Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Cавол: Мен бир пайтлар ўзим билиб ёки билмаган ҳолда бошқаларни ҳақларини еб қўйганман. Ҳозир уларни топишни ҳам иложиси йўқ. Чунки уларни танимайман ҳам. Бу ишим нотўғрилигини энди англаб етдим. Уларни қандай қилиб рози қилсам бўлади?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Бировларнинг ҳаққини ноҳақдан олган киши тавба қилмоғи лозим бўлади. Тавбаси ўша ҳақларни ўз эгаларини топиб бериб, уни рози қилиш, қилган гуноҳи учун истиғфор айтиши билан бўлади. Ҳақдорни рози қилмаса, тавбаси ҳақиқий ҳисобланмайди. Ҳадиси шарифларда дунёнинг ўзида ҳақдорларнинг ҳаққини адо қилиб қўйиши борасида кўп марта огоҳлантирилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: “Ким бировнинг шаънига ёки бирор нарсасига зулм қилган бўлса, уни бугун – динор ҳам, дирҳам ҳам бўлмай қолишидан олдин – рози қилиб олсин. Агар солиҳ амали бўлса, ундан қилган зулми миқдорида олинади; яхшиликлари бўлмаса, ҳақ эгасининг ёмонликларидан олиниб, бунга юклатилади” (Имом Бухорий ривояти).
Зиммадаги ҳақларни аввало эгаси қидирилади. Ҳозирги кунда эгасини топишнинг турли ва қулай усуллари бор. Топилгач, эгаларига берилади. Агар вафот этган бўлса, меросхўрларига берилади.
Агар ҳақдорни топишнинг иложи бўлмаса, унинг номидан камбағалларга садақа қилинади. Ана шундан кейин эгаси топилиб қолса, унинг номидан садақа қилиб юборганини айтади. Ҳақ эгаси шунга рози бўлса, иш шу билан битади. Агар ҳақини талаб қилса, ҳақини беради ва садақанинг савоби ўзига бўлади. “Табйинул ҳақоиқ” китобида бундай дейилган:
“(Олинган) нарсаларнинг эгасини билса, уларга қайтариб беради. Билмаса, садақа қилиб юборади. Чунки нопок йўл билан топилган маблағни эгасини топишнинг иложи бўлмаса, садақа қилинади”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Тошкент ислом институти "Қуръон илмлари" кафедраси ўқитувчиси Абдулбосит қори Қобулов Имом Ҳафснинг Имом Осимдан қилган ривояти Тоййиба йўли орқали Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга боғланган санади билан ижоза олди.
Абдулбосит қори Қуръони каримни юқоридаги тариқага кўра қироат қилиб, Шайх Иброҳим Муҳаммад ҳузурида хатм қилди.
Шу муносабати билан ТИИ "Қуръон илмлари" кафедраси мудири Жаҳонгир қори Неъматов ва 10 та қироат бўйича ижоза соҳиби, Ал-Азҳар шайхи, кафедра устози Иброҳим Муҳаммад билан биргаликда Абдулбосит қори Қобуловга ижоза шаҳодатномасини топширди.