Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
26 Ноябр, 2024   |   25 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:01
Қуёш
07:24
Пешин
12:15
Аср
15:15
Шом
16:59
Хуфтон
18:17
Bismillah
26 Ноябр, 2024, 25 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Ўзгаларнинг ҳаққини еб қўйганман

11.11.2024   955   2 min.
Ўзгаларнинг ҳаққини еб қўйганман

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Cавол: Мен бир пайтлар ўзим билиб ёки билмаган ҳолда бошқаларни ҳақларини еб қўйганман. Ҳозир уларни топишни ҳам иложиси йўқ. Чунки уларни танимайман ҳам. Бу ишим нотўғрилигини энди англаб етдим. Уларни қандай қилиб рози қилсам бўлади?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бировларнинг ҳаққини ноҳақдан олган киши тавба қилмоғи лозим бўлади. Тавбаси ўша ҳақларни ўз эгаларини топиб бериб, уни рози қилиш, қилган гуноҳи учун истиғфор айтиши билан бўлади. Ҳақдорни рози қилмаса, тавбаси ҳақиқий ҳисобланмайди. Ҳадиси шарифларда дунёнинг ўзида ҳақдорларнинг ҳаққини адо қилиб қўйиши борасида кўп марта огоҳлантирилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ким бировнинг шаънига ёки бирор нарсасига зулм қилган бўлса, уни бугун – динор ҳам, дирҳам ҳам бўлмай қолишидан олдин – рози қилиб олсин. Агар солиҳ амали бўлса, ундан қилган зулми миқдорида олинади; яхшиликлари бўлмаса, ҳақ эгасининг ёмонликларидан олиниб, бунга юклатилади” (Имом Бухорий ривояти).

Зиммадаги ҳақларни аввало эгаси қидирилади. Ҳозирги кунда эгасини топишнинг турли ва қулай усуллари бор. Топилгач, эгаларига берилади. Агар вафот этган бўлса, меросхўрларига берилади.

Агар ҳақдорни топишнинг иложи бўлмаса, унинг номидан камбағалларга садақа қилинади. Ана шундан кейин эгаси топилиб қолса, унинг номидан садақа қилиб юборганини айтади. Ҳақ эгаси шунга рози бўлса, иш шу билан битади. Агар ҳақини талаб қилса, ҳақини беради ва садақанинг савоби ўзига бўлади. “Табйинул ҳақоиқ” китобида бундай дейилган:

(Олинган) нарсаларнинг эгасини билса, уларга қайтариб беради. Билмаса, садақа қилиб юборади. Чунки нопок йўл билан топилган маблағни эгасини топишнинг иложи бўлмаса, садақа қилинади”. Валлоҳу аълам.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Тошкентда Қоҳира университети филиали очилади

25.11.2024   1096   1 min.
Тошкентда Қоҳира университети филиали очилади

Ўзбекистон Республикасининг Қоҳирадаги элчиси Мансурбек Қиличев ҳамроҳлигидаги мамлакатимиз делегацияси аъзолари Қоҳира университети президенти доктор Муҳаммад Сами Абдул-Содиқ билан учрашди.

Мулоқот давомида талабалар билан ишлаш, академик ва тадқиқот соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш, профессор-ўқитувчилар, талабалар алмашинуви масалалари муҳокама этилди.

Ўзбекистон ва Миср ўртасида таълимнинг барча босқичлари бўйича ЖАДАЛ ривожланиб бораётган шериклик кўламини янада кенгайтириш, бу жараёнда шарқшунослик, архитектура йўналишларига алоҳида эътибор қаратиш, Қоҳира университети факультетларининг қатор муҳим мутахассисликлари бўйича магистратура бўлимида профессор-ўқитувчилар, талабалар учун жой ажратишга келишилди.

Муҳаммад Сами Абдул-Содиқ олий ўқув юрти тарихи, университет ҳузуридаги институтлар, факультетлар, ушбу таълим муассасасида ўқиётган мисрлик ва чет эллик талабалар сони ҳақида батафсил маълумот берди.

Дарвоқе, Коҳира университети “Times” нашри 2024 йил ноябрда эълон қилган рейтингда 92 мамлакат, хусусан минтақадаги 749 университет орасида 39-ўринни эгаллади.

Ўз навбатида, элчимиз Ўзбекистон олий ўқув юртлари Миср билан ўзаро манфаатли ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.

ЎзА

Ўзбекистон янгиликлари