Мамлакатимиз ҳудудида яшовчи турли миллат ва элатларнинг тили, урф-одати ва анъаналарига ҳурмат билан муносабатда бўлиш, уларни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратишга катта эътибор қаратиб келинмоқда.
Давлатимиз сиёсатининг энг муҳим, устувор йўналишларидан бири барча миллатларнинг равнақи учун тенг шароит ва имконият яратиш, миллатлараро муносабатларни уйғунлаштиришдир.
Мазкур муҳим вазифаларни амалга ошириш мақсадида Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда Халқаро бағрикенглик кунига бағишлаб 11–16 ноябрь кунлари “Бағрикенглик ҳафталиги”ни ўтказмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Ҳафталик давомида турли маданий, маънавий-маърифий ва илмий-амалий тадбирлар ўтказиш режалаштирилган. Ҳафталик доирасида Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси Медиа марказида мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, хорижий давлатлар билан дўстлик алоқаларини ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” мавзусида Халқаро пресс-клубнинг навбатдаги сессияси бўлиб ўтади.
Шу куннинг ўзида Тошкентдаги “Янги Ўзбекистон” боғида турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари иштирокида Мустақиллик монументига гулчамбар қўйиш тадбири бўлиб ўтади.
Тадбир доирасида 12 ноябрь куни Тошкент фотосуратлар уйида “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” номли фотокўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтади. Кўргазмадан кўзланган мақсад юртимизда диний эркинлик ва миллатлараро муносабатларнинг барқарорлигини кенг жамоатчиликка яна бир бор намойиш этиш ва шу қадриятларни сақлаб ривожлантиришдан иборат.
13 ноябрь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида “Янги Ўзбекистон китоб ва кутубхонадан бошланади” номли қардош халқлар ёзувчи ва шоирлари китоблари кўргазмасининг очилиш маросими ташкил этилади. Тадбирнинг асосий мақсади ёш авлод онгига Ватанга муҳаббат ва унинг тақдири учун дахлдорлик ҳиссини сингдириш, уларни миллий ва умуминсоний қадриятларга содиқлик руҳида тарбиялаш, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш, уларни китобхонликка фаол жалб қилишдан иборат.
14 ноябрь куни Тошкент Фотосуратлар уйидаги фотокўргазма ҳамда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасидаги қардош халқлар ёзувчи ва шоирлари китоблари кўргазмаларига талаба-ёшлар ташрифи белгиланган.
15 ноябрда Тошкентдаги “Wyndham Tashkent” меҳмонхонасида динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни таъминлашга ўз ҳиссасини қўшиб келаётган маҳаллий фуқаролар ва хорижлик ҳамкорларни “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтади.
Маълумки, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан «Диний бағрикенглик» кўкрак нишони тўғрисидаги низом тасдиқланди. Кўкрак нишони билан атоқли давлат ва жамоат арбоблари, диний-ижтимоий соҳадаги раҳбарлар ва етук уламолар, давлат ташкилотлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ходимлари, халқаро ташкилотлар, дипломатик ваколатхоналарнинг вакиллари, хорижий арбоблар ва олимлар тақдирланади.
Байрам муносабати билан бир гуруҳ ҳамюртларимиз “Диний бағрикенглик” кўкрак нишони билан тақдирланди. Тадбирга турли вазирлик ва идоралар, жамоат ташкилотлари, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа диний конфессия вакиллари, миллий маданий марказлар фаоллари, юртимизда миллатлараро дўстлик ва диний бағрикенглик ришталарини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшаётган ҳамюртларимиз ҳамда ОАВ вакиллари таклиф этилди.
Шунингдек, Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси саройида Ўзбекистон маданият ва санъат усталари иштирокида “Бағрикенглик оҳанглари” номли гала-концерт бўлиб ўтади. Концерт давомида миллатлараро тотувлик ва бағрикенгликни тараннум этувчи мусиқий чиқишлар намойиш этилади.
16 ноябрь куни ҳафталикнинг якуни ҳам қизиқарли учрашув ва музокараларга бой бўлади. “Янги Ўзбекистонда диний бағрикенглик” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади. Конференция Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси ва Дин ишлар бўйича қўмита томонидан ташкил этилади.
Бугунги кунда инсоният турли геосиёсий ва мафкуравий курашлар, терроризм, экстремизм, фундаментализм, сепаратизм, одам савдоси, “оммавий маданият” каби таҳдидлар гирдобида – мураккаб вазиятда яшамоқда. Конференция ишида бундай шароитда ҳар бир давлатнинг миллий яхлитлигини сақлаш, жамиятни маънавий-ахлоқий соғломлаштириш, ўсиб келаётган ёш авлодни миллий ўзликни англаш руҳида тарбиялаш ва бошқа долзарб масалалар муҳокама этилади.
Ҳафталик доирасида республиканинг барча ҳудудларида жорий йилнинг 11-16 ноябрь кунлари кўплаб тадбирлар ўтказилади. Давлат умумий ўрта таълим мактабларида “Миллий анъана ва удумлар” кўргазмалари, “Бағрикенглик менинг наздимда” мавзусида энг яхши иншолар танловлари, “Менинг бағрикенг дунём” мавзусида энг яхши расмлар танловлари ва бағрикенгликни тарғиб қилувчи шеърхонлик кечаларини ўз ичига олган “Бағрикенглик” фестивали ўтказилади.
Давлат олий таълим муассасаларида “Биз бир мамлакатда яшаётган ягона халқмиз”, “Диний маърифат ва миллатлараро бағрикенглик – жамият барқарорлиги шарти”, “Миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик – умрбоқий қадриятлар” мавзуларида давра суҳбатлари, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” мавзусида илмий-амалий ва маърифий тадбирлар ўтказиш кўзда тутилган.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳудудларидаги хиёбон ва сайилгоҳларда “Ўзбекистон – бағрикенг диёр” шиори остида маданий тадбирлар, қардош халқлар ёзувчи, шоир ва рассомларининг бадиий асарлари кўргазмалари бўлиб ўтади.
Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ҳамда нодавлат телеканаллар орқали ўзбек халқининг бағрикенглиги, меҳмондўст ва тинчликсеварлиги ҳамда буюк аждодлар меросига бағишланган бадиий ва ҳужжатли фильмлар намойиши кўзда тутилган.
Бир сўз билан айтганда, “Бағрикенглик ҳафталиги” дўстлик, эзгулик, ҳамжиҳатлик байрами сифатида юқори савияда бўлиб ўтади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати
Инсоният цивилизацияси тарихида айрим даврлар борки, улар фақат муайян халқ ёки минтақанинг эмас, балки бутун жаҳон тараққиётининг йўналишини белгилаб берган. Ислом цивилизациясининг IX–XV асрлардаги юксалиш даври ана шундай тарихий босқичлардан бири ҳисобланади. Бу даврда илм-фаннинг турли соҳалари бир-биридан ажралмаган ҳолда. ўзаро уйғунликда ривожланди. Математика астрономия билан, тиббиёт фалсафа билан, география математика билан, тилшунослик тарих билан, диний илмлар эса мантиқ ва тафаккур маданияти билан мулоқот қилган. Бугун фанлараро тадқиқот, рақамли гуманитаристика, сунъий интеллект ва комплекс илмий ёндашувлар жаҳон илм-фанининг энг муҳим йўналишларига айланган бир пайтда, ўша тарихий тажриба янада қизиқарли аҳамият касб этмоқда.
Мазкур уйғунлик тасодифий эмас эди. У Қуръони каримда илмга берилган юксак қадр, тафаккурга даъват, инсонни борлиқни англашга чорловчи ғоялар билан мустаҳкамланган илмий дунёқараш маҳсули эди. Шу сабабли ўша давр олимларини бугунги замонавий тушунчалардаги қатъий «мутахассисликлар» доирасига жойлаштириш қийин.
Форобий фалсафа, мантиқ, сиёсат, ахлоқ ва мусиқа назарияси билан шуғулланган. Хоразмий математика ва астрономия соҳаларида ишлаган. Беруний астрономия, география, геодезия, минералогия, тарих ва этнографияга оид асарлар яратган. Ибн Сино тиббиёт билан бир қаторда фалсафа, мантиқ ва табиий фанлар ҳақида ҳам кенг тадқиқотлар олиб борган. Улуғбек эса давлат бошқаруви, таълим ва астрономик тадқиқотларни бирлаштирган илмий муҳитни шакллантирган. Бу мисолларнинг умумий жиҳати шундаки, билим соҳалари ўртасидаги чегаралар қатъий бўлмаган.
Бугун «интердисциплинар тадқиқот» деб аталадиган ёндашувнинг айрим тамойиллари айнан ана шу интеллектуал анъаналар билан ҳамоҳанг.
Шунингдек, ислом цивилизациясининг интеллектуал меросини фақат табиий ва аниқ фанлар билан чеклаш ҳам тўғри эмас. Чунки диний илмлар соҳасида ҳам манбаларни йиғиш, текшириш, таснифлаш ва баҳолашга қаратилган мураккаб илмий анъаналар шаклланган.
Имом Бухорийнинг ҳадис илмидаги мероси бунга яққол мисол бўла олади. Ҳадисларни саралашда ровийлар ҳақидаги маълумотлар, ривоят занжири ва бошқа мезонлар ўрганилган. Имом Мотуридий эса ақидавий масалаларни ақл ва нақл уйғунлиги асосида таҳлил қилган. Унинг мероси ислом интеллектуал анъанасида ақлий далиллаш ва диний билим ўртасидаги муносабат масаласида муҳим ўрин тутади.
Шу жиҳатдан Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний ёки фақат илмий тарих сифатида эмас, кенг интеллектуал жараён сифатида кўриш мумкин.
Ўзбекистонда илгари сурилаётган Учинчи Ренессанс ғояси тарихий илмий меросни замонавий тараққиёт эҳтиёжлари билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашувнинг марказида илм-фан, таълим, инновация, маданият ва маънавиятни ўзаро боғлиқ тизим сифатида ривожлантириш ғояси туради.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан барпо этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам ана шу концепциянинг муҳим амалий ифодаларидан биридир.
Марказнинг вазифаси фақат тарихий экспонатларни намойиш қилиш билан чекланмайди.
Унинг концепциясида ислом цивилизациясининг илм-фан, таълим, фалсафа, санъат, меъморчилик ва инсонпарварлик соҳаларидаги меросини комплекс равишда ўрганиш ва намойиш этиш ғояси мужассам.
Нафақат музей, балки интеллектуал платформа
Марказни анъанавий музей тушунчаси доирасидагина баҳолаш унинг концепциясини тўлиқ ифодаламайди. Замонавий музей фақат экспонат сақлайдиган жой эмас. У тадқиқот, таълим, рақамлаштириш ва халқаро илмий мулоқот марказига айланиши мумкин. Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази концепциясида ҳам ана шу ёндашув муҳим ўрин тутади.
Қадимий қўлёзма — шунчаки тарихий буюм эмас. У тил, тарих, матншунослик, кодикология, санъат, материалшунослик ва рақамли технологиялар нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши мумкин бўлган мураккаб манба. Археологик меросни ўрганишда эса геоинформацион тизимлар, рақамли моделлаштириш, 3D технологиялар ва бошқа замонавий усуллардан фойдаланиш имкониятлари кенгаймоқда. Шундай қилиб, маданий меросни ўрганишнинг ўзи фанлараро жараёнга айланмоқда.
Ўтмишни сунъий интеллект билан боғлаш
Технологиялар маданий меросни ўрганиш усулларини ҳам ўзгартирмоқда.
Қўлёзмаларни юқори сифатда рақамлаштириш, матнларни электрон базаларга киритиш, сунъий интеллект ёрдамида матнларни таҳлил қилиш, 3D моделлар яратиш ва виртуал муҳитларда тарихий объектларни қайта тиклаш имкониятлари илмий тадқиқотлар учун янги йўналишларни очмоқда.
Бу ерда муҳим нуқта бор. Технология тарихнинг ўрнини босмайди — у тарихни янги авлод учун тушунарли ва тадқиқот учун янада очиқ қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг концепцияси ҳам ўтмишдаги илмий меросни замонавий технологиялар билан боғлашга қаратилган.
Бу ёндашув тарихий билимни архив ва китоблар доирасидан чиқариб, халқаро тадқиқотчилар, талабалар ва кенг жамоатчилик учун очиқ интеллектуал ресурсга айлантириш имконини беради.
«Маърифат билан жаҳолатга қарши»
Ислом цивилизациясининг илмий меросини ўрганишнинг яна бир аҳамияти бор.
Глобал ахборот маконида дин, тарих ва маданият ҳақида турли хил, баъзан бир-бирига зид тасаввурлар юзага келганда тарихий меросни илмий асосда тушунтириш нафақат маданий, балки маърифий аҳамиятга ҳам эга.
Ислом цивилизацияси тарихини фақат диний маросимлар ёки сиёсий воқеалар орқали эмас, балки математика, тиббиёт, астрономия, фалсафа, география, меъморчилик ва бошқа соҳалардаги ютуқлар билан бирга ўрганиш унинг мураккаб ва кўп қиррали табиатини яхшироқ англаш имконини беради.
Шу маънода маърифат тарихий билимни замонавий ахборот муҳитидаги нотўғри талқинларга қарши муҳим воситага айлантириши мумкин.
Ўзбекистоннинг янги халқаро илмий платформаси
Ислом цивилизацияси бир мамлакат ёки бир халқнинг мероси эмас. У Марказий Осиё, Яқин Шарқ, Шимолий Африка, Жанубий Осиё ва бошқа ҳудудларни қамраб олган кенг тарихий ва интеллектуал маконни ифодалайди. Шу сабабли бу меросни ўрганиш ҳам халқаро ҳамкорликни талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази олдидаги муҳим вазифалардан бири ҳам турли мамлакатларнинг олимлари, университетлари, музейлари ва илмий-тадқиқот марказлари ўртасида мулоқотни кучайтиришдан иборат.
Бу Ўзбекистоннинг ўз тарихий меросини дунёга танитиш билан бирга, мамлакатни глобал гуманитар тадқиқотларнинг фаол иштирокчиси сифатида намоён этишига хизмат қилиши мумкин.
Учинчи Ренессанснинг асосий кучи
Учинчи Ренессанс ҳақида гап кетганда, масала фақат янги бинолар қуриш ёки янги муассасалар ташкил этишдан иборат эмас. Асосий савол бошқа: Ўзбекистон ўзининг бой илмий меросини замонавий билим ва инновацияларга қандай айлантира олади? Бу саволнинг жавоби илм-фан, таълим, технология, маданият ва инсон капиталининг бир нуқтада бирлашишини талаб қилади.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг аҳамияти ҳам шу нуқтада намоён бўлади. У тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни тадқиқ қилиш, рақамлаштириш, халқаро илмий мулоқотга олиб чиқиш ва янги авлодга етказиш учун платформага айланиши кўзда тутилмоқда.
Шу маънода Марказни ўтмишга бағишланган иншоот эмас, келажакка йўналтирилган интеллектуал инвестиция сифатида баҳолаш мумкин.
Чунки цивилизациянинг ҳақиқий қиймати фақат унинг ўтмишда яратган мероси билан эмас, балки бу мерос янги авлод учун қандай янги билим ва ғояларга айланиши билан ҳам ўлчанади.
Хоразмийнинг ҳисоблаш усулларидан бугунги алгоритмларгача, Берунийнинг комплекс тадқиқотларидан замонавий фанлараро лойиҳаларгача, Улуғбек расадхонасидан рақамли астрономиягача бўлган йўл бир ҳақиқатни кўрсатади: илм тараққиёти чегаралар эмас, мулоқот ва ҳамкорлик орқали тезлашади.
Эҳтимол, Учинчи Ренессанснинг энг муҳим вазифаси ҳам ана шунда — аждодлар яратган билимларни шунчаки эслаш эмас, балки улардан янги билимлар яратиш учун фойдаланиш. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эса ана шу ғоя атрофида шаклланаётган янги интеллектуал муҳитнинг муҳим платформаларидан биридир.
Муаллиф: Абулфайз Сайидасқаров, iccu.uz
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати