Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бир куни Жаброил алайҳиссалом Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мана, Хадича қўлида бир идиш билан ҳузурингизга келяпти. Унда нонхуруш (ёки таом) ва ичимлик бор. У ҳузурингизга етиб келганида унга Робби азза ва жалладан ва мендан салом айтинг ва унга жаннатда лаълдан қилинган, ғавғо ҳам, қийинчилик ҳам бўлмайдиган уйнинг хушхабарини беринг», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ ва Жаброил алайҳиссаломнинг саломларини суюкли ёрлари Хадича онамизга етказдилар. У зот ҳам саломларни улкан мамнуният ила қабул қилдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Хадича онамизнинг жаннатдаги мавқеини бундай таърифлайдилар: «Жаннат аёлларининг энг яхшилари Хадича, Фотима, Марям ва Осиёдир». Бу борадаги бошқа бир ҳадиснинг маъноси қуйидагича: «Дунёда ҳам, охиратда ҳам тўртта қадрли аёл бор. Имроннинг қизи Марям, Фиръавннинг хотини Осиё, Хувайлиднинг қизи Хадича ва Муҳаммаднинг қизи Фотима». Ҳазрати Алий розияллоху анху ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг бундай деганларини айтади: «(Замонасининг) энг яхши аёли Марям бинту Имрондир. (Замонасининг) энг яхши аёли Хадича бинту Хувайлиддир».
«Миллионер саҳобалар» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки Аллоҳнинг ҳузурида унга нима борлигини билишни истаса, ўзида Аллоҳ учун нима борлигига қарасин».
Имом Суютий «Жомеъус соғир»да ривоят қилиб, Дорақутнийга нисбат берганлар.
Шарҳ: Банда ўзини қайси мавқеъга мос кўрса, Аллоҳ таоло ўша мақомга туширади. Банданинг қалбида Аллоҳнинг манзилати, банда қай даража Аллоҳнинг таниши, маърифати, билиши, Уни олий санаши, Уни улуғлаши қадарича бўлади. Шунингдек, банданинг қалбида Аллоҳдан ҳаё қилиши, Ундан қўрқиши, Унинг амрлари ва қайтариқларини қоим қилишдаги ҳурмати, қалбини хотиржам бўлиши, У Зотга жисми билан, руҳи ва қалби билан таслим бўлмоғи, ишларида Унинг муроқабасини ҳис этиши, Унинг зикрини ўзига лозим тутиши, неъматларига эришиш йўлида машаққатларни кўтариши, маишат роҳатини У учун тарк этишида, У ҳақдаги яхши гумони миқдорича бўлади.
Шунингдек, одамларнинг бу ўриндаги даража ва насибалари юқоридагилардан олган насибалари миқдорича бўлиб, бас, уларнинг насибалари улканроқ даража бўлади, унинг акси бўлса акси қадар бўлади.
Имом Муновийнинг «Жомеъус соғийр»га ёзган шарҳи,
«Файзул қодир»дан.