Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446

Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилганлари ва қиёматга яқин ерга қайтишлари

8.11.2024   6461   2 min.
Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилганлари ва қиёматга яқин ерга қайтишлари

Cавол: Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилганлари ва Қиёматга яқин тушишлари ҳақида тўлиқ маълумот берсангиз. Чунки ҳозирда айрим кишилар бунга шубҳа қилишмоқда.

 

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Исо алайҳиссаломнинг кўтарилишлари ва Қиёматга яқин тушишларига ҳар бир мўмин инсон имон келтириши фарз ҳисобланади. Бу ақидага шубҳа қилиш – кишининг имонига путур етказиб қўяди, Аллоҳ асрасин . Чунки у зотнинг осмонга кўтарганлари ва Қиёмат олдидан тушишлари борасидаги ҳадислар маънавий мутавотир -  инкор қилиб бўлмас даражага етган. Жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жоним қўлида бўлган Зот ила қасамки, албатта, келажакда ичингизга Ибн Марям алайҳиссалом одил ҳакам бўлган ҳолда нозил бўлур...”, дедилар (Имом Бухорий, Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилганлар).

Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилганлари ва Қиёмат олдидан ерга қайтиб тушишларига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам замонларидан бошлаб ҳозиргача барча мусулмонлар бирдек эътиқод қилиб, ишониб келадиган ақидавий масаладир.

Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилишлари қуйидаги оятда келади: “Биз уларнинг “Аллоҳнинг Расули Масиҳ Исо ибн Марямни ўлдирдик”, деганлари учун (уларни лаънатладик). Ҳолбуки уни ўлдирмадилар ҳам, осмадилар ҳам, лекин уларга шундай туюлди. У ҳақида ихтилофга тушганлар унинг ўлимидан шак-шубҳададирлар. У тўғрисида уларнинг билимлари йўқ, фақатгина гумонга эргашарлар. Уни ўлдирмаганлари аниқдир.  Балки уни Аллоҳ Ўзига кўтарди. Аллоҳ мулкида ғолиб ва ўта ҳикматли зотдир” (Нисо сураси, 157-158-оятлар). Исо алайҳиссалом ҳам жасад, ҳам руҳлари билан осмонга кўтарилганлар ва Қиёматга яқин тушадилар.

Қуръони каримда Исо алайҳиссаломнинг осмондан тушишлари Қиёмат аломатлари экани таъкидланган. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“Албатта, у (Исо) қиёмат соати белгисидир. Бас, сиз у (Қиёмат) ҳақида ҳеч шубҳа қилманг ва Менга эргашинг. Мана шу тўғри йўлдир” (Зухруф сураси, 61-оят).

Замондош уламолардан Доктор Ҳамза Бакрий “Исо алайҳиссаломнинг тушишларини инкор қилиш Аҳли суннада ҳам, мўътазила ёки бошқа турли фирқаларда учрагани маълум эмас, бу бузуқ ақида яқинда пайдо бўлди”, дейди.

Аллома Кашмирий раҳимаҳуллоҳ Исо алайҳиссаломнинг тушишлари ҳақида алоҳида китоб ёзиб, Исо алайҳиссаломнинг осмонга кўтарилганлари ва тушишлари борасидаги далиллар инкор этиб бўлмас даражада кўп эканини таъкидлаганлар ва унда Исо алайҳиссаломнинг Қиёматга яқин тушишлари ҳақида 100 дан ортиқ ҳадислар келтирган. Тавфиқ Аллоҳдан.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.

Бошқа мақолалар

Сеҳр таъсирида айтилган талоқ

25.11.2024   10693   1 min.
Сеҳр таъсирида айтилган талоқ

Cавол: Бир одам аёлига талоқ берган, кейин яқинларига ўша инсоннинг сеҳрлангани маълум бўлибди. Сеҳр қилинган кишининг талоғи ўтадими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Аслида талоқ тушиши учун эрнинг ақл-ҳуши жойида бўлиши шарт. Шунинг учун фуқаҳоларимиз мажнун (ақли заиф), уйқудаги ва беҳуш кишининг талоғи ўтмаслигини таъкидлашган. Худди шунингдек, сеҳр сабабидан ақли жойида бўлмаса, феъл-атвори ўзининг мувозанатидан ташқарида бўлсаю хотинини талоқ қилса, талоғи тушмайди. Агар сеҳр қилинган кишининг ақл-ҳуши жойида бўлиб, ўзининг ҳатти-ҳаракатларини онгли равишда бажараётган бўлса, унинг талоғи тушади. Замондош ҳанафий уламолар сеҳр қилинган кишининг тасарруфи (талоқ, савдо каби ишлари) ҳақида бундай деганлар:

إن فقد عقله فهو غير مكلّف، وإلّا فيكون مكلّفاً

“Агар сеҳр қилинган киши ақл-ҳушини йўқотган бўлса, мукаллаф  эмас (яъни талоғи ўтмайди). Аксинча - ақли жойида бўлса, мукаллаф саналади (яъни қилган ишларига жавобгар бўлади)” ("Арийжуз зуҳр” китоби).

Демак, саволда сўралган ҳолатда кишининг талоғи тушиши ақли жойида ёки жойида эмаслигига боғлиқ бўлади. Валлоҳу аълам.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.