Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
27 Ноябр, 2024   |   26 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:25
Пешин
12:16
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
27 Ноябр, 2024, 26 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Вафотингни эмас, охиратингни ўйлаб ғамдаман

8.11.2024   1742   2 min.
Вафотингни эмас, охиратингни ўйлаб ғамдаман

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Муҳаммад ибн Куносадан ривоят қилинади: «Зарр ибн Умар Ҳамадоний тўсатдан вафот этиб қолди. Буни эшитган қариндошлари Заррнинг отаси олдига уввос солиб йиғлаб келишди. Ота ўзи маҳзун бўлса-да, қариндошларни сабрли бўлишга чақириб, «Сизларга нима бўлди? Ўғлимнинг жонини олган Аллоҳга шикоят қиляпсизларми?» деди. Улар: «Ҳа, Аллоҳга қасамки, биз зулм кўрмадик, озор кўрмадик, бизга ноҳақлик қилинмади, ортиқча нарса сўралмади. Аллоҳ таолога ҳеч қандай шикоятимиз йўқ» деб, ўзларини босиб олишди. Жаноза ўқилиб, маййит тобутда одамларнинг елкалари узра қабристон томон йўл олди. Отаси жасадни қабрга қўяркан, ўғли билан шундай видолашди: «Ўғлим, Аллоҳ сенга раҳм қилсин. Аллоҳга қасам, сен менга яхшилик қилар эдинг, мени яхши кўрардинг. Шунинг учун аҳволингдан кўп хавотирланмаяпман. Бизга Аллоҳ таолонинг Ўзи кифоя, бизни ташлаб қўймайди. Сен кетиб, азиз ҳам бўлмадик, хор ҳам бўлмадик. Мен сенинг вафотингни эмас, охиратдаги ҳолингни ўйлаб кўпроқ қайғуряпман. Эй Зарр, охират қўрқинчи бўлмаганда, сенинг ўрнингда бўлишни орзу қилган бўлардим!».

Кейин Роббул оламинга илтижо билан бундай дуо қилди: «Аллоҳим, ўғлим Заррнинг вафоти билан берган мусибатингга сабр қилсам, савоб ваъда қилгансан. Аллоҳим, ўғлим Заррга салавот ва раҳматинг бўлсин! Аллоҳим, ўғлим учун берадиган ажрингни силаи раҳм ўлароқ унга бераман. Уни ёмон бандаларинг қаторида кўрмагин. Унинг гуноҳларини кечиргин, чунки Сен унга мендан ҳам меҳрибонсан. Аллоҳим, унинг менга қилган баъзи ёмонликларини кечирдим, Сенга нисбатан қилган нотўғри ишлари бўлса, уларни кечириб, ўрнига мукофот бергин. Сен мендан сахий ва карамлисан».

Ниҳоят, қабристондан чиқиб кетаётиб, ўғлининг қабрига қараб шундай деди: «Эй Зарр, сенга фойда берадиган нарсани ҳозир қилган бўлсак-да, сени қўлимиздан келганча дафн қилган бўлсак-да, барибир сени шу ерда ташлаб кетишга мажбурмиз...».

«Солиҳлар гулшани» китобидан
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби тайёрлади.

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Бой бўлишни истайсизми?

25.11.2024   2702   5 min.
Бой бўлишни истайсизми?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса динимизда унга бой бўлишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши! деганлар (Имом Бухорий Имом, Имом Табароний ривоят қилган).

Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяптилар. Умрларида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлсалар-да, китоб дўконларидаги “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқишади. Ҳар гал янги чиққан фолбиннинг “энг яқин мижоз”ига айланиб улгурадилар. Энг ачинарлиси, мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётган аёлларнинг одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.

«Биз хориж давлатларидан бирига борганимиздан сўнг, алданганимизни билдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...» афсуски бу гаплар ҳам айнан бойлик ортидан қувган бир ўзбек аёлига тегишли.

Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.

Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган дин кўрсатмаларини қўйиб, сафсаталарга ишонишмоқда. Маҳалла, турли тадбир ва жамоат жойларида уларнинг қилмишларидан эҳтиёт бўлишга қанчалик тарғиб этилмасин, уларнинг қармоғига илинганларнинг сони камаймаяпти? Бу савол жавоби сабрсизликдир.Улар сабрни бир четга суриб қўйиб, ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўлмоқдалар. Қадимда ота-боболаримиз не-не қонли синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган бўлсаларда, лекин ҳеч қачон сабрсизлик қилмаганлар.

Фараз қилинг, бир хонадонда турли сабаблар билан бирор тангчилик бўлди. Оила аъзолари бошқа хонадонга чиқиб кетмайди-ку. Фарзандлар бошқа ота-онани ўзининг ота-онаси деб билмайди-ку.

Аксарият одамлар бойлик ортидан қанчалик югурса-да, ер юзини кезиб чиқсаларда бойликларида ҳам, умрларида ҳам барака, ҳаловатнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўйганлари бош сабабдир. Аслида бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли тақво билан, ҳалол йўл билан бойлик топишдир. Тақводорлик ризқнинг калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оят).

Аллоҳ таоло ҳар бир жон учун ризқ тайин қилиб қўйган. Банда хоҳ ўз юртида бўлсин хоҳ хорижда бўлсин белгилаб қўйилган ризқгагина эгалик қилади. Ундан ортиғига ҳам камига ҳам эришиб бўлмайди. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Чунки юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам айнан шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, қалб тинч бўлиб бир бурда бўлсада нонни ўз оила аъзолари атрофида ейишга нима етсин. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба сураси, 59-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки   бойлик кўнгил тўқлигидир (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик, неъматнинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси,7-оят).

Чиндан ҳам, бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб хорижга кетаётган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки аслида ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти йўлида хизмат қиладиган авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.

Даврон НУРМУҲАММАД