Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳаворижлардан бири Ҳасан розияллоҳу анҳунинг отаси Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга суиқасд қилиб, уни заҳарли қилич билан яралаган эди. Ҳасан розияллоҳу анҳу отасининг «Нега йиғлаяпсан?» деган саволига: «Сиз дунёнинг охирги ва охиратнинг биринчи кунидасиз», деб жавоб берди. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уни йиғидан тўхташга буюрди. Кейин бир қанча маслаҳатлар беришини, уларни ёдда сақлаши кераклигини, шундай қилса, ҳар доим фойда олишини айтди. Ҳасан розияллоҳу анҳу: «Улар нима, ота?» дегач, қуйидагиларни баён қилди:
«Энг катта бойлик ақлдир. Энг катта қашшоқлик аҳмоқликдир. Энг катта жоҳиллик такаббурликдир. Энг катта устунлик гўзал ахлоқдир. Мен сенга маслаҳат бераман: аҳмоқлар билан дўстлашма, чунки аҳмоқ сенга ёрдам бермоқчи бўлади, лекин сенга зарар етказади. Ёлғончилар билан ҳам дўстлашма, чунки улар узоқни яқин, яқинни эса узоқ қилиб кўрсатади. Зиқнага ҳам яқинлашма, чунки зиқна сенга керак бўлган нарсани энг муҳтож бўлиб турган пайтингда бермайди. Ёмон одамлар билан дўстлашмасликни маслаҳат бераман, чунки ёмон одам сени арзонга сотади».
Ушбу суҳбатдан кейин Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳижрий 60 йил (милодий 661 йил)да шаҳид бўлди. Ҳазрати Алий розияллоху анҳу халифалик даврида Байтулмолдан жуда оз маош оларди. У киши мусулмонларга: «Сизларнинг мулкингиздаги ҳаққим кунига икки товоқ таомдир», дер эдилар. У ўз мол-мулкидан жуда кўп даромад олган бўлса-да, бутун бойлигини камбағал ва ночорлар учун сарфлар, оиласи эса дағал кийим ва арпа нон билан кифояланар эди. Ҳазрати Алий ўз бойлигидан шахсий манфаати учун деярли фойдаланмасди, бошқаларга саховатли саҳобий эди. Бу масалада ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо ҳам ота изидан боришган.
«Миллионер саҳобалар» китобидан
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Мактабимизда буфет бўлар эди. Ўша тарафдан ажойиб ҳидлар келардида ўзиям... Чўнтагимизда беш-ўн тийин пулимиз бўлса, катта танаффус бўлди дегунча ўша ёққа югурардик. Кулча, «қуш тили», икрали нон 5 тийин эди. Майизли булочка 10 тийин. «Трубочка» – 15 тийин. Иссиқ овқат учун 20 тийин керак эди. Бунча пул менда камдан-кам бўларди. Шунинг учун кўпинча, кулча ёки усти шакарли, тил шаклидаги «қуш тили» олар эдим.
Буфетимизда иккита аёл галма-гал ишларди. Бири, қўполлиги учун ҳамма ёмон кўрадиган – Шарофат опа (исм ўзгартирилди), иккинчиси жуда мулойим, болаларга меҳрибон, кичкинагина фариштасифат, татар аёли – Ҳадия опа эди. Бу аёл бизнинг қўшнимиз Карим аканинг аёли эди. Икковларини ҳам Аллоҳ раҳматига олган бўлсин.
Патнисда тахланган «қуш тили» ҳар хил бўлар эди. Орасида қийшиқ ёки чети куйганлари ҳам бўлар эди. Шарофат опадан оладиган бўлсам, негадир, «қуш тили»ларнинг орасидан энг ёмонини танлаб олиб берар эди. Индолмасдим...
Ҳадия опа эса, навбатда болалар кўп бўлишига қарамасдан, эринмай, «қуш тили»ларнинг орасидан энг яхшисини танлаб, жилмайиб берар эдилар. Ҳаммага ҳам шундай қилардилар. Бир куни онамга шуни айтдим.
– Ҳадия опа жуда яхши хотин-а, ойи?
– Ҳа, яхши аёл. Нега унақа деяпсан?
– Нарса олсам доим энг яхшисини олиб берадилар. Шарофат опа эса, энг ёмонини танлаб берадилар.
Онам бирпас ўйлаб туриб:
– Бир кунда патнисдаги ўша «қуш тили»ларнинг ҳаммаси сотиб бўлинадими? – деб сўрадилар.
– Ҳа, тўртинчи соатдан кейин борсам битта ҳам қолмаган бўлади.
– Қара, Шарофат опа ҳар бир болага патнисдаги «қуш тили»ларнинг энг ёмонидан бошлаб сотиб тугатади. Ҳадия опа эса ҳар бир болага энг яхшисидан бериб тугатади. Ўша қийшиқ «қуш тили» ҳам қолиб кетмайди. Тўғрими? Иккови ҳам бор «язик»ларнинг ҳаммасини сотиб тугатишади. Лекин, биттаси «ёмон хотин» деб танилади. Ҳамма уни ёмон кўради. Иккинчиси эса, «яхши хотин» бўлиб танилади. Ҳамма уни яхши кўради. Энди ўзинг хулоса қил, болам....
Онам раҳматлининг мана шу гаплари менга зўр дарс бўлган. Биров билан олди-берди қилаётганимда доим шу қоидани эслайман. Дўконимда иккита бир хил маҳсулотнинг энг яхшисини кўрсатишга ҳаракат қиламан. Иккинчиси ҳам қолиб кетмайди. Бир одамга иккита нарсадан яхшироғини берган бўламан. Иккинчисига эса, қўлимдаги борини берган бўламан.
Айниқса, пул олди-бердисида шундай қилсангиз, ҳаммага ёқади. Дейлик, бировга икки миллион сўм беришингиз керак. Сизда ҳар хил миқдордаги қоғоз пуллар бор. Минг сўмликдан то 200 минг сўмликкача. Мижоз кўриб турибди. Сиз унга пулларингиз орасидан энг йиригини, уларнинг ҳам орасидан ҳолати энг янги бўлганини беришга одат қилинг. Шунда рўпарангиздаги инсонда бу ишингиз билан жуда яхши таассурот қолдирасиз. Эски пулларнинг ҳам жойи чиқади, албатта. Ишлатилмай қолиб кетмайди.
Шу қоидага бир амал қилиб кўринг-а!
Шоолим Шомансуров
«Ҳилол» журнали 4(61) сон