Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
17 Июн, 2025   |   21 Зулҳижжа, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:04
Қуёш
04:49
Пешин
12:29
Аср
17:39
Шом
20:02
Хуфтон
21:40
Bismillah
17 Июн, 2025, 21 Зулҳижжа, 1446

Дунёнинг охирги ва охиратнинг биринчи кунидасиз

07.11.2024   4540   2 min.
Дунёнинг охирги ва охиратнинг биринчи кунидасиз

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ҳаворижлардан бири Ҳасан розияллоҳу анҳунинг отаси Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга суиқасд қилиб, уни заҳарли қилич билан яралаган эди. Ҳасан розияллоҳу анҳу отасининг «Нега йиғлаяпсан?» деган саволига: «Сиз дунёнинг охирги ва охиратнинг биринчи кунидасиз», деб жавоб берди. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу уни йиғидан тўхташга буюрди. Кейин бир қанча маслаҳатлар беришини, уларни ёдда сақлаши кераклигини, шундай қилса, ҳар доим фойда олишини айтди. Ҳасан розияллоҳу анҳу: «Улар нима, ота?» дегач, қуйидагиларни баён қилди:

«Энг катта бойлик ақлдир. Энг катта қашшоқлик аҳмоқликдир. Энг катта жоҳиллик такаббурликдир. Энг катта устунлик гўзал ахлоқдир. Мен сенга маслаҳат бераман: аҳмоқлар билан дўстлашма, чунки аҳмоқ сенга ёрдам бермоқчи бўлади, лекин сенга зарар етказади. Ёлғончилар билан ҳам дўстлашма, чунки улар узоқни яқин, яқинни эса узоқ қилиб кўрсатади. Зиқнага ҳам яқинлашма, чунки зиқна сенга керак бўлган нарсани энг муҳтож бўлиб турган пайтингда бермайди. Ёмон одамлар билан дўстлашмасликни маслаҳат бераман, чунки ёмон одам сени арзонга сотади».

Ушбу суҳбатдан кейин Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳижрий 60 йил (милодий 661 йил)да шаҳид бўлди. Ҳазрати Алий розияллоху анҳу халифалик даврида Байтулмолдан жуда оз маош оларди. У киши мусулмонларга: «Сизларнинг мулкингиздаги ҳаққим кунига икки товоқ таомдир», дер эдилар. У ўз мол-мулкидан жуда кўп даромад олган бўлса-да, бутун бойлигини камбағал ва ночорлар учун сарфлар, оиласи эса дағал кийим ва арпа нон билан кифояланар эди. Ҳазрати Алий ўз бойлигидан шахсий манфаати учун деярли фойдаланмасди, бошқаларга саховатли саҳобий эди. Бу масалада ўғиллари Ҳасан ва Ҳусайн розияллоҳу анҳумо ҳам ота изидан боришган.

«Миллионер саҳобалар» китобидан

Бошқа мақолалар

Самарқанд шаҳри 2026 йилда Глобал экологик фонд ассамблеясига мезбонлик қилади

16.06.2025   1540   1 min.
Самарқанд шаҳри 2026 йилда Глобал экологик фонд ассамблеясига мезбонлик қилади

Саудия Арабистонининг етакчи оммавий ахборот воситалари Ўзбекистон ҳаётида кечаётган муҳим воқеларни ёритишда давом этаяпти, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА мухбири. 
 

Хусусан, ушбу мамлакатдаги оммабоп "Sahm News" электрон нашрида Ўзбекистон 2026 йилда Глобал экологик фонд ассамблеясига мезбонлик қилиши ҳақидаги маълумотни тарқатди.

 

"Ўзбекистоннинг Самарқанд шаҳри 2026 йилги Глобал экологик фонд ассамблеясига мезбонлик қилиш учун танланди. Ассамблея Марказий Осиёда иқлим ўзгариши, сув танқислиги ва ер деградациясига қарши курашиш учун маблағ йиғиш платформасига айланиши кутилмоқда", – дейилган материалда.

 

Қайд этилишича, 2026 йилда Самарқанд шаҳрида Глобал экологик фонднинг саккизинчи йиғилиши ва Глобал экологик фонд кенгашининг етмиш биринчи йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. "Бу қарор АҚШнинг Вашингтон шаҳрида бўлиб ўтган Кенгашнинг олтмиш тўққизинчи йиғилишида қабул қилинди", дея урғуланган мақолада.

 

Саудиянинг етакчи "Watan News" нашри эса Ўзбекистон Президентининг яқин келажакда Брюсселга ташриф буюриши ҳақида ёзди. "Бу ҳақда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тобго Клан тўртинчи Тошкент халқаро инвестиция форумда маълум қилди", дея таъкидланган манбада.

 

"Бундай ташриф тарихий воқеа ҳамда Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасида кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш учун ноёб имконият яратади", – дея Тобго Клан фикрларидан иқтибос келтирилган мақолада.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати