Cавол: Жунуб бўлган аёл боласини қандай эмизади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жунуб, яъни ғусл вожиб бўлган аёл, шунингдек ҳайз кўраётган аёл боласини эмизиши жоиз. Бу борада бундай зикр қилинган: “Она жанобат ҳолатида ҳам боласини эмизиши жоиз бўлаверади. Чунки мусулмон одамга жанобат етса, у нопок бўлмайди. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мўмин нопок бўлмайди” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган)” (“Ал-Мавсуа ал-фиқҳийя” китоби).
Шунга кўра, баъзиларнинг “Жунуб аёл боласини эмизиб бўлмайди”, деган гаплари асоссиз ва шаръий далилга таянмаган ҳолда айтилган гап бўлиб, унга эътибор қилинмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Шу йил 13 июнь куни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юртида “Хатмона – 2025” битирув тадбири ўтказилди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков, Диний идора раис ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов, Дин ишлари бўйича қўмитанинг таълим бўлими ходими Элёр Алимқулов, Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов, фахрий устозлар, ота-оналар ва бошқа меҳмонлар иштирок этди.
Дастлаб тадбирни “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Маъмуржон Эркаев кириш сўзи билан очиш баробарида битирувчиларнинг 4 йил давомида эришган ютуқлари ҳақида маълумот берди.
Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков ўз нутқида “Исломда таълимнинг моҳияти” ва “Юртимизда таълим-тарбияга оид амалга оширилаётган ислоҳотлар" мавзусида сўз юритди.
Тадбир давомида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Муҳаммадолим Муҳаммадсиддиқов Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратларининг табригини ўқиб эшиттирди.
Сўнгра Ўзбекистон халқаро исломшунослик академияси ректори Музаффар Комилов битирувчилар, уларнинг устоз ва яқинларини табриклади.
Мазкур тадбирда жами 250 нафарга яқин меҳмон қатнашди. Тадбир сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг тасарруфидаги “Вақф” ҳайрия жамоат фонди тарафидан 11 нафар билим юрти мударриси тақдирланди. “Кўкалдош” ўрта махсус ислом юрти тарафидан эса 21 нафар талабага йил сарҳисоби бўйича мақтов ёрлиқлари топширилди.
Маълумот ўрнида 2024-2025 ўқув йилида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом юртини жами 72 нафар битирувчи тамомлади. Шунингдек, таълим муассасасида 16 июндан бошлаб икки ҳафта мобайнида якуний имтиҳонлар ўтказилади.
Тадбири якунида Ҳомиджон домла Ишматбеков юртимиз ривожи ва халқимиз равнақини тилаб хайрли дуолар қилиб берди.
Саидазимхон САИДАКРАМОВ,
“Кўкалдош” ўрта махсус
ислом билим юрти мударриси