Иккинчи китоб
Тарих барча ўтган авлодларнинг ҳаёт мадрасасидир. Тарих орқали тириклар ўзлари учун манфаатли нарсани ўрганиб, унга амал қилади лар ҳамда ўзларига зарар етадиган нарсалардан воқиф бўлиб, ундан четда бўладилар.
Ислом mapuxu деганда, одатда, Ислом давлатлари ҳамда мусулмон халқларнинг ваҳий нозил бўлган илк даврдан бошлаб ҳозирги кунгача бўлган тарихи назарда тутилади. Аммо аслида ушбу тарих дунё бошланганидан то хозирги, биз яшаб турган пайтгача бўлган даврни ўз ичига олади. Зеро, бу тарих илк инсон, илк пайғамбар – Одам алайҳиссаломдан бошланади.
Шайх Мухаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг ушбу асари Ислом тарихининг мухтасар баёни бўлиб, муаллифнинг сўнгги китобларидан биридир.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таолога У Зотнинг жалолига ва жамолига муносиб ҳамду санолар бўлсин!
Охирги набий Муҳаммад мустафога гўзал ва мукаммал салавот ва саломлар бўлсин!
«Ислом тарихи» деб номланган китобимизнинг ушбу иккинчи жузида умавийлар давлатининг тузилишидан бошлаб, то мусулмон оламида бугунги кунгача юз берган воқеа-ҳодисалар хусусида сўз боради. Бу жуда хам мухтасар тарзда бўлиши турган гап. Албатта, ушбу саҳифалардан жой олган шахслар, ҳодисалар, воқеликларнинг ҳар бири ҳақида неча-неча алоҳида китоблар битилган ва бундан кейин ҳам битилажак. Бизнинг мақсадимиз эса тафсилотлар эмас, балки ўқувчига тарихимиз ҳақида умумий маълумотлар тақдим қилиш бўлди.
Шу билан бирга, маълум ўринларда баъзи нозик масалалар юзасидан мутахассисларнинг таҳлилларини келтиришга, мусулмон умматининг тарихидаги бурилиш нуқталарига, хусусан, уларнинг умумий таназзули масаласига алоҳида эътибор қаратишга, бу каби масалаларни кенгроқ ёритишга ҳаракат килдик.
Мақсадимиз ўзликни англаш, тарихни бор ҳақиқатлари билан ўрганиш, тўғри хулоса чиқариш, камчиликларни такрорламаслик ва ютуқларни мустаҳкамлаб ривожлантиришдир.
Тўртинчи боб
Умавийлар даври
Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар», дедилар» (Бухорий, Термизий, Ибн Можа, Ибн Ҳанбал ривоят қилишган).
Мусулмон уммати тарихидаги энг яхши давр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва у зотнинг саҳобалари яшаб ўтган аср бўлиб, у тарих зарварақларидан «Саодат асри» деган ном билан жой олди. Кейинги аср тўрт буюк саҳоба бошчилигида олиб борилган асрларга татигулик ишлар сабабли «Рошид халифалар даври» деган ном билан тарих саҳифаларига битиб қўйилди. Кейинги аср «Умавийлар асри» дея аталиб, мана шу даврдан поғонама-поғона пастлаш ҳолати кузатилди.
Биринчи фасл
Бану Умайянинг таърифи
Умавийлар давлати Умайя ибн Абдушшамс ибн Абдуманофга нисбат берилади.
Умайя исмли ушбу шахс жоҳилият даврида Қурайш уруғларидан бирининг бошлиғи бўлиб, амакиси Ҳошим ибн Абдуманоф билан ҳар доим Қурайшнинг раҳбарлигини талашиб келар эди. Ислом келгач, мазкур талашув очиқ-ойдин душманликка айланди: Бану Умайя қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга, у зотнинг даъватларига қарши турди; Бану Ҳошим қабиласи эса Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга барча ишларда кўмакдош бўлди, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни душманларнинг ёмонликларидан ҳимоя қилди.
Бану Умайя одамлари Макка фатҳи даврида бошқа иложлари қолмаганидан кейингина Исломни қабул қилишди. Дастлабки асрларда Исломда пешқадам бўлган уруғларнинг энг катта бобоси Абдуманоф ҳисобланади.
Бану Умайя (умавийлар) тарихини бузиш
Бану Умайянинг тарихи тафсилотларига эътибор берадиган бўлсак, унинг бузиб кўрсатилгани, уларни кўпроқ қоралаш ҳолатларини кузатамиз. Бу ишларнинг кўпчилиги уларнинг асосий сиёсий хусуматчилари – аббосийлар томонидан қилинган, чунки тарихга оид китобларнинг кўп қисми айнан аббосийларнинг ҳукмдорлик даврида ёзилган. Шунингдек, шийъалар, хаворижлар, тарихни яхши билмай туриб оғзаки сўзлаб юрадиган оми кишилар ҳам Бану Умайянинг сиёсий душманлари ҳисобланиб, улар ушбу қабиланинг жуда кўп туҳматларга қолишига ҳам сабаб бўлган.
Бу тухмат ва коралашлар турли-туман булиб, асосий эътибор Бану Умайянинг обрўсини тўкадиган тарихий ҳодисаларга қаратилган, улар бўрттириб кўрсатилган. Ушбу ҳодисаларни нишон қилиб, уларнинг қадрини туширишга олиб борадиган гаплар айтилган:
1. Бану Умайянинг илк даврда Исломга қарши турганлари, Исломни кечикиб қабул қилганлари жуда кўп такрорланади, лекин уларнинг Исломга кирганларидан кейинги буюк ишлари, жумладан, кўплаб юртларни фатҳ этишда кўрсатган хизматлари мутлақо эсланмайди.
2. Бану Умайя даврида содир этилган мусибатлар бўрттириб гапирилади. Карбало воқеаси, имом Ҳусайн ва у кишининг оилаларининг қатл этилиши, Ҳарра воқеаси, Мадинадаги Ҳарамни эътиборсиз қўйиш, манжаниқ билан Маккага тош отиш масалалари шулар жумласидандир.
3. Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг қатл қилиниши, Зайд ибн Алий ибн Ҳусайннинг қўзғалони ва у кишининг қатл қилиниши, шунингдек, бошқа тарафларда содир бўлган хатоларни эътиборга олмаслик, халифага қарши чиқиш, тоатни бузиш каби ишларни Бану Умайяга катта айб қилиб, уларга қарши кенг тарғибот ишлари амалга оширилади.
4. Бану Умайянинг душманлари томонидан уларнинг инсоний нафсидаги заифлик нуқталарига алоҳида эътибор берилади, Бану умайялик баъзи кишилардан содир бўлган хатолар бўрттириб гапирилади, бироқ яхшиликлари беркитилади. Хусусан, ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳақларида бу очиқ-ойдин кўринади.
5. Абу Суфён ва Муовия розияллоҳу анҳумо ҳақларида ҳам бу каби ноўрин гаплар ниҳоятда кўпайган. Бану умайялик баъзи волийлар ботил ишларни қилувчи мутаассиблар дея сифатланади. Бу Ҳажжож ибн Юсуф ва Зиёд ибн Абийхлар мисолида кўринади.Язид ибн Муовия ҳамда Валид ибн Язид каби халифалар ҳақида ҳам уларга қарши жуда бўлмағур миш-мишлар тўпланиб тарқатилган. Аслида эса мусулмончилик одоби бўйича Бану Умайя даврида рошид халифалар давридагидан кўра бир оз пастлаш – сустлашиш бўлганини эслашнинг ўзи кифоя қилади. Вақт ўтиши билан хатога йўл қўйиш ҳам аста-секин кўпайиб борган. Бану Умайя давридаги мусулмонлар жамияти ҳар жиҳатдан рошид халифалар жамиятига яқин бўлган. Лекин қўлга киритилган ўлжалар, мол-мулкнинг кўпайиши натижасида катта-катта уйлар, қасрлар қуриш, шунингдек, чўри тутишнинг оммалашганлиги бор. Шу билан бирга, Бану Умайянинг жуда кўп яхши фазилатлари ҳам бўлгани бор ҳақиқат, лекин уларга қарши бўлган тарихчилар бу фазилатларни эътиборга олмаганлар, балки унутиб қўйганлар.
Улардан баъзиларини айтиб ўтамиз:
1. Ҳазрати Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу катта саҳоба бўлиб, у киши халифа Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши масалаларда ижтиҳод қилган, фақат ижтиҳоди унчалик тўғри бўлмаган. Лекин барибир у зот одил кишилар сафида қолган. Зотан, барча саҳобалар розияллоҳу анҳум адолатлидирлар.
Бану Умайянинг энг катта арбобларидан бири саналган Марвон ибн Ҳакам тобеъинларнинг биринчи табақасидан бўлган. У Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу, Усмон розияллоҳу анҳу ва бошқа катта саҳобалардан ҳадислар ривоят қилган.
Яна бир Бану умайялик Абдуллоҳ ибн Марвон халифа бўлишидан олдин аҳли илм ва аҳли фиқҳ бўлган. Мадинаи мунавваранинг катта олимларидан ҳисобланган.
Умар ибн Абдулазиз эса мужтаҳид имомлардан бўлган. Кўпчилик у кишини рошид халифалар қаторида санайди.
Бану Умайя қабиласининг аъзолари қозилик ишларига аралашмас эдилар. Улар кўп жойларда аҳли илм ва аҳли фазлларнинг олдинги сафларида бўлганлар.
2. Бану Умайя даврида жуда кўп буюк исломий фатҳлар бўлган. Улар шарқда Хитойгача, ғарбда Франция ва Андалус юртларигача етиб борганлар.
3. Бану Умайя даврида Ислом давлати тарихлар давомида мисли кўрилмаган энг катта кенгайишни бошидан кечирди.
4. Бану Умайя даврида жуда кўп қўриқ ерлар ўзлаштирилди, улар боғ-роғларга айлантирилди, каналлар қазилди, шаҳарлар қурилиб, ободончилик ишлари олиб борилди, атроф гуллаб-яшнади, тараққий этди.
Шу ўринда таъкидлаб айтамизки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги «Одамларнинг энг яхшиси менинг асримдагилар, сўнгра уларга яқинлар, сўнгра уларга яқинлар» деган ҳадислари бежиз айтилмаган. Зеро, Бану Умайя қабиласининг аъзолари, раҳбарлари ва давлат бошлиқлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг даврларига яқин асрда яшаб ўтганлар.
Умавийлар халифалиги
(ҳижрий 41–132; милодий 661–750)
Умавийлар халифалиги даври рошид халифалик тугагандан сўнг, ҳижрий 41 йил (милодий 661 йил) Рамазон ойида ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу шаҳид бўлганларидан кейин, имом Ҳасан ибн Алий розияллоҳу анҳунинг ҳалифаликдан воз кечишлари ва ҳижрий 41 йил 25 рабиъул аввал (милодий 661 йил 28 июль) куни Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга байъат қилиниши билан бошланади. Бу давлат ҳижрий 132 йил 11 жумодус-соний (милодий 750 йил 25 январь) куни Зоб жангида халифа Марвон ибн Муҳаммаднинг енгилиши билан ниҳоясига етади.
Умавийлар давлатининг ҳукмронлиги 91 йил давом этган. Ушбу вақт мобайнида бу давлатга иккита оила раҳбарлик қилиб, 14 халифа фаолият олиб борган. Дамашқ шаҳри умавийларнинг пойтахти ҳисобланган.
Бану Умайянинг халифалари
Суфёнийлар оиласи
1. Муовия ибн Абу Суфён. Ҳижрий 41–60 (милодий 661–680) йиллар.
2. Язид ибн Муовия. Ҳижрий 60–64 (милодий 680–683) йиллар.
3. Муовия ибн Язид. Ҳижрий 64 (милодий 683–684) йилда 40 кун халифалик қилган.
Ҳижрий 64–73 (милодий 684–692) йилларда умавийларнинг ҳукми Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги билан қўшиб олиб борилган.
Марвонийлар оиласи
4. Марвон ибн Ҳакам. Ҳижрий 64–65 (милодий 684–685) йиллар.
5. Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам. Ҳижрий 65–86 (милодий 684–705) йиллар.
6. Валид ибн Абдулмалик. Ҳижрий 86–96 (милодий 705–714) йиллар.
7. Сулаймон ибн Абдулмалик. Ҳижрий 96–99 (милодий 714–717) йиллар.
8. Умар ибн Абдулазиз ибн Марвон. Ҳижрий 99–101 (милодий 717–720) йиллар.
9. Язид ибн Абдулмалик. Ҳижрий 101–105 (милодий 720–723) йиллар.
10. Ҳишом ибн Абдулмалик. Ҳижрий 105–125 (милодий 723–743) йиллар.
11. Валид ибн Язид ибн Абдулмалик. Ҳижрий 125–126 (милодий 743–744) йиллар.
12. Язид ибн Валид ибн Абдулмалик. Ҳижрий 126 (милодий 744) йил.
13. Иброҳим ибн Валид ибн Абдулмалик. Ҳижрий 126–127 (милодий 744–745) йиллар.
14. Марвон ибн Муҳаммад ибн Марвон. Ҳижрий 127–132 (милодий 745–750) йиллар.
Кейинги мавзулар:
Бану Умайя халифалари
Муовия ибн Абу Суфён халифалиги
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Har bir inson o’zining atrofidagi zamon va muhitning ta’siri ostida ulg’ayadi. Abu Abdulloh yashagan davr hamda muhit olimning hayotiga va ilmiy faoliyatiga katta ta’sir ko’rsatdi. Olim tug’ilgan Jurjon shahri tarixda iqtisodiy markazlardan biri bo’lib, shahar o’rtasidan yuk tashuvchi kemalar harakatlanadigan keng daryo o’tgan. Geografik qulay vodiyda joyda joylashgan Jurjon shahri tarixiy ipak yo’li savdosining quruqlik va daryo transporti uchun muhim o’tish nuqtasi hisoblangan.
Imomning to’liq ismi Imom, hofiz, faqih Abu Abdulloh Husayn ibn Hasan ibn Muhammad ibn Halimiy, Jurjoniy Shofeiy bo’lib, hijriy 338-390-yilda (milodiy 949-950) Kaspiy[1] dengizining janubi-sharqida joylashgan Jurjon shahrida tug’ilgan. Ba’zi manbalarda Buxoroda tug’ilgan deyiladi. Katta bobosiga nisbatan Halimiy, tug’ilgan joyiga nisbatan Jurjoniy deb ataladi. Buxoroda o’sib, mashhur bo’lgani uchun Buxoriy nisbati ham beriladi. Uning otasi mashhur faqih, muhaddis Abu Muhammad ibn Halim ibn Ibrohim ibn Maymun Halimiy, Marvaziy bo’lgan.
Abu Abdulloh bolaligini Jurjonda o’tkazdi. Ammo u bu yerda biroz vaqt turgandan keyin Buxoroga yo’l oladi va u yerda ta’limni davom ettiradi. Yosh olim bu yerda, Asha’riy va Shofeiy ulamolarining suhbatida bo’lib, ulardan tahsil olgan. Halimiy tug’ilgan uy ilm-fan, adabiyot va fiqhning markazi sifatida tanilgan. Faqat otasi emas, balki ukasi Abul-Fazl Hasan ibn Hasan ibn Muhammad ibn Halimiy ham ilm bilan band edi. Otasi bir paytlar Sulton Sanjar saroyida fatvo berish (muftiylik) vazifasini bajargan. Oxirgi paytlarda otasi uyini Qur’on va xayr ahillarining yig’ilish maskani qilgan.
Yoshlik chog’ida Halimiyning otasi uni zamonasining yirik ilm-fan markazlaridan biri bo’lgan Buxoroga olib keladi. O’sha paytda, Buxoro shahri insonlarni o’ziga rom etadigan go’zal tabiati va manzarasi bilan ajralib turardi. Bundan tashqari ko’plab olimlar va adabiyot ahillari, faylasuf va kalomchilar, muhaddis va faqihlarni o’zida jamlagandi. Savdo-sotiq rivojlangan, davlat amirlari olimlar bilan uchrashadigan ilm o’chog’i edi. Shahar masjidlarida mutafakkir olimlar uzoq davom etadigan ilmiy bahs va munozaralar qilishar, ba’zida buunday bahs va munozaralarga ko’chalarda ham duch kelish mumkin edi. Halimiy ham shunday ilmiy muhitda o’sdi.
Movarounnahr mintaqasining katta olimlaridan dars olgan Halimiy, Ash’ariyya muhim olimlaridan Abu Bakr al-Qaffol Shoshiy va Abu Bakr al-Uvdaniy darslariga qatnashib kalom va fiqh ilmlarini o’rgangan. Halimiy hadis ilmiga oid dars olgan yana bir ustozi Sayrafiy bo’lgan. U zot Abu Bakr Muhammad ibn Ahmad ibn Hanbal va Abu Ahmad Bakr ibn Muhammad as-Sayrafiydan hadis eshitib, ularni rivoyat qilgan.
Mashhur muhaddis Hakim an-Naysaburiy va Abu Zakariya Abdurrahim ibn Muhammad al-Buxoriy u zotdan hadis rivoyat qilganlar.
Halimiy tahsilni tugatgach, dastlab Buxoroda, so’ng boshqa joylarda qozilik qildi. Hukmdorlar va viloyat rahbarlarining oldidagi olimning nufuzi baland bo’lgan, shu sababli, vaqti-vaqti bilan elchilik vazifasini unga topshirishgan. Samoniylar hukmdori Nasr ibn Nasr tomonidan Nishopurga (385/995) va Xuroson hukmdorining iltimosi bilan Jurjon amirligiga elchi qilib (389/999) yuborilgan.
Halimiyning hayotini va ilmiy merosini o‘rganilgan manbalarda uning ko‘plab asarlari mavjudligi qayd etilgan bo‘lsa-da, bizgacha yetib kelgan, ma’lum bo‘lgan yagona asari – “al-Minhaj fi shu’abil iymon” hisoblanadi. Bu yirik asar aqoid (e’tiqod), fiqh (islom huquqi) va axloq masalalarini o‘z ichiga oladi va Hilmi Muhammad Fuda tomonidan tahqiq qilinib, uch jildda nashr etilgan (Bayrut, 1399/1979). Ibn Imod “Shajaratu az-Zahab"da, Hoji Xalifa “Kashfuz-zunun”da “Ayatus-sa’a va Ahvalul-qiyama” asari Halimiyga nisbat berganlar, lekin Halimiyning hayotini tadqiq qilgan Metin Yurdagur esa, bu asarlarni “al-Minhaj”ning bo’limlarni ifoda qiluvchi tushunchalar deb aytgan.
Halimiy hijriy 403-yil Robi’ul-avval (1012-yil oktyabr) yoki Jumadil-avval (1012-yil dekabr) oyida Buxoroda vafot etgan.
TII 4-kurs talabasi Luqmonjonov Absulbosit
[1] Jurjon dengizi ham deyiladi.