Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: نَفْسُ الْمُؤْمِنِ مُعَلَّقَةٌ بِدَيْنِهِ حَتَّى يُقْضَى عَنْهُ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Мўминнинг руҳи то қарзини адо қилмагунча қарзига боғлиқ бўлиб туради», дедилар» (Термизий, Ибн Можа, Аҳмад ривоят қилганлар).
Шарҳ: Мўмин кишининг қарзи бўлса, ўлганидан кейин унга жаннатдаги макони кўрсатилмай турар экан. Қачон қарзи узилса, ўшандан кейингина кўрсатилар экан. Бунда эса ўзига яраша қабр азоби бор. Бировнинг ҳаққи шу даражада аҳамиятли. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам қарзи борларга ўзлари жаноза ўқимаган ҳоллари бўлган.
Бундан ким қабрда ноқулай ҳолга тушиб қолмай, деса, тириклигида ўзида бирор кишининг ҳаққи қолмаслиги учун ҳаракат қилиши лозим.
«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди
Cавол: Бир одам аёлига талоқ берган, кейин яқинларига ўша инсоннинг сеҳрлангани маълум бўлибди. Сеҳр қилинган кишининг талоғи ўтадими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аслида талоқ тушиши учун эрнинг ақл-ҳуши жойида бўлиши шарт. Шунинг учун фуқаҳоларимиз мажнун (ақли заиф), уйқудаги ва беҳуш кишининг талоғи ўтмаслигини таъкидлашган. Худди шунингдек, сеҳр сабабидан ақли жойида бўлмаса, феъл-атвори ўзининг мувозанатидан ташқарида бўлсаю хотинини талоқ қилса, талоғи тушмайди. Агар сеҳр қилинган кишининг ақл-ҳуши жойида бўлиб, ўзининг ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда бажараётган бўлса, унинг талоғи тушади. Замондош ҳанафий уламолар сеҳр қилинган кишининг тасарруфи (талоқ, савдо каби ишлари) ҳақида бундай деганлар:
إن فقد عقله فهو غير مكلّف، وإلّا فيكون مكلّفاً
“Агар сеҳр қилинган киши ақл-ҳушини йўқотган бўлса, мукаллаф эмас (яъни талоғи ўтмайди). Аксинча - ақли жойида бўлса, мукаллаф саналади (яъни қилган ишларига жавобгар бўлади)” ("Арийжуз зуҳр” китоби).
Демак, саволда сўралган ҳолатда кишининг талоғи тушиши ақли жойида ёки жойида эмаслигига боғлиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.