Cавол: Жунуб бўлган аёл боласини қандай эмизади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Жунуб, яъни ғусл вожиб бўлган аёл, шунингдек ҳайз кўраётган аёл боласини эмизиши жоиз. Бу борада бундай зикр қилинган: “Она жанобат ҳолатида ҳам боласини эмизиши жоиз бўлаверади. Чунки мусулмон одамга жанобат етса, у нопок бўлмайди. Зеро, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Мўмин нопок бўлмайди” (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилишган)” (“Ал-Мавсуа ал-фиқҳийя” китоби).
Шунга кўра, баъзиларнинг “Жунуб аёл боласини эмизиб бўлмайди”, деган гаплари асоссиз ва шаръий далилга таянмаган ҳолда айтилган гап бўлиб, унга эътибор қилинмайди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Бандадан хато содир бўлмаслиги мумкин эмас, балки содир бўлган хатоларни тузатишга интилиш — ана шу бандалик хусусиятидир. Одам боласидан хато содир бўлиши оддий ҳол. Хатоларни афв этиш эса ҳамма ҳам қила олмайдиган, охиратда шараф бўладиган хислатдир.
Европалик бир файласуф: «Оловни ҳаддан зиёд ёқиб юборма, душмандан олдин ўзингни куйдириб қўймасин», дейди.
Бир одам ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳуга: «Мен сени шундай ҳақорат қиламанки, у сен билан бирга қабринггача боради», деди. Абу Бакр розияллоҳу анҳу: «Сенинг ҳақоратинг қабргача мен билан эмас, балки ўзинг билан бирга боради», дедилар.
Хуллас, Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу унинг ахлоқсизлигига эътибор ҳам бермадилар.
Қуръони Карим жоҳил кишилардан юз ўгириб ўтиб кетишни ва беҳуда ишлардан батамом сақланишни таълим берган ва таъкидлаган.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Ё Аллоҳнинг Расули! Хизматкоримнинг хатоларини неча маротаба авф қилайин?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб қилмай жим турдилар. У яна қайта сўради. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар куни етмиш маротаба» дедилар.
Имом Термизий ривояти.
Ҳадисдан олинадиган фойда шуки, хатоларни авф қилишнинг ҳадди белгиланган эмас. Агар ходим ҳар куни етмиш маротаба хато қилса ҳам, уни кечириш гўзал хулқ ва раҳм-шафқатнинг талабидир.
«Насиҳатлар гулдастаси» китобидан