Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Сўнгги пайтларда қулоғимизга «Фалончининг қизи қайтиб келибди», «Пистончининг турмуши бўлмабди» каби гаплар тез-тез чалинадиган бўлиб қолди. Авваллари маҳалла-кўйда бузилган оилалар деярли учрамаган, «Қайтиб келибди» деган гап ор-номус масаласи деб қаралган бўлса, бугунги кунда ажрашиш оддий ҳолатга айланди.
Масаланинг ачинарли жиҳати эса бундай ажралишларга арзимас нарсаларнинг рўкач қилиниши, «бу нарсани кам қилибди, у нарсанинг сифатсизини олибди» каби важ-баҳоналар билан ҳою ҳавас йўлида ёш келин-куёвнинг ўртасига совуқчилик солиниши сабаб бўлиб қолаётганидир.
Аллоҳ таоло инсон зотини жуфт – эркак ва аёлдан иборат қилиб яратганда уларнинг ҳар бирига ўзига хос хусусиятларни берди ва уларнинг никоҳ орқали ҳалол-пок яшаб, ўзларидан зурриётлар қолдиришларини ҳамда айни шу йўл билан дунёнинг обод бўлишини, одам сулоласини Қиёмат қоим бўлгунча ҳалол-пок йўл билан давом этиб боришини ирода қилди. Шунинг учун ҳам Ўзининг барча анбиёларига, авлиёларига ва солиҳ бандаларига никоҳли ҳаётни раво кўрди. Ўзининг барча самовий динида никоҳни жорий қилди. Ўша динлари орқали инсониятга, ҳаётнинг бошқа соҳаларидаги каби никоҳ ва оила борасидаги саодатга элтувчи кўрсатмаларини тақдим қилиб борди.
Аслида оила қуриш кимлардир ўйлаганидек, шунчаки ўзаро икки жинс вакилининг яқин муносабатга киришиши эмас. Бир-бирига бегона эркак ва аёлнинг ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан боғланиши ўзига хос бир ибодатдир. Жумҳур уламолари никоҳни ибодат деганлар. Улар: «Аллоҳ ва Унинг Расули алайҳиссалом амр қилган иш ибодат бўлади, никоҳ айни шундай ишлардандир», дейишган. «Никоҳ ибодатдир» деб ҳукм чиқарган мужтаҳидларнинг пешволари Имом Аъзам Абу Ҳанийфа раҳматуллоҳи алайҳи бўладилар. Албатта, бу гапни айтган азизларимизнинг далиллари бор.
Шу тарзда Аллоҳ таоло инсониятни аста-секин тарбиялаб келди ва ниҳоят инсоният камолга етганда Ўзининг охирги ва мукаммал дини, Қиёматгача боқий қолувчи дини, барча замон ва маконда инсониятга икки дунё саодат йўлини кўрсатиб берувчи дини – Ислом орқали оилавий ҳаётнинг мукаммал таълимотларини жорий қилди. Ушбу таълимотларга ихлос билан амал қилганлар оилавий бахт нашидасини суриб келдилар ва келмоқдалар.
Дунёдаги ажримлар сонини ўрганадиган бўлсак, даҳшатга тушмасликнинг иложи йўқ. Статистик маълумотлар Америка Қўшма Штатларидаги ва Британиядаги никоҳларнинг тахминан 42 фоизи бузилишини кўрсатади. Бу кўрсаткич Россиядагидан бир оз яхшироқ бўлса-да, барибир жуда ачинарли. Россияда ҳар 10 никоҳга 7 та ажралиш тўғри келади.
Соф табиатли одамни даҳшатга соладиган бунга ўхшаш маълумот ва ҳисоботларни истаганча келтириш мумкин. Лекин биз ҳозирги замонда бизга яқин шароитдаги ҳолатларда АҚШ, Буюк Британия ва Россияга тегишли хабарлардан денгиздан бир томчисини келтирдик, холос. Тасаввур ҳосил қилиш ва хулоса чиқариш учун шунинг ўзи ҳам кифоя қилади.
Бу борада юртимиздаги аҳвол ҳам мақтанарли эмас. 2024 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, Ўзбекистон Республикасида бир йил мобайнида умумий ҳисобда 283 минг 800 та никоҳ қайд этилган. 49 минг 200 та жуфтликнинг расмий никоҳи эса бекор қилинган. Бу эса мамлакатда кейинги йилларда ажралишлар сони сезиларли кўпайганини англатади. Таққослаш учун: 2021 йилда 39,3 минг оила ажрашган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 48,7 мингни ташкил этган. Авваллари ажрим бўйича ариза топширганларни асосан ёш оилалар ташкил этган бўлса, бугунги кунда ўрта ёшдаги оилалар ҳам етарлича. Масаланинг оғриқли жиҳати бу борада қуда-анда қилган, неварали оилаларнинг ҳам борлигидир.
Маълумки, оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич ҳужайраси ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ҳалол-ҳаромнинг фарқи қолмаса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, охир-оқибат у чуқур таназзулга юз тутади.
Шунинг учун ҳам қадимдан ҳар бир жамият оила масаласига катта эътибор бериб, оилаларнинг мустаҳкам ва бахтиёр бўлиши учун имконида бор бўлган барча чора ва тадбирларни кўриб келган. Зотан, соф инсоний табиат худди шундай бўлишини тақозо қилади. Албатта, динимизда ҳар икки томоннинг муносабатлари ислоҳ қилиб бўлмайдиган даражага келиб қолса, ўзаро чиройли шаклда ажрашишга рухсат бор. Талоқ бу охирги чора. Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол – талоқдир», дейдилар (Абу Довуд ва Ҳоким ривояти).
Талоқ сўзи шунчалик Аллоҳга ёқимсизки, бу сўздан ҳаттоки, Аллоҳнинг Арши ларзага келади, дейилган. Болаларни етим қолдириш, кўнгилларни вайрон қилиш, ўзаро муносабатларни узишдан аввал яхшилаб ўйланг. Аллоҳнинг арши титрашига йўл қўйманг!
«Ҳилол» журнали 4 (61) сон
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
* * *
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).
* * *
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти).
* * *
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).