Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Бир киши айтади: "Бир куни мен болтамни йўқотиб қўйдим. Менга қўшним болтани ўғирлагандек туюлди. Гумонимни тасдиқлаш учун уни диққат билан кузатдим. Унинг юриши худди болтамни ўғирлаган одамнинг юришидай кўринди. Гапириш тарзи ҳам, ҳамма ҳаракатлари болтамни ўғирлаган кишининг ҳаракатидек туюлаверди.
Ўша кеча болта қайғусида уйқум келмади, туни билан уйғоқ қолиб, қўшнимни ўғри эканлигини қандай қилиб аниқласам экан, деб ўйланиб чиқдим. Эрта тонгда турсам болтам топилиб қолди. Кичик ўғлим болтани устига пўстинни ташлаб қўйган экан. Кейин қўшнимга қарасам, у болтамни ўғирлаган одамга ўхшамай қолди. На юриши, на гапириши, на бошқа ҳатти-ҳаракатлари болтани ўғирлаган кишиникига ўхшамайди. У кўзимга бутунлай беайб, бегуноҳ одам бўлиб кўринди.
Шундагина тушундимки, аслида менинг ўзим ўғри эканман. Қўшнимнинг беозорлиги ва ишончини ўғирлаб, унинг шаънига доғ туширдим. Қолаверса, ўз ҳаётимдан бир кечани ўғирладим, уни бегуноҳ одамни айблаш йўлини ахтариш билан ўтказдим.
Ичидан булғанган одам атрофида тоза, бегуноҳ инсонлар борлигини тушуниб етмас экан...".
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ