҳаракатига айланди. Ҳар йили баҳор ва кузда дарахт кўчатларини экиш анъана тусини олди.
Барчамизга яхши маълумки, “Яшил макон” лойиҳасида шаҳарлар яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш, хусусан, уларнинг атрофида “яшил белбоғ” яратиш мақсади белгиланган. Давлатимиз раҳбарининг: “Бу анъана ўзи бизда бор. Халқимиз табиатни “она” дейди, ерни, сувни эъзозлайди. Бунинг замиридаги ҳақиқат ҳозирги экологик муаммолар таъсирида яққол намоён бўлаяпти. Шунинг учун “Яшил макон” лойиҳасини бошладик. Келгуси йил номини ҳам атроф-муҳитни асраш масаласига бағишладик. Энди бу ташаббуслар кенг ёйилиши, айниқса, ёшларимизга чуқур сингиши зарур. Ҳар бир хонадон, ҳар бир корхона табиатни асрашга ҳисса қўшиши керак”, деган фикрлари бугун барчамизни ҳаракатга ундамоқда.
Дарҳақиқат, динимизда ҳам бу хайрли анъанага тарғиб қилинган. Аллоҳ таоло инсонни ердан яратар экан, унинг зиммасига яна шу қайтадиган жойи – ерни обод қилиш вазифасини юклади. Бу борада Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “У сизларни тупроқдан пайдо қилди ва унга сизни ободлиги учун қўйди” (“Ҳуд” сураси, 61-оят). Бошқа ояти каримада: “Ерни яроқли қилиб қўйгандан кейин унда бузғунчилик қилмангиз!” (“Аъроф” сураси, 56-оят), дейилади.
Аллоҳ таоло ушбу икки ояти каримада ер ва уни ўраб турган табиатни асраб-авайлашга, ундан оқилона фойдаланишга буюради. Шунинг баробарида унга зарар етказишнинг ҳар қандай туридан қайтаради.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматларига деҳқончилик, хусусан, кўчат экишга ундаб, бундай деганлар: “Агар қиёмат бўлиб қолса ва биронтангизнинг қўлингизда хурмо дарахти бўлса, бас, уни экиб олсин” (Имом Бухорий ва Имом Аҳмад ривояти).
Шунингдек, Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Ким Аллоҳга ишониб ва савоб умид қилиб қаровсиз ерни обод қилса, Аллоҳ унинг ишига ёрдам ва барака беради”, дейилган.
Абу Дардо розийаллоҳу анҳу ривоят қилади: “Бир киши Дамашқ кўчаларининг биридан ўтаётса, кўча экаётган одамга кўзи тушибди ва унга: “Нега бу ишни қилаяпсиз, ахир сиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг саҳобаларидансиз-ку?” дебди. Шунда у киши: “Сен шошма, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ким бир кўчат экса, ундан одам ёки Аллоҳ яратган махлуқотлардан биронтаси еса, бунинг эвазига ўша (кўчат эккан банда)га садақа бўлади”, деб айтганларини эшитганман”, дебди”, (Имом Аҳмад ривояти).
Демак, кўчат экиш савобли амаллар сирасига киради. Кўчат экиш ва уни парваришлаш киши дунёдан ўтиб, амал саҳифаси ёпилганидан сўнг ҳам, унинг ҳаққига муттасил равишда савоб бориб туришига сабаб бўлар экан.
Шундай экан, бизлар ҳам бу эзгу ишдан четда қолмайлик, ободончилик ва фаровонлик йўлида қўлимиздан келган чораларни кўрайлик. Ортимиздан доғ эмас, гўзал боғлар қолсин!
Мусохон АББОСИДДИНОВ,
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Наманган вилоят вакили,
вилоят бош имом-хатиби