Бутунжаҳон глобал саммитида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари нутқ сўзлаб, дунёда иқлим ўзгариши оқибатида ҳарорат кўтарилиши, саҳролар кенгайиши, чанг-тўзон, сув тошқинлари ва қум бўронлари каби табиат ҳодисалари содир бўлаётганини хавотир билан таъкидлаш баробарида ҳар бир инсон Аллоҳнинг омонати бўлган табиатга оқилона муносабатда бўлишига чақирдилар.
Мамлакатимизда иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш, табиий бойликлардан самарали фойдаланиш ҳамда биологик хилма-хилликни янада бойитишга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларга Муфтий ҳазрат алоҳида тўхталдилар. Зеро, Аллоҳ таоло Ер юзини обод қилиш инсонлар зиммасидаги муҳим вазифа эканини таъкидлаб, Қуръони каримдаги “У сизларни ердан пайдо қилди ва унга сизни обод қилиш учун жойлаштирди” (Ҳуд сураси, 61-оят) ояти кариманинг мазмун-моҳиятини изоҳладилар. Шунингдек, Набий алайҳиссаломнинг “Зарар қилиш ҳам, зарар кўриш ҳам йўқ” (Имом Аҳмад ривояти), деган ҳадиси шарифларини келтирдилар.
Шунингдек, Муфтий ҳазратлари юртимизда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш, табиатга етказилаётган зарарларнинг олдини олиш мақсадида, уламолар ва имом-хатиблар томонидан маҳаллалар, таълим муассасаларида учрашувлар ўтказилаётгани, масжидларда эса маъвизалар қилинаётгани каби тажрибалар билан ўртоқлашдилар.
Саммит иштирокчилари мамлакатимиз диний соҳа ходимларининг иқлим ўзгаришини олдини олишдаги фаолликларига юқори баҳо берди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Нўъмонхон Яҳёхон
Тошкент ислом институти талабаси