Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Баъзи биродарларимдан: «Тўрт мазҳабдан олдин кимлар бўлган?» деб сўрайман. Улар: «Тобеъинлар, саҳобалар бўлишган», дейишади. Йўқ. Улардан, яъни тўрт мазҳабдан олдин кофирлар бор эди. «Қандай қилиб тўрт мазҳабдан олдин кофирлар бўлади?» дейишади, чунки бу тўрт мазҳаб Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган. Набий алайҳиссаломдан олдингилар эса кофир бўлган, чунки ҳанафий мазҳаби Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошланган.
Тўртинчи ёки бешинчи бўлиб Исломга кирган Ибн Масъуд Кўфага борди. Бир неча йил ўтиб, у ерга Алий розияллоҳу анҳу борди. Сўнг етмишта бадрий (бадр жангида қатнашган) саҳоба, сўнг бир ярим минг саҳоба борди. Ана шулар ҳанафий мазҳабига асос солишди. Сизлар ҳозир ўрганаётган масалалар Ибн Масъуднинг масалаларидир.
Профессор, шайх Салоҳ Абул Ҳож ҳазратлари
«Ҳанафий мазҳабига теран нигоҳ» китобидан
Cавол: Бир одам аёлига талоқ берган, кейин яқинларига ўша инсоннинг сеҳрлангани маълум бўлибди. Сеҳр қилинган кишининг талоғи ўтадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аслида талоқ тушиши учун эрнинг ақл-ҳуши жойида бўлиши шарт. Шунинг учун фуқаҳоларимиз мажнун (ақли заиф), уйқудаги ва беҳуш кишининг талоғи ўтмаслигини таъкидлашган. Худди шунингдек, сеҳр сабабидан ақли жойида бўлмаса, феъл-атвори ўзининг мувозанатидан ташқарида бўлсаю хотинини талоқ қилса, талоғи тушмайди. Агар сеҳр қилинган кишининг ақл-ҳуши жойида бўлиб, ўзининг ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда бажараётган бўлса, унинг талоғи тушади. Замондош ҳанафий уламолар сеҳр қилинган кишининг тасарруфи (талоқ, савдо каби ишлари) ҳақида бундай деганлар:
إن فقد عقله فهو غير مكلّف، وإلّا فيكون مكلّفاً
“Агар сеҳр қилинган киши ақл-ҳушини йўқотган бўлса, мукаллаф эмас (яъни талоғи ўтмайди). Аксинча - ақли жойида бўлса, мукаллаф саналади (яъни қилган ишларига жавобгар бўлади)” ("Арийжуз зуҳр” китоби).
Демак, саволда сўралган ҳолатда кишининг талоғи тушиши ақли жойида ёки жойида эмаслигига боғлиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.