Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Майиз – иссиқ ва ҳўл мижозли бўлиб, ични юмшатувчи хусусиятга эга. Асабни мустаҳкамлайди, қувватсизлик, мадорсизликни бартараф қилади, оғиздаги ҳидни яхшилаб, меъдани кучайтиради. Майиз билан пиёз ширасидан тайёрланган қайнатма томоқ бўғилишини даволашда ижобий натижа беради, товуш чиқишини равонлаштиради.
Майизни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яхши кўрар эдилар. Уни фитр садақаси сифатида беришга тавсия қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майизни ўзингизга лозим тутинг. Албатта у аччиқликни ўчиради, балғамни тўхтатади, асабни тинчлантиради, чарчоқни кетказади ва юракни ҳимоялайди”, дедилар (Абу Нуъаймнинг “Тиббун набавий”даги ривояти).
Ибн Қоййим раҳматуллоҳи алайҳ майиз яхши озуқа бўлишини ва ошқозонни кучайтириб, ёдлашга манфаатли бўлишини айтганлар.
Зуҳрий раҳимаҳуллоҳ эса: “Ким ҳадис ёдлашни хуш кўрса, майиз есин”, деганлар.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга майизни ивитиб беришар, уни ўша куни, унинг эртасига ва индинига кечгача ичар, кейин бошқаларга бериб юборишга ёки тўкиб ташлашга буюрар эдилар” (Имом Муслим ривоят қилган).
Майизда калий, фосфор, кальций, магний, мис, темир, углевод, витамин В, С ва глюкоза моддалари мавжуд. Майиз антиоксидловчи моддаларга бой. Нафас олиш ва ҳазм қилиш органлари касалланишининг олдини олишда катта ёрдам беради.
Мутахассислар майизнинг бир қатор тиббий фойдаларини санаб ўтишган. Булар қуйидагилар:
1. Юқори қон босимини туширади.
2. Қондаги холестеринни камайтиради.
3. Юрак саратонидан асрайди.
4. Майиз сувда қайнатиб ичилса, йўтални босади.
5. Балғамни ҳайдайди.
6. Микроб ва вирусларга қарши курашади.
7. Антиоксидловчи хусусиятга эга.
8. Тишларга тош йиғилишига йўл қўймайди.
9. Танани заҳарли моддалардан тозалайди.
10. Ҳайз қонини камайтиради.
11. Қораталоқ, жигар ва ошқозонни фаоллаштиради.
12. Хотирани кучайтиради.
13. Йўғон ичак саратонидан асрайди.
14. Кўзни хасталиклардан асрайди.
15. Яллиғланишларнинг олдини олади.
16. Ични юмшатади.
17. Қонни тозалайди.
18. Овозни тиниқлаштиради.
Майиз қуйидаги касалликларни муолажа қилишда ёрдам беради:
1. Ич қотиши.
2. Бавосир.
3. Тиш қуртлаши.
4. Бод (ревматизм, артрит).
5. Жигар ва ўт пуфаги касалликлари.
6. Нотўғри овқатланиш ва вазн танқислиги туфайли келиб чиқадиган касалликлар.
7. Томоқ оғриғи.
8. Ўпка касалликлари.
9. Буйрак ва пешоб пуфаги касалликлари.
10. Пешобни ушлаб туролмаслик.
11. Безгак (малярия).
12. Подагра.
13. Бош оғриғи.
14. Сариқ касаллиги.
15. Камқонлик.
16. Ошқозон касалликлари.
17. Ошқозонда кислота миқдорининг ошиб кетиши.
18. Қичима.
19. Сувчечак.
20. Тиш, тирноқ ва сочларнинг мустаҳкамланишида ёрдам беради.
21. Мунтазам майиз истеъмол қилиш оғиз бўшлиғи касалликларида ҳам асқатиши мумкин. Майиз суви эса милк шамоллаши, стоматит яралари ҳамда йўталга фойдали.
22. Майизли муолажа семизлик, юрак етишмовчилиги, ошқозон ва 12 бармоқли ичак яраси ҳамда қандли диабетда тавсия этилмайди.
Барча неъматлар одамзот саломатлиги учун яратилган, аммо унинг меъёридан ошиғи зарар қилади. Шу сабаб, таомланишда ҳамда уларни даво чораси сифатида қўллашда, албатта, меъёрга амал қилиш талаб этилади.
Муҳаммад Қуддус Абдулманнон,
“Етти чинор” жоме масжиди имом-ноиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кимки Аллоҳнинг ҳузурида унга нима борлигини билишни истаса, ўзида Аллоҳ учун нима борлигига қарасин».
Имом Суютий «Жомеъус соғир»да ривоят қилиб, Дорақутнийга нисбат берганлар.
Шарҳ: Банда ўзини қайси мавқеъга мос кўрса, Аллоҳ таоло ўша мақомга туширади. Банданинг қалбида Аллоҳнинг манзилати, банда қай даража Аллоҳнинг таниши, маърифати, билиши, Уни олий санаши, Уни улуғлаши қадарича бўлади. Шунингдек, банданинг қалбида Аллоҳдан ҳаё қилиши, Ундан қўрқиши, Унинг амрлари ва қайтариқларини қоим қилишдаги ҳурмати, қалбини хотиржам бўлиши, У Зотга жисми билан, руҳи ва қалби билан таслим бўлмоғи, ишларида Унинг муроқабасини ҳис этиши, Унинг зикрини ўзига лозим тутиши, неъматларига эришиш йўлида машаққатларни кўтариши, маишат роҳатини У учун тарк этишида, У ҳақдаги яхши гумони миқдорича бўлади.
Шунингдек, одамларнинг бу ўриндаги даража ва насибалари юқоридагилардан олган насибалари миқдорича бўлиб, бас, уларнинг насибалари улканроқ даража бўлади, унинг акси бўлса акси қадар бўлади.
Имом Муновийнинг «Жомеъус соғийр»га ёзган шарҳи,
«Файзул қодир»дан.