Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
42 - وَمَا عُذْرٌ لِذِي عَقْلٍ بِجَهْلٍ بِخَلاَّقِ الأَسَافِلِ وَالأَعَالِي
Маънолар таржимаси: Ақл эгасига пастликлару баландликлар яратувчисини билмаслик узр эмасдир.
Назмий баёни:
Оқил банда асло узрли бўлмас,
Гар у еру осмон Холиқин билмас.
Луғатлар изоҳи:
– مَا нафий ҳарфи, لَيْسَ нинг амалини қилади.
عُذْرٌ – нафий ҳарфининг исми. Узр калимаси луғатда “кечирим сўраш” маъносини англатади. Истилоҳда “ўзини оқлаш учун келтириладиган ҳужжат узр деб аталади”.
لِ – “шибҳи мулк” маъносида келган жор ҳарфи.
ذِي – “соҳиб” маъносини англатувчи “асмои ситта”дан бири. Жор мажрур مَا нинг хабари бўлгани эътиборидан насб ўрнида турибди.
عَقْلٍ – ақл луғатда “тутиб туриш” маъносига тўғри келади. Яъни тўғри йўлдан оғиб кетишдан тутиб туриш учун яратилган нафсдаги қувват ақл деб аталади. Ақл икки хил бўлади:
1. Зарурий. Банданинг ихтиёрисиз ҳосил бўладиган ақл зарурий ақл дейилади;
2. Иктисобий. Ихтиёрий равишда тафаккур қилиш орқали ҳосил бўладиган ақл иктисобий ақл дейилади.
بِجَهْلٍ – жор мажрур عُذْرٌ га мутааллиқ. Жоҳиллик луғатда “нодонлик”, “бехабарлик” маъноларига тўғри келади. Истилоҳда эса “бирор нарса ҳақида унинг тескарисига кўра эътиқод қилиш жоҳиллик дейилади”.
Жоҳиллик икки турга ажратилган:
1. Жаҳли басийт – билиш керак бўлган нарсадан бехабарлик;
2. Жаҳли мураккаб – воқеликка тўғри келмайдиган нарса ҳақида қатъи эътиқодда бўлиш.
بِخَلاَّقِ – жор мажрур جَهْلٍ га мутааллиқ. Маънони кучайтириб баён қилиш мақсадида “сийғаи муболаға”[1] шаклида келтирилган.
الأَسَافِلِ – музофун илайҳ. سَافِل нинг кўплик шакли.
الأَعَالِي – бу калима عَالِي нинг кўплик шакли. الأَسَافِلِ га атф қилинган.
Матн шарҳи:
Балоғатга етган ақли расо инсоннинг осмонлару ерни яратган Зотни билмасдан дунёдан ўтиб кетиши унинг қиёмат кунида сўралмаслигига узр бўла олмайди.
Ақл инсонга берилган энг улуғ неъматдир. Зеро, Аллоҳ таоло фаришталарга ақлни бериб, шаҳватни бермаган. Ҳайвонларга эса шаҳватни бериб, ақлни бермаган. Одам болаларига эса ҳам ақлни, ҳам шаҳватни берган. Шунга кўра қайси инсоннинг ақли шаҳватидан устун бўлса, у инсон фаришталар мартабасида, балки улардан ҳам юқорироқ мартабада бўлади, кимнинг шаҳвати ақлидан устун бўлса, у инсон ҳайвонлар қаторида, балки улардан-да пастроқ даражада бўлади.
Аллоҳ таолони таниб, Унга иймон келтириш ҳар бир ақл эгасига вожибдир. Бу тўғрида ҳеч қандай бир-бирларидан фарқли қарашлар йўқ. Аммо Аллоҳ таолони таниш Унинг хабарларини эшитгандан кейин вожиб бўладими, ё эшитмаса ҳам инсон ўз ақли билан Уни таниши вожиб бўладими? Ана шу тўғрисида ашъария ва мотуридия мазҳаблари орасида бир-бирларидан фарқли қарашлар бор. Ушбу фарқли қарашларнинг умумий хулосаси қуйдагилардир: Ашъарий мазҳабида: “Аллоҳ таолони таниш Унинг хабарларини эшитиш далолати билан вожиб бўлади”, – дейилган.
Мотуридий мазҳабида эса: “Аллоҳ таолони таниш ақл далолати билан вожиб бўлади”, – дейилган.
Бундай бир-бирларидан фарқли ўринларда, табиийки, ҳар бирларининг ўзларига яраша далил-ҳужжатлари бор. Ашъарий мазҳабининг далиллари:
﴿رُّسُلٗا مُّبَشِّرِينَ وَمُنذِرِينَ لِئَلَّا يَكُونَ لِلنَّاسِ عَلَى ٱللَّهِ حُجَّةُۢ بَعۡدَ ٱلرُّسُلِۚ ﴾
“Пайғамбарлар (келган)дан кейин одамларда Аллоҳга қарши ҳужжат бўлмасин деб пайғамбарларни хушхабар берувчи ва огоҳлантирувчи қилиб (юбордик)”[2].
Яъни, агар ақл одамларга зиммаларидаги бурчларни адо этиш учун ҳужжат бўлганида, Аллоҳ таоло уларга пайғамбарларни юбордик деб эмас, уларга ақлни яратдик деб баён қилган бўлар эди. Бошқа бир оятда токи пайғамбар юборилмас экан, уларга азоб келмаслиги хабар берилган:
﴿ وَمَا كُنَّا مُعَذِّبِينَ حَتَّىٰ نَبۡعَثَ رَسُولٗا١٥﴾
“То пайғамбар юбормагунимизча (бирор кимсани) азобловчи бўлмадик”[3].
Яъни агар Аллоҳ таолони таниш ақл далолати билан вожиб бўлганда уларни пайғамбар юбормасдан ҳам бурчларини адо этмаганлари учун азоблаган бўлар эди. Ушбу далиллардан Аллоҳ таолони таниш Унинг хабарларини эшитиш далолати билан вожиб бўлиши кўриниб турибди.
Мотуридий мазҳабининг далиллари: Қуръони каримда осмонлару ерда, қуёш, ой, юлдузлар, тоғу тошлар, дарахтлар ва булардан бошқа қанчадан-қанча буюк Яратувчига ва қудратининг чексизлигига далолат қиладиган аломатлар борлиги баён қилинган:
﴿وَكَأَيِّن مِّنۡ ءَايَةٖ فِي ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضِ يَمُرُّونَ عَلَيۡهَا وَهُمۡ عَنۡهَا مُعۡرِضُونَ١٠٥﴾
“Осмонлар ва Ерда қанчадан-қанча (Аллоҳ ва унинг сифатларига далолат қилувчи) аломатлар бор. (Лекин) улар ёнидан юз ўгирган ҳолларида (бепарво) ўтиб кетадилар”[4].
Яъни, улар Аллоҳ таолонинг борлигига далолат қиладиган шунча белги-аломатлар ҳақида тафаккур қилиб иймон келтирмайдилар. Агар аломатлардан юз ўгирмасдан уларни тафаккур қилиб кўрганларида, ақл юритиб эътибор берганларида албатта иймон келтирган бўлардилар. Бу эса инсонда ақл борлигининг ўзи Аллоҳ таолони танишга сабаб эканига далолат қилади.
Аллоҳ таолонинг яратувчилигини, ўта илмли зот эканини мушриклар ҳам эътироф этганлар:
﴿وَلَئِن سَأَلۡتَهُم مَّنۡ خَلَقَ ٱلسَّمَٰوَٰتِ وَٱلۡأَرۡضَ لَيَقُولُنَّ خَلَقَهُنَّ ٱلۡعَزِيزُ ٱلۡعَلِيمُ٩﴾
“(Эй Муҳаммад!) Қасамки, агар улардан: “Осмонлар ва Ерни ким яратган?” – деб сўрасангиз, албатта: “Уларни Қудратли ва Билимли (Аллоҳ) яратган”, – дерлар”[5].
Яъни мушриклар ҳам осмонлару ерни азиз ва ўта илмли зот, Аллоҳ таоло яратганини билганлар. Сўнгра жоҳиллик билан Унга бошқани қўшиб ибодат қилганлар. Бу эса Аллоҳ таолони таниш инсон фитратида борлигини, бу фитратни Аллоҳ таоло инсонга қўшиб яратганини, шунга кўра ҳар бир ақл-ҳушли одам Аллоҳ таолони таниши лозимлигини, танимаслиги узр бўлмаслигини билдиради.
Ақлнинг Аллоҳ таолони таниш учун ҳужжат эканига қуйидаги оят ҳам ёрқин далилдир:
﴿ إِنَّ ٱلسَّمۡعَ وَٱلۡبَصَرَ وَٱلۡفُؤَادَ كُلُّ أُوْلَٰٓئِكَ كَانَ عَنۡهُ مَسُۡٔولٗا٣٦﴾
“Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)”[6].
Яъни, қулоқнинг масъуллиги эшитиладиган нарсаларга хосланади, кўзнинг масъуллиги кўриладиган нарсаларга хосланади, дилнинг масъуллиги тушунарли бўлган нарсаларга хосланади. Аммо қулоқ ҳам, кўз ҳам ўз вазифаларини адо этишда ақлга муҳтождир. Чунки қулоқ ҳақни ҳам, ноҳақни ҳам эшитади, кўз ҳам кўришда ҳақ билан ноҳақ орасини ажрата олмайди. Ҳақ билан ноҳақ орасини ақл ажратади. Агар ҳақ ва ноҳақни ажратишда ақл ҳужжат бўлмаганида, қулоқнинг эшитиши-ю, кўзнинг кўриши беҳуда иш бўлиб қоларди.
Хулоса қилиб айтганда, ақл-ҳушли инсонга еру осмонларнинг Яратувчиси, Аллоҳ таолони танимаслиги узр ҳисобланмайди. Чунки ҳар бир нарса хусусида ақл юритиб қаралса, Аллоҳ таолонинг биру борлигига далолат қилувчи белгилар мавжуд. Шоир Абу Атоҳиянинг шеъри мазкур маъноларни етарли даражада ифодалаб беради:
فَوَاعَجَباً كَيْفَ يُعْصَى الإِلَهُ أَمْ كَيْفَ يَجْحَدُهُ الْجَاحِدُ
وَللهِ فِي كُلِّ تَحْرِيْكَةٍ وَتَسْكِيْنَةٍ أَبَداً شَاهِدٌ
وَفِي كُلِّ شَيْءٍ لَهُ آيَةٌ تَدُلُّ عَلَى أَنَّهُ الْوَاحِدُ
Во ажабо, Аллоҳга қандай исён қилинар, ё инкор этувчи Уни қандай инкор этар.
Аллоҳга ҳар бир ҳаракату сукунатда доимий гувоҳлик берувчи бор-ку,
Барча нарсаларда белгилар борки, Унинг бирлигига далолат этар.
“Жаъфар Содиқнинг ҳузурида зиндиқлардан[7] бири яратувчи борлигини инкор қилди. Жаъфар Содиқ унга: “Денгизни ва унинг қўрқинчини кўрганмисан”, – деди. У: “Ҳа, денгизга чиққанман, бир сафар денгизда қўрқинчли бўрон туриб, кемамизни чилпарчин қилди. Денгизчилар ғарқ бўлишди. Мен жон талвасада бир тахтага осилиб олдим. Осмон бўйлаб отилаётган тўлқин шиддатидан тахта ҳам қўлимдан чиқиб кетиб, ҳаётдан умидимни узгандим, ўшанда тўлқиннинг ўзи мени соҳилга чиқариб ташлаганди”, – деди. Шунда Жаъфар Содиқ: “Сенинг суянчиғинг ва ишонганинг кема, тахта ва денгизчилар эди, улар сендан кетган пайтда саломат қолишни истадингми”, – деди. У: “Ҳа”, – деди. Жаъфар Содиқ: “Кимдан”, – деди. У жим қолди. Жаъфар Содиқ: “Ўша пайтда сен умид қилган зот – Яратгувчидир. У сени ғарқ бўлишдан қутқарди”, – деди. У киши Жаъфар Содиқнинг қўлида Исломни қабул қилди.
Даҳрийлардан[8] бир гуруҳи Имом Шофиъий раҳматуллоҳи алайҳдан Яратувчининг борлигига нима далил бор, деб сўрашди. У зот: “Тут барги, унинг таъми, ҳиди ва ранги Яратувчининг борлигига далилдир, ушбу нарсаларни биласизлар-а”, – деб сўради. Улар: “Ҳа”, – дейишди. Имом Шофиъий: “Тут баргини ипак қурти ейди, ундан ипак чиқади, асалари истеъмол қилади, ундан асал чиқади, қўй ейди, ундан қумалоқ чиқади, уни кийик ейди, миск халтасида миск тўплайди. Табиий ҳолати бир хил бўлса ҳам, кейинги ҳолатларини ким ана шундай хилма-хил қилди”, – деди. Улар бу хусусда тафаккур қилиб қаттиқ тасирланишди ва Аллоҳга иймон келтирдилар.
Абу Нувосдан Яратувчининг борлигига далил сўрашганида ушбу шеър билан жавоб берган:
تَأَمَّلْ فِى بِنَاءِ الأَرْضِ وَ انْظُرْ إِلَى آثَارِ مَا صَنَعَ الْمَلِيكُ
عيُونٌ فِى لَجِينٍ شَاخِصَاتٌ وَأَحْدَاقٌ كَالذَّهَبِ السَّبِيكِ
* * *
عَلَى قُضُبِ الزَّبَرْجَدِ شَاهِدَاتٌ بِأَنَّ اللهَ لَيْسَ لَهُ شَرِيكٌ
وَإِنَّ مُحَمَّدًا خَيْرُ البَرَايَا إِلَى الثَّقَلَيْنِ أَرْسَلَهُ الْمَلِيكُ
Ернинг биносига тааммул қил ва қара
Малик қилган нарсаларнинг асарларига,
Кумушлар ичинда тикилгувчи кўзлар,
Қуюлган тилло каби кўз қорачиғлар.
* * *
Забаржад дарахтида бордир гувоҳлар,
Улар Аллоҳга шерик йўқлигин айтар.
Муҳаммад яралганларнинг энг яхшисидир,
Маликнинг инсу жинга юборган элчисидир.
Бир табибдан “Роббингни нима билан танийсан”, – деб сўрашди. У: “Асалари билан танийман, бир тарафи билан асал чиқаради ва бир тарафи билан чақади”, –деб жавоб берди[9].
Яъни оддий асаларида ҳам Аллоҳ таолонинг нақадар қудратли зот эканига далолат бор. У бир тарафидан, яъни оғзидан асал чиқарса, иккинчи тарафидан заҳар солади. Бу ҳақиқат асал сўзининг ёзилишида ҳам ўз ифодасини топган, عَسَلٌ (асал), لَسْعٌ (заҳар солиш), яъни асал сўзи тескари тарафидан ёзилса, заҳар солиш маъноси чиқади.
Кейинги мавзу:
Жон чиқар вақтда келтирилган иймон баёни
[1] Маънони муболаға билан ёки кучайтириб баён қилиш мақсадида исми фоил сийғаси (шакли) бешта самоъий (эшитиш орқали собит бўлган) сийғага ўзгартирилади:
1. فَعَّالٌ – مَنَّاعٌ – ўта ман қилувчи;
2. مِفْعَالٌ – مِهْذَارٌ – ўта кўп гапирувчи;
3. فَعُولٌ – غَفُورٌ – ўта кечиримли;
4. فَعِيلٌ – عَلِيمٌ – ўта билувчи;
5. فَعِلٌ – حَذِرٌ – ўта эҳтиёткор.
Ушбу сийғалар исми фоилнинг кучайтирилган маъносига далолат қилади. Шунинг учун ҳам улар “сийғаи муболаға” деб номланади.
[2] Нисо сураси, 165-оят.
[3] Исро сураси, 15-оят.
[4] Юсуф сураси, 105-оят.
[5] Зухруф сураси, 9-оят.
[6] Исро сураси, 36-оят.
[7] Зиндиқ луғатда “ярамас маккор” маъносини англатади. Истилоҳда “бирорта ҳам динга эътиқод қилмайдиган кимса зиндиқ деб аталади”. Зиндиқлар “замон ҳеч қачон тугамайди” деб эътиқод қилишган. Қаранг: Абдулҳамид Маҳмуд Тоҳмоз. Фиқҳул Ҳанафий фи савбиҳил жадид, учинчи жузи. – Дамашқ: “Дорул қалам”, 2009. – Б. 115.
[8] Даҳрий луғатда “худосиз”, “шаккок” маъноларини англатади. Истилоҳда “Оламнинг ўзи азалий ва абадий мавжуд, унинг яратувчиси йўқ дейдиган кимса, даҳрий дейилади”. Қаранг: Мунжид фил-луғати аълом. – Байрут: “Дорул машриқ”, ўттиз саккизинчи нашр. – Б. 227.
[9] Абу Ҳафс Сирожиддин Умар ибн Исҳақ Ғазнавий. Шарҳу ақидати имом Таҳовий. – Қоҳира: “Даротул Караз”, 2009. – Б. 43.
Набий алайҳиссаломнинг туғилишлари фил йилида (яъни Абраҳа Маккага юриш қилиб, Каъбаи муаззамани вайрон қилмоқчи бўлган йил)да содир бўлган. Дунёга келишлари эса Рабиъул аввал ойининг ўн иккинчиси душанба кунига тўғри келади.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам етим ҳолда дунёга келганлар. Чунки оналари Омина икки ойлик ҳомиладор чоғида оталари Абдуллоҳ вафот этган. Шу билан боболари Абдулмутталибнинг қармоғида қолганлар.
Аллоҳ таолонинг расулидек улуғ зот етим ҳолда дунёга келиши, кўп ўтмай оналарию бобосидан ҳам айрилиши тасодифий ҳодиса эмас. У зот алайҳиссалом ҳаётининг илк кунлариданоқ ота тарбиясидан, бироз ўтгач она меҳридан ҳам маҳрум бўлиб улғайди.
Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг набийсини мана шу ҳолда улғайишини ихтиёр этди. Бунда кўплаб ҳикматлар бор. Ушбу ҳикматларнинг энг муҳими:
Аллоҳ таоло Ислом динини ботилга чиқариб инсонлар қалбига Муҳаммад бу даъвати ва рисолатини (чақириқ ва вазифа) ёшлик чоғидан ота ва бобосидан ўрганган деб турли шубҳаларни солувчиларга бирорта ҳам йўл қолдирмади. Зеро, боболари Абдулмутталиб қавмининг энг пешвоси ва бошлиғи эди.
Аллоҳ таолонинг ҳикмати динни ботилга чиқарувчиларга бу тарафдан бирорта ҳам йўл қолдирмади. Ҳатто, Ўз расулини энг ёшлик вақтиданоқ ота-онаси ҳамда бобосидан ҳам ажратиб улғайтирди. Балки, Аллоҳ набийсини Ҳалима розияллоҳу анҳонинг қўлига топшириб, барча оила аъзоларидан йироқда тарбия қилди. Боболари вафот этгач ҳижратдан уч йил аввалгача амакилари Абу Толибнинг ҳимоясида яшадилар.
Аллоҳнинг ҳикматининг мукаммаллигидан бири Набий алайҳиссаломнинг амакилари Абу Толибнинг иймон келтирмагани бўлди. Токи бу даъват ишига амакиси дебоча вазифасида бўлган деган фикр келмасин ва бу оилавий ва бошлиқлик ишига айланиб, пайғамбарлик эмас деган тушунча пайдо бўлмаслиги учун.
Солиев Элёрбек Муҳаммад Мусо ўғли,
“Файзуллахўжа ўғли Муродхожи” жоме масжиди имом-ноиби.