Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Декабр, 2025   |   5 Ражаб, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:47
Пешин
12:28
Аср
15:18
Шом
17:03
Хуфтон
18:22
Bismillah
25 Декабр, 2025, 5 Ражаб, 1447
Мақолалар

Энг содиқ дўст

07.11.2024   4252   2 min.
Энг содиқ дўст

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Китоб холис суҳбатдош, тўғрисўз ва содиқ дўстдир. Сиздан малолланмайдиган ҳамроҳдир. Мол-дунёингиз уни қизиқтирмайди.

Сизга макр-ҳийла ҳам қилмайди, мунофиқларча алдамайди, ёлғон сўзламайди. Китоб ҳақиқий дўстдир.

Китобга қараганингиз сари ундан фойда оласиз, завқ-шавқ туясиз ва роҳатланасиз, зеҳнингиз ойдинлашади, тилингиз равон бўлади, ифодангиз кўркам, руҳингиз тетик, қалбингиз обод бўлади, сизга халқ ҳурматини, подшоҳлар садоқатини инъом этади.

Китоб сизга туну кун ва ҳар ерда яхшилик қилади.

Китоб бир лаҳза ҳам ором олмайди. У бедорликдан чарчамайдиган, керагида сизга ёрдамлашиб келадиган муаллимдир.

Ундан йироқлашсангиз ҳам сиздан ранжимайди, бераётган фойдасини тўхтатиб қўймайди, сизга итоат қилишда давом этаверади.

Агар душманларингиз иши юришиб қолса, сизни ташлаб улар томонга оғиб кетмайди. Қачон у билан бирга сизни юксакларга элтувчи пиллапояга қадам қўйсангиз ёки маърифат арқонига осилсангиз, яъни машаққат билан етиладиган қайси ишга киришсангиз, сиз учун унинг ўзи етарли ёрдамчидир.

Кўпроқ китоб ўқишни ҳаммамиз ҳам ҳоҳлаймиз, албатта. Лекин бунга доим ҳам имкон топмаймиз ёки ҳиммат қилмаймиз.

Аввало нима учун китоб ўқиш кераклигини тушуниб етишимиз керак.

Ниятни аниқ қилиб олишимиз керак.

Ўзимизга вазифа белгилаб олишимиз лозим. (Масалан, 10 бет ўқийман).

Мутолаани қизиқарли, ҳажми кичикроқ китоблардан бошлашимиз керак.

Бўш вақтдан унумли фойдаланишимиз керак. (Бўш вақт бўлди дегунча китоб мутолаа қилишга ошиқишимиз лозим, телефонга эмас).

Китоб ўқишдан чалғитадиган омилларни чеклашимиз даркор.

Қоғоз китобларни кўп ўқишлик керак. (Электрон қурилмаларда китоб ўқиётганимизда интернетга кириб кетамиз ва мутолаани ташлаб қўямиз).

Кутубхоналарга кўпроқ боришни одат қилишлик керак.

Овқатланиш ва бошқа рефлексларимиз бўлганидек, кўпроқ китоб ўқишни ҳам рефлексга айлантиришимиз лозим.

Китоб билан бирга эканмиз, ўзимизни ёлғиз ва чорасиз ҳис қилмаймиз. Ҳеч бўлмаганда, китоб бизни уйимиз, иш жойимиз олдидан ўтувчи йўловчиларга мақсадсиз қараб ўтиришдан сақлайди. Бу билан биз дунё ва охиратда жуда катта фойдага эришган бўламиз иншааллоҳ.

Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
Етти чиноржоме масжиди имом-ноиби.

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида

24.12.2025   2224   3 min.
2026 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони

Фуқароларнинг расмий саналарни нишонлаш даврида тўлиқ дам олиши учун шарт-шароитлар яратиш, “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастури доирасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш учун дам олиш ва байрам кунларидан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида қарор қиламан:

1. Қуйидаги қўшимча дам олиш кунлари белгилансин:

(а) 2025 йилда барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар) 31 декабрь – чоршанба;

(б) 2026 йилда:

(i) барча ходимлар учун (иш ҳафтасининг туридан қатъи назар):  2 январь – жума, 28 май – пайшанба, 29 май – жума, 31 август – душанба;

(ii) олти кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун: 3 январь – шанба, 30 май – шанба, 31 декабрь – пайшанба.

2. Меҳнат кодексининг 208-моддасига мувофиқ:

(а) ишланмайдиган байрам кунлари ҳисобланувчи 8 март – Хотин-қизлар куни байрами 2026 йилда якшанба – дам олиш кунига ва 21 март – Наврўз байрами ҳамда 9 май – Хотира ва қадрлаш куни байрамлари беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун шанба – дам олиш кунига тўғри келиши муносабати билан ушбу дам олиш кунлари мос равишда 2026 йил 9 март, 23 март ва 11 май – душанба кунларига кўчирилиши;

(б) ишлаб чиқариш-техник ва ташкилий шароитлар (мавжуд узлуксиз ишлаб чиқариш, аҳолига ҳар куни хизмат кўрсатиш, навбатчилик асосида ишлаш ва бошқалар) туфайли ишланмайдиган байрам кунлари тўхтатиб қўйиш мумкин бўлмаган ишларни бажаришда дам олиш кунлари кўчирилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.

3. Беш кунлик иш ҳафтасида ишлайдиган ходимлар учун дам олиш куни 2026 йилда 12 декабрь – шанба кунидан 31 декабрь – пайшанба кунига кўчирилсин.

4. Байрам (ишланмайдиган) кунларининг узайтирилишини ҳисобга олган ҳолда республика аҳолисининг мароқли дам олиши учун:

(а) Туризм қўмитаси ва Маданий мерос агентлиги туризм намойиши объектлари (маданий мерос объектлари, музейлар) ва меҳмонхона хизматлари учун чегирмалар берилиши ҳамда акциялар ўтказилишини ташкил этсин;

(б) Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда санаторийлар ва соғломлаштириш муассасалари учун чегирмалар бериш ҳамда акциялар ўтказиш тавсия этилсин;

(в) “Uzbekistan Airways” АЖ ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖга ички транспорт қатновлари учун чегирмалар бериш ва акциялар ўтказиш тавсия этилсин.

5. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясига:

(а) меҳнат жамоалари ўртасида ушбу Фармоннинг мақсади, мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш ишларини ташкил этиш;

(б) узайтирилган байрам кунларида ходимлар ва уларнинг оила аъзолари мароқли дам олишини таъминлаш юзасидан касаба уюшмалари ташкилотларининг ишини фаоллаштириш тавсия этилсин.

6. Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги билан биргаликда байрам кунлари ўтказиладиган тадбирлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари, шу жумладан, Интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали аҳолининг кенг хабардор қилинишини таъминласин.

7. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 24 декабрдаги “Янги йил байрамини нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунни белгилаш ва дам олиш кунини кўчириш тўғрисида”ги ПҚ–452-сон қарори ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

8. Белгилансинки, ушбу Фармон 2027 йил 1 январдан эътиборан ўз кучини йўқотади.

9. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н. Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш. Мирзиёев

Ўзбекистон янгиликлари