Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Китоб холис суҳбатдош, тўғрисўз ва содиқ дўстдир. Сиздан малолланмайдиган ҳамроҳдир. Мол-дунёингиз уни қизиқтирмайди.
Сизга макр-ҳийла ҳам қилмайди, мунофиқларча алдамайди, ёлғон сўзламайди. Китоб ҳақиқий дўстдир.
Китобга қараганингиз сари ундан фойда оласиз, завқ-шавқ туясиз ва роҳатланасиз, зеҳнингиз ойдинлашади, тилингиз равон бўлади, ифодангиз кўркам, руҳингиз тетик, қалбингиз обод бўлади, сизга халқ ҳурматини, подшоҳлар садоқатини инъом этади.
Китоб сизга туну кун ва ҳар ерда яхшилик қилади.
Китоб бир лаҳза ҳам ором олмайди. У бедорликдан чарчамайдиган, керагида сизга ёрдамлашиб келадиган муаллимдир.
Ундан йироқлашсангиз ҳам сиздан ранжимайди, бераётган фойдасини тўхтатиб қўймайди, сизга итоат қилишда давом этаверади.
Агар душманларингиз иши юришиб қолса, сизни ташлаб улар томонга оғиб кетмайди. Қачон у билан бирга сизни юксакларга элтувчи пиллапояга қадам қўйсангиз ёки маърифат арқонига осилсангиз, яъни машаққат билан етиладиган қайси ишга киришсангиз, сиз учун унинг ўзи етарли ёрдамчидир.
Кўпроқ китоб ўқишни ҳаммамиз ҳам ҳоҳлаймиз, албатта. Лекин бунга доим ҳам имкон топмаймиз ёки ҳиммат қилмаймиз.
Аввало нима учун китоб ўқиш кераклигини тушуниб етишимиз керак.
Ниятни аниқ қилиб олишимиз керак.
Ўзимизга вазифа белгилаб олишимиз лозим. (Масалан, 10 бет ўқийман).
Мутолаани қизиқарли, ҳажми кичикроқ китоблардан бошлашимиз керак.
Бўш вақтдан унумли фойдаланишимиз керак. (Бўш вақт бўлди дегунча китоб мутолаа қилишга ошиқишимиз лозим, телефонга эмас).
Китоб ўқишдан чалғитадиган омилларни чеклашимиз даркор.
Қоғоз китобларни кўп ўқишлик керак. (Электрон қурилмаларда китоб ўқиётганимизда интернетга кириб кетамиз ва мутолаани ташлаб қўямиз).
Кутубхоналарга кўпроқ боришни одат қилишлик керак.
Овқатланиш ва бошқа рефлексларимиз бўлганидек, кўпроқ китоб ўқишни ҳам рефлексга айлантиришимиз лозим.
Китоб билан бирга эканмиз, ўзимизни ёлғиз ва чорасиз ҳис қилмаймиз. Ҳеч бўлмаганда, китоб бизни уйимиз, иш жойимиз олдидан ўтувчи йўловчиларга мақсадсиз қараб ўтиришдан сақлайди. Бу билан биз дунё ва охиратда жуда катта фойдага эришган бўламиз иншааллоҳ.
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
“Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби.
Cавол: Маҳсига масҳ тортиш фарзми, суннатми, вожибми? Маҳси кийган одам таҳорат қилганда масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Тўлиқ таҳорат билан маҳси кийган кишининг таҳорати синса ва у маҳсини ечмасдан янгидан таҳорат қилмоқчи бўлса, масҳ тортиши фарз бўлади. Агар масҳ тортмасдан намоз ўқиса, намози дуруст бўлмайди. Чунки маҳсига масҳ тортиш оёқни ювиш ўрнидадир. Шундай экан таҳоратда оёқ ювиш фарз эди, маҳсига масҳ тортиш ҳам фарз бўлади. Бу ҳақда "Лубоб" китобида бундай дейилади:
(وفرض ذلك) المسح (مقدار ثلاث أصابع من أصغر أصابع اليد) طولاً وعرضاً
"Маҳсига масҳ тортишнинг фарзи қўлнинг кичик бармоқларидан учтаси миқдоридадир. Бу миқдор қўл бармоғининг бўйи ва энича бўлади (яъни намланган қўллар билан шу миқдорда чизиқ тортади)". Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази