frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null
Мақолалар

Ҳазрат Ҳизр алайҳиссалом ким?

11.11.2024   15093   3 min.
Ҳазрат Ҳизр алайҳиссалом ким?

Сизнинг кўнглингизга Ҳазрат Ҳизр алайҳиссалом ким? деган савол келганми?

У пайғамбарми ёки валийми ёки олимми?

У нима учун Мусо алайҳиссаломдан кўпроқ билим, ҳикмат ва раҳм-шафқат соҳибидир?

Нега Аллоҳ таоло фақат Мусо алайҳиссаломни Ҳазрат Ҳизр алайҳиссалом билан учрашиш учун тайинлаган?

Мазкур ҳикоя бошқалардан фарқ қилади, чунки у илм борасида мутлақо ўзгача ҳикматни очиб беради.

 

Бу илм – бу дунёдаги сабаблар ва пайғамбарларга берилган ваҳийга асосланган илм эмас. Бу Аллоҳнинг олий тақдири билан боғлиқ бўлган бир илм, кўздан ёпиқ, пинҳона. Бу ҳикоя инсон қалбидаги энг мураккаб саволларга жавоб беради: Аллоҳ таоло нега ёмонлик, қашшоқлик, азоб-уқубат, урушаётган жанглар ва касалликларни яратди? Нега болалар вафот этади? Тақдир қандай ишлайди?

Баъзилар Ҳазрат Ҳизрни суҳбатда гапирувчи тақдир деб аташади ва у бизга раҳмат ва илмдан иборат бўлган тақдирнинг вазифаларини кўрсатиб беради: Бас, бандаларимиздан бир бандани топдилар. Биз унга Ўз даргоҳимиздан раҳмат ва Ўз тарафимиздан илм ўргатган эдик(Каҳф сураси, 65-оят).

Мусо алайҳиссалом раҳмат ва илмга эга бўлган бу бандадан “Мен сиздан ўрганайми?” деб сўрайди. Ҳазрат Ҳизр: Сен мен билан бирга бўлишга сабр қила олмайсан”, дея жавоб беради. Чунки инсон ақли учун Аллоҳнинг тақдирини тушуниш оғирдир. Аммо Мусо алайҳиссалом: Албатта, сабр қиламан ва сизга бўйсинаман, деб ваъда беради.

 

Иккови бир қайиққа чиқади ва Ҳазрат Ҳизр уни тешиб юборади. Мусо алайҳиссалом: Сен қайиқни тешиб, уни ғарқ қилмоқчимисан? Сен нозик иш қилдинг! дейди. Бунга Ҳазрат Ҳизр: Сен мен билан сабр қила олмайсан”, деб эслатади. Бу ерда Аллоҳнинг тақдирини тушуниш инсон ақли учун оғирлигини кўрамиз.

Кейин Ҳазрат Ҳизр бир болани ўлдиради. Бу гал Мусо алайҳиссалом қаттиқ ғазабланиб: Сен бегуноҳ болани ўлдирдинг, бу аянчли иш! дея эътироз қилади. Бунга Ҳазрат Ҳизр яна эслатади: Сен сабр қила олмайсан.

Сўнг улар бир шаҳарга келиб, Ҳазрат Ҳизр етимларнинг деворини тиклайди. Мусо алайҳиссалом яна сабр қилолмайди ва сўз очади. Шунда Ҳазрат Хизр Бу бизнинг ажралишимиз деб ҳикмат сирини тушунтиришни бошлайди.

Бу ҳикоя бизга уч турдаги тақдирни англатади:

1. Биринчиси – сиз ёмонлик деб билган нарса яхши натижалар келтириши мумкин.

2. Иккинчиси – ёмонликка ўхшаган воқеаларнинг фойдаси, лекин бу дунёда сирлигича қолади.

3. Учинчиси – ёмонликдан ҳимоя қилинадиган тақдир бўлиб, Аллоҳнинг лутфи билан сиздан яширинади.

Ҳазрат Хизр айтганидек: Сен Аллоҳнинг тақдирини тушуна олмайсан. Шунинг учун ҳар қандай вазиятда сабр қил. Агар сиз Аллоҳга ишончли бўлсангиз, ҳар бир воқеада хайр бор.

Аллоҳнинг раҳмати барчага бўлсин!

 

Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Эрҳан Афёнжу: Ўзбекистон – туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган замин

18.08.2026   64783   1 min.
Эрҳан Афёнжу: Ўзбекистон – туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган замин

Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.

Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.

Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.

Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.

“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.

Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.

“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.

Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.

Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.

Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон янгиликлари