Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
25 Ноябр, 2024   |   24 Жумадул аввал, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:00
Қуёш
07:23
Пешин
12:15
Аср
15:16
Шом
17:00
Хуфтон
18:18
Bismillah
25 Ноябр, 2024, 24 Жумадул аввал, 1446
Мақолалар

Ихтилоф ва тафриқанинг турлари

11.11.2024   1139   12 min.
Ихтилоф ва тафриқанинг турлари

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Билингки, ихтилоф икки хил бўлади:

  1. Бир нарсанинг туридаги ихтилоф.
  2. Бир нарсага қарши ихтилоф.

Турдаги ихтилоф шуки, ихтилоф қилинган гап ёки ишнинг ҳар бири ҳақ бўлади ва шариатда бор бўлади. Бунга мисоллар: Саҳобалардан иккиталари Қуръон тиловатида ихтилоф қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келганларида, икковингизники ҳам тўғри, деганлар (Имом Бухорий ривоят қилган).

Азон ва иқоматнинг сифати, саҳв саждасини қилиш маҳали, ташаҳҳуд, хавф намози, ийд ва жаноза намози такбирларига ўхшаган, шариатда бор, лекин турлари ҳар хил нарсалар шулар жумласидандир.

Бунга ўхшаш ихтилофда хусумат қилиш ҳаромдир. Кўпинча бунга ўхшаш ихтилофларда уммат ичида хусумат чиқиб, уруш даражасигача етиб борилишига гувоҳ бўлганмиз. Мисол учун, иқоматда калималарни жуфт ёки тоқ айтиш, «омийн»ни овоз чиқариб ёки ичида айтиш масалаларида шундоқ бўлади. Бу эса, айни ҳаром ишдир. Ушбу турдаги ихтилофларга далилларнинг сийғалари, баъзи бир номларни айтиш ва шунга ўхшаш нарсалар киради. Жаҳл ёки зулм юзасидан бир гап ёки иш мақталади-ю, иккинчиси ёмонланади. Оқибатда икки томон ўртасида хусумат кенгайиб, уруш-жанжалга бориб етади. Қарама-қарши ихтилофда эса, икки гап ёки ишдан бири ҳақ, бошқаси ботил бўлади. Бу анча қийин ишдир.

Қарама-қарши ихтилофга Аллоҳ таолонинг тавҳиди ҳақидаги ихтилоф киради. Шунингдек, қабр азоби ҳақми ёки ҳақ эмасми, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меърожлари жисм биланми ёки руҳ биланми, каби ихтилофлар киради. Биринчи турдаги, яъни, гап ва нарсаларнинг туридаги ихтилофда гоҳо, агар ҳақ бўлса ҳам иккинчи томонга зулм қилган тараф мазаммат қилинади. Агар орада бир-бирига зулм қилиш бўлмаса, Қуръони Карим икки томонни ҳам мадҳ қилган.
Ғазотлардан бирида мусулмонлар душманга паноҳ бўлиб турган хурмоларни кесиш ёки кесмаслик ҳақида ихтилоф қилдилар. Баъзилари хурмоларни кесдилар. Баъзилари кесмадилар. Орада ким тўғри қилди-ю, ким нотўғри қилди, деган савол пайдо бўлди. Шунда Аллоҳ таоло: “Сиз хурмони кесган ёки аслида тик қолдирган бўлсангиз, фақат Аллоҳнинг изни ила қилдингиз”, деган оятни нозил қилди.

Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Бани Қурайза уруши куни аср намозини вақтида ўқиганларни ҳам, Бани Қурайзага етиб келгунча орқага сурганларни ҳам маъқул кўрганлар (Имом Бухорий ривоят қилган).

Изоҳ: Хандақ урушида Бани Қурайза исмли яҳудий қабиласи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сулҳ тузган бўлишига қарамай, мушрик ҳизбларга қўшилиб, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши чиққан эди. Уруш тугаб, кофир ва мушриклар ноумид бўлиб, ортларига қайтиб кетдилар. Шунда Жаброил алайҳиссалом келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳ таоло У зотни Бани Қурайзанинг адабини бериб қўйишга амр қилаётганини етказди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дарҳол йўлга отландилар ва саҳобаи киромларга: “Бирор киши аср намозини Бани Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин!” дедилар.

Намоз вақти яқин қолган эди. Ҳамма йўлга отланди. Йўлда кетаётганларида намоз вақти кирди. Баъзи саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, “Бирор киши аср намозини Бани Қурайзадан бошқа жойда ўқимасин!” деганлар, намозни албатта, ўша ерда ўқишимиз керак, деб намоз ўқимай, йўлда давом этдилар. Баъзилари эса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гап билан бизни тез юришга ундамоқчи бўлдилар, намозни ўқиб олиб, тез юриб кетаверсак зарари йўқ, деб йўлда асрни ўқиб олдилар.

Орада, қайси томоннинг иши тўғри, деган савол пайдо бўлди. Бу савол Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга берилган эди, икки томоннинг ҳам қилгани тўғрилигини айтдилар). Аммо иккинчи турдаги, яъни, қарама-қарши ихтилофда бир томон мадҳ қилинади. Иккинчи томон мазаммат қилинади.

Қуръони Каримда: “Лекин ихтилоф қилдилар. Бас, улардан кимдир иймон келтирди. Кимдир куфр келтирди”, дейилган. Бошқа бир оятда эса: “Ушбу икки хусуматчи томон Роббилари ҳақида хусумат қилдилар. Бас, куфр келтирганларга оловдан кийим бичилди”, дейилган.

 

МУСУЛМОНЛАРНИНГ КЎП ИХТИЛОФЛАРИ БИРИНЧИ ТУРГА ОИДДИР

“Уммат аъзолари орасидаги ҳавои нафсга берилиш, қон тўкиш, душманлик ва бир-бирини ёмон кўришга олиб борадиган ихтилофларнинг кўпи биринчи турдаги ихтилофлардир. Хусуматчи тоифалардан бири иккинчисининг ҳам ҳақ эканини билмайди, инсоф қилмайди, балки бу хилофни иккинчи турдаги, қарама-қарши хилофдан деб билади. Бу эса, зулм ва ҳаддан тажовуз қилиш сабабидандир…” (иқтибос тугади).

Бизнинг фикримизча, бундан олти юз эллик йилча аввал ёзилган “Шарҳи Ақидаи Таҳовийя”ни шарҳлашга ҳожат йўқ, ҳаммаси тушунарли. Аммо баъзи таълиқлар қилиб ўтсак, фойдадан холи бўлмас, деган умиддамиз.

Биз келтирган иқтибосда гап ва амалларнинг тури ҳақидаги ихтилофларнинг ёмонлиги йўқ, фақат томонлар бир-бирларига зулм қилмаса бўлгани, дейилмоқда. Чунки мазкур китоб, аҳли суннат вал жамоат эътиқодидаги мусулмонлар оммаси ақидасини ўз ичига олган китобдир. Машҳур тўрт фиқҳий мазҳабларнинг ҳаммаси ҳам худди ўша ақидавий мазҳабдадирлар.

Демак, фиқҳий мазҳаблар орасидаги баъзи бир нарсаларни адо этишдаги (турлари бўйича) хилма-хиллик, турличалик ёмон нарса эмас. Балки уруш-жанжал ва зулмдан холи бўлса, бўлаверадиган нарса. Ҳар бир мазҳаб шаръий далиллар кўтарган жойларда баъзи нарсаларни адо этишда афзал йўлни топишга ҳаракат қилганлар. Бу услуб ҳозирги кунда, кўп фикрлик, ижобий мусобақа каби номлар билан аталмоқда. Нима учун ўзгалар бизнинг услубимизни қўллаб, яхшилик томон қадам қўйган чоғларида биз ўзимизнинг яхши нарсамизни қадрламай уруш-жанжалга айлантирамиз?!
Демак, мусулмон уммати ижмоъи ила эътироф этилган машҳур тўрт фиқҳий мазҳаб доирасида баъзи фиқҳий масалаларни турлича ҳал қилиниши ёмон нарса эмас. Бир мазҳабнинг ичида эса, умуман ихтилофга ўрин қолмайди. Ундоқ бўлса, биздаги ихтилофлар қаердан чиқмоқда? Биздаги ихтилофлар баъзиларимизнинг Ҳанафий фиқҳий мазҳабини инкор қилишимиздан чиқмоқда. Юқорида васфлари келган, чет эллардан келиб бизга диний таълим бермоқчи бўлганларнинг даъволари ҳам шу. Улар ўз ишларига жуда ҳам гўзал исм танлашган. У муҳтарамлар, биз Қуръон ва Суннатга амал қиламиз, дейдилар. Бу гўзал шиор ортида, бизга мухолиф бўлганлар Қуръон ва Суннатга амал қилмаган бўлади, деган таг маъно ҳам бор. Энди ушбу даъвони қисқача қилиб, англашга ҳаракат этайлик:

Биринчидан: Агар биз Қуръон ва Суннатга амал қилиш даъвоси ила Ҳанафий мазҳабида Суннат деб айтилган амални, мисол учун, «омийн»ни ичида айтишни инкор қилиб, «омийн»ни овоз чиқариб айтиш керак, десак, Шофеъий мазҳабига тақлид қилган бўлмаймизми?! Чунки, айнан Шофеъий мазҳаби намозда «омийн»ни овоз чиқариб айтиш суннат, деган. Бу ҳолда ҳанафийлар ичида шофеъийлар ижтиҳоди бўйича иш кўриб, беҳудага жанжал чиқарган бўлмаймизми?

Иккинчидан: Биз юқорида зикр этилган фаразни рад қилиб, ҳеч бир мазҳаб билан ишимиз йўқ, айтган гапимизни ҳадисдан олдик, дейишимиз мумкин. Иккинчи томон бизга, бу гап ҳадис эканини қаердан билдингиз, дейиши турган гап. Унда биз, фалончи муҳаддис ривоят қилган, деймиз. Унда сиз ўша фалончи муҳаддисга тақлид қилаётган экансиз, дейди иккинчи тараф. Шундоқ қилиб тортишув давом этаверади.

Учинчидан: Биз мисол қилиб олган масаламиз “омийн”ни овоз чиқариб айтишни суннатга амал қилиш эканини ва Ҳанафий мазҳабига биноан «омийн»ни овоз чиқармай айтиш суннат эмаслигини даъво қилишимиз ила бир неча саҳиҳ ҳадисларни инкор қилган бўлмаймизми? Чунки Ҳанафий мазҳаби “омийн”ни ичида айтиш суннат эканига бир неча саҳиҳ ҳадисларни далил қилиб келтиради. Агар икки иш ҳам суннат эканини тан оладиган бўлсак, Ҳанафийлар ичида бу ишни қўзғаб келишмовчиликларга сабаб бўлишимиздан мақсадимиз нима?

Тўртинчидан: Ҳанафий мазҳабидагилар “омийн”ни ичида айтиш афзал эканига Қуръони Каримдан далил келтирадилар. Нима учун биз Қуръон ва Суннатга амал қилишни даъво эта туриб, Ҳанафий мазҳаби келтирган Қуръоний далилни инкор қиламиз?! Бунга ўхшаш саволлар кетма-кет чиқаверади. Буларни аста ва чуқур ўйлаб кўришимиз лозим. Бир нарсани даъво қилишдан олдин даъвомизга асос борми, ўзимиз ўша даъвога лойиқмизми ва бошқа шунга ўхшаш нарсаларни тарозуга солиб кўрсак, яхши бўлар эди.

Бошқаларни бирор камчиликда айблашдан олдин, улар нима дейишмоқда, айтаётган гаплари ва қилаётган ишларига нима далиллар келтиришмоқда деб, яхшилаб ўрганишимиз керак. Биз ўзимизча, Қуръон ва Суннатга амал қиляпмиз, деб керилиб юравериб, иккинчи томон у нарсаларга биздан кўра яхшироқ ва тўғрироқ амал қилаётган бўлмасин. Энди масалага бошқа томондан назар солайлик. Ўзимизга ўзимиз бир савол берайлик. Бизда мусулмонлар ўзаро ихтилофга тушган масалалар аслида ихтилоф қилишга арзигулик масалалар эдими? Агар ўзаро ихтилофга тушиб қир-пичоқ бўлишимизга сабаб бўлган масалаларнинг ҳаммасини, жумладан, “омийн”ни ичида ёки ошкора айтишни, рукуъга борганда икки қўлни кўтаришни, имомнинг ортидан қироат қилишнинг ҳукмини ўрганиб чиқсак, ошиб борса, суннат амал бўлади. Фарз ҳам эмас, вожиб ҳам эмас. Фиқҳий ҳукм бўйича суннат амални қилган одам савоб олади, қилмаган одам гуноҳкор бўлмайди. Бизни шарманда қилишга сабаб бўлган бояги амалларда эса ҳеч ким суннатни тарк этгани йўқ. Балки бир амални адо этишнинг икки йўлидан бирини тутишди, холос. Ҳанафий мазҳабини тутганлар шу мазҳаб уламолари битта ояти каримани ва бир неча ҳадиси шарифни далил қилиб, намозда “омийн”ни ичида айтиш суннат, деб қилган ҳукмларига биноан етти пуштиларидан буён “омийн”ни ичларида айтиб келишар эди.

Баъзиларимиз фиқҳий мазҳабни четлаб ўтиб, ўзимизга ижтиҳод қилиб, тўғридан-тўғри Қуръон ва Суннатдан ҳукм чиқаришга уриниб, баъзи ҳадисларга суянган ҳолда «омийн»ни овоз чиқариб айтиш афзал, уни овоз чиқариб айтмаганлар хато қиладилар, дедик. Кўпчилик орасида «омийн»ни керагидан ҳам баландроқ қилиб айтиб қасддан кишиларнинг асабларини буздик. Баъзиларимиз турли масжидларга шогирдларимизни юбориб, ихтилофни чуқурлаштиришга ҳаракат қилдик. Орада хилоф чиқди. Бир-бирига озор бериш, ўзаро низо, уруш-жанжал ва ҳоказолар авж олди. Хўш, бир суннат ёки мустаҳаб амални жойидан қўзғата олмай оламни шовқин-суронга тўлғизганимиздан чиққан натижа нима бўлди?

Натижа турли уруш-жанжалларга, озорларга ва бошқа мусибатларга олиб борган хилоф бўлди.

Шариатимиз ҳукми бўйича бундоқ хилоф ҳаромдир. Бу ҳукм билан юқорида «Шарҳи Ақидаи Таҳовия» китобидан келтирилган иқтибосда ҳам танишдик. Ҳаром нарсани ҳалол санаш миллатдан чиқарувчи куфр бўлса, уни ҳаромлигини эътироф қилиб туриб қилиш эса, гуноҳи азимдир. Бу ҳақда ҳеч ким ихтилоф қилган эмас. Чунки мусулмонлар ўртасида хилоф чиқаришни ҳалол санаш куфр эканлиги, бу ҳаром ишни қилиш гуноҳи азим эканлиги Қуръони Карим оятларида ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида қайта-қайта таъкидланган. Қуръон ва Суннатга амал қилишга озгина рағбати бор одам учун булардан айримларини билиб олишнинг ўзи ҳам умр бўйи зинҳор ихтилофга яқинлашмасликларига кифоя қилади, деб ўйлаймиз.

 

Кейинги мавзулар:

Ихтилоф ҳақидаги баъзи оятлар;
Ихтилоф ҳақидаги баъзи ҳадиси шарифлар
.

Кутубхона
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Диндан чиқишни ният қилган кимса

25.11.2024   398   17 min.
Диндан чиқишни ният қилган кимса

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

46 - وَمَنْ يَنْوِ ارْتِدَادًا بَعْدَ دَهْرٍ
يَصِرْ عَنْ دِيْنِ حَقٍّ ذَا انْسِلاَلِ

Маънолар таржимаси:

Кимки бирор замондан сўнг муртад бўлишни ният қилса, (шу лаҳзанинг ўзидаёқ) ҳақ диндан пинҳона чиқиб кетганга айланади. 

 

Назмий баёни:

Кимки муртадликни ният-қасд этар,

Шу ондаёқ пинҳона ҳақ диндан кетар.

 

Луғатлар изоҳи:

مَنْ – шарт исм.

يَنْوِ – шарт феъли. Охиридаги ي си ҳазф қилиниши билан мажзум бўлиб турибди.  Ният ташдидли نِيَّةٌ ва ташдидсиз نِيَةٌ шаклларида келади, луғатда “қасд қилиш”, “азму қарор қилиш” маъноларини англатади.

اِرْتِدَادٌ – луғатда “орқага қайтиш”, “тарк этиш” маъноларини англатади. Шу маънода Ислом динидан қайтган киши муртад дейилади.  

بَعْدَ  – зарф.

دَهْرٍ – калимаси “замон”, “аср”, “узун умр” маъноларини англатади.

يَصِرْ – жавоб шартликка кўра жазм бўлиб турибди.

عَنْ – жор ҳарфи مِنْ маъносида келган.

حَقٍّ  دِيْنِ– музоф, музофун илайҳ. Ҳақ дин деган сўз билан Ислом динининг сифати баён қилинган. 

انْسِلاَلِ – бу масдар бирор жойдан билдирмасдан чиқиб кетишга нисбатан ишлатилади.


Матн шарҳи:

Ушбу матнда Ислом динидан қайтишни ният қилган кимсанинг муртад бўлиши баён қилинган. Бу масала ўта нозик бўлганидан матнда келган ҳар бир калимани диққат билан атрофлича ўрганиб чиқишни тақозо қилади. Муртад бўлишни ният қилса, дейилди. Ният қалбнинг иши бўлганидан аввало қалбда ниятгача бўлган босқичлар ҳам борлигини билиб олиш лозим. 

Қалбнинг бирор нарсага қандай боғланиши ҳақида Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ Ибн Аби Жамрадан қуйидаги ривоятни келтирган: қалбга келадиган нарсалар қуйидаги тартибда бўлади:

1. اَلْهَمَّةُ (кўнгилга келиш);

2. اَللَّمَّةُ (истак пайдо бўлиш);

3. اَلْخَطَرَةُ (ўй-фикр келиш);

4. اَلنِّيَّةُ (ният қилиш);

5. اَلاِرَادَةُ (қасд қилиш);

6. اَلْعَزِيمَةُ (азму қарор қилиш).

Яъни дастлаб бирор маъно кўнгилга келади, сўнгра ўша маъно кучаяди, кейин эса у ҳақида турли ўй-фикрлар келади. Ушбу учта босқич  банданинг ихтиёридан ташқарида бўлгани учун улар ҳақида банда масъул қилинмайди. 

Аммо булардан кейинги ният, қасд қилиш ва азму-қарорлар банданинг ихтиёри билан вужудга келгани учун булар ҳақида банда жавобгар бўлади.

Демак, қайси бир мўмин киши миссионерлар таъсирига тушибми ё бошқа бир сабаблар туфайлими, маълум бир муддатдан кейин қисқа вақт бўлсин ёки кўпроқ вақт бўлсин, ўз ихтиёри билан Исломдан чиқишини ният қилса (Аллоҳ сақласин), келажакда муртад бўлишни ният қилаётган бўлса-да, ўша ондаёқ диндан чиқиб кетган ҳисобланади. Чунки Исломни дин деб қабул қилиб, охиратга ишонган ҳар бир мўмин бандага келтирган иймонида собит туриш буюрилган:

“Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳга, Пайғамбарига, (шу) Пайғамбарига нозил қилган Китоб (Қуръон)га ҳамда илгари нозил қилган Китобга иймон келтирингиз!”[1].   

Яъни иймон келтирганларга қарата яна иймон келтиринг, дея буюрилиши, эй иймон келтирганлар, келтирган иймонингизда собитқадамлик билан бардавом бўлинглар маъносини англатади. Чунки ишонган нарсаси тўғрисида қатъи эътиқодда туриш иймон тақозосидир. Агар банда ушбу қатъи эътиқодига қарши боришни ният қилса, бу нияти қалбидаги тасдиқни йўққа чиқаради, тасдиқни йўққа чиқаришга рози бўлиш эса ўзининг куфрга кетишига рози бўлишдир. Куфрга рози бўлиш эса куфр бўлади.  Шунинг учун билиб-билмасдан бундай ишга дучор бўлган кимса дарҳол калимаи шаҳодат қайтариб, тавбага шошилиши лозим бўлади.

Аммо ушбу масаланинг тескариси бундай эмас. Яъни кофир одам бир муддатдан сўнг мўмин бўламан, деб ният қилса, то иймон келтирмагунича куфрдан чиқмайди. Чунки воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади, иш-ҳаракат эса ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Бунинг мисоли муқимлик билан сафарга ўхшайди, мусофир киши муқимликни ният қилишнинг ўзи билан муқимга айланади, чунки муқимлик сафардан воз кечишдир. Воз кечиш ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлади. Муқим киши эса ёлғиз ниятнинг ўзи билан мусофирга айланмайди, у яшаб турган жойидан ажралиб чиққанидан кейин мусофирга айланади. Чунки сафар иш-ҳаракатдир, иш-ҳаракат ёлғиз ниятнинг ўзи билан ҳосил бўлмайди. Ислом иш-ҳаракатдир, шунга кўра мусофир ниятнинг ўзи билан муқимга айланиб қолганидек, мусулмон киши ҳам куфрни ният қилишнинг ўзи билан кофирга айланади. Кофир эса, муқим киши сафарга чиқмагунича, ниятнинг ўзи билан мусофирга айланиб қолмаганидек, то иймонга иқрор бўлмагунича, мўминга айланмайди...”[2].

   

Бепарволикнинг аянчли оқибати баёни

47 - وَلَفْظُ الْكُفْرِ مِنْ غَيْرِ اعْتِقَادٍ بِطَوْعٍ رَدُّ دِيْنٍ بِاغْتِفَالِ

Маънолар таржимаси:

Эътиқод қилмасдан (бўлса-да) ўз ихтиёри билан куфр (сўз)ни талаффуз қилиш ғафлат билан динни рад этишдир.


Назмий баёни:

Эътиқодсиз ихтиёр-ла куфрни айтиш,

Демишлар: ғафлат-ла ҳақ диндан қайтиш.


Луғатлар изоҳи:

لَفْظُ – мубтадо. Лафз луғатда “чиқармоқ”, “талаффуз қилмоқ” каби маъноларни англатади. Истилоҳда икки хил таъриф берилган:

1. Инсон талаффуз қилган нарса;

2. Талаффуз қилган ё қилмаганидан қатъи назар унинг ҳукмидаги нарса.

الْكُفْرِ – музофун илайҳ.

مِنْ – “табйиния” (фарқлаш) маъносида келган жор ҳарфи.

غَيْرِ– сифат.

اعْتِقَادٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. 

بِ – “сабабия” маъносидаги жор ҳарфи.

طَوْعٍ – жор мажрур لَفْظُ га мутааллиқ. طَوْعٍ масдари луғатда ихтиёрий равишда бўйунсуниш маъносини ифодалаш учун ишлатилади.

رَدُّ – хабарликка кўра раф бўлиб турибди. Луғатда “қайтариш”, “инкор қилиш” маъноларини англатади. 

دِيْنٍ – музофун илайҳ. Дин калимаси луғатда “тоат”, “мукофот” маъноларини англатади. Истилоҳда эса “ақл эгаларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларидаги нарсани қабул қилишга ундайдиган илоҳий қонун – дин деб аталади”.

Ислом дини ва Ислом миллати ўртасидаги фарқ қуйидагичадир:

– Унга итоат этилиш жиҳатидан дин деб номланади, яъни итоат этиладиган илоҳий ҳукмлар Ислом дини дейилади;

– Унга жамланиш жиҳатидан миллат деб номланади, яъни Ислом дини  ҳукмларига итоат этувчилар Ислом миллати дейилади.  

بِ – “мусоҳаба” (бирга бўлмоқ) маъносидаги жор ҳарфи.

اغْتِفَالِ – жор мажрур رَدُّ га мутааллиқ. اِغْتَفَلَ феъли ғофил ҳолатда эътиқод қилишга нисбатан ишлатилади.


Матн шарҳи:

Халқимизда “Ўйнаб гапирсанг ҳам ўйлаб гапир” деган ҳикматли сўз бор. Сўфи Оллоҳёр бобомиз тилга ўта эҳтиёт бўлиш лозимлиги ҳақида шундай насиҳат қилган:

Ёмон тил икки оламда зарардир,

Гоҳи исён, гоҳи хавфу хатардир.

* * *

Ёмон тил шумлиғи ки, жонга урғай,

Гоҳи жондин ўтиб иймонға урғай.

Яъни ёмон тил дунё-ю охиратда кишига зарар етказади. Унинг ёмонлиги гоҳида эгасининг бошига етса, гоҳида диндан чиқишига сабаб бўлади. Эътиқодга тааллуқли сўзларни яхши билмасдан гапириш мумкин эмаслигини ҳар бир мусулмон киши яхши англаши лозимдир. Ўший раҳматуллоҳи алайҳ ихтиёрий равишда куфр сўзини талаффуз қилиш диндан қайтиш эканини айтган. Ушбу баҳсга алоқадор масалалардан бири куфр калимасини мажбуран айтган кишининг иймони тўғрисидаги сўзлардир. Мажбурдан куфр калимасини айтган кишилар ҳақида турли хил қарашлар бор. Қалби иймонга тўлиқ бўлгани ҳолда, рўпарасидаги аниқ ўлимдан қутулиш учунгина ўзини иймондан қайтган қилиб кўрсатиш куфр бўлмаслиги ояти карима билан собит бўлган: 

“Ким Аллоҳга иймон келтирганидан кейин (яна қайтиб) кофир бўлса (ҳолига вой!) Лекин кимнинг қалби иймон билан хотиржам ҳолда (куфр калимасини айтишга) мажбур қилинса, у мустаснодир. Аммо кимки кўнгилни куфрга очса, бас, у (каби)ларга Аллоҳ (томони)дан ғазаб ва улкан азоб бордир”[3].

Яъни кимки иймон келтирганидан сўнг куфр калимасини тилга олса, кимки куфрга рози бўлиб, унга кўксини очса, ундайларга жаҳаннамнинг қаттиқ азоби етади. Аммо қалби иймонга лимо-лим бўла туриб куфр калимасини айтишга мажбурланганларга бундай азоб бўлмайди. Муфассирлар ушбу ояти каримани Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида нозил бўлган, – дейишган. Мушриклар у зотни тутиб азоблашганида у зот қаттиқ зўрланганидан улар хоҳлаётган нарсани мажбур ҳолатда айтиб қўйган. Шунда инсонлар: “Аммор кофир бўлди”, дейишган. Аммор розияллоҳу анҳунинг ўзлари ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларига йиғлаб келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Қалбингни қандай ҳис қиляпсан, деганлар. У иймонга лимо-лимлигини айтган. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга: “Агар улар қайтарсалар, сен ҳам қайтаргин”, – деганлар.

Шу ўринда улуғ саҳобалардан бири бўлган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли билан танишиб чиқиш фойдадан холи бўлмайди.


Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳоли

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Арабистон яриморолидаги Тиҳома номли жойда ҳижратдан 54 ёки 57 йил олдин туғилган. Насаблари Аммор ибн Ёсир ибн Омир ибн Молик ибн Кинона ибн Қайс бўлган.

Бу зот Исломни энг аввал қабул қилганлардан бири бўлиб дастлаб Исломга кирганларнинг еттинчиси ҳисобланади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг энг яқин саҳобаларидан бўлган. Уҳуд, Аҳзоб, Хайбар, Макка фатҳи ва Ҳунайн ғазотларида  иштирок этган.

Отаси Ёсир Ямандан Маккага иш билан келиб шу ерда қолиб кетади. Абу Ҳузайфа ибн Муғийра Махзумийнинг чўриси Сумайяга уйланади ва ундан Аммор розияллоҳу анҳу туғилади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу узун бўйли, кенг елкали киши бўлган.

Онаси Сумайя бинти Хоййат Исломдаги энг аввал шаҳид бўлган аёл ҳисобланади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу “Дорул Арқам”да Исломни қабул қилган. Бу зот Исломга кирганидан сўнг отаси Ёсир, онаси Сумайя ва укаси Абдуллоҳлар ҳам мусулмон бўлганлар. Бу оила Исломни қабул қилганлари сабабли Қурайш мушриклари томонидан жуда қаттиқ қийноқларга солинган. Қурайшлик зодагонлар бу оилани қийнаш билан бошқа янги мусулмон бўлганларни ҳам қўрқитиб қўйишмоқчи бўлишган. Махзумийларнинг Ёсир розияллоҳу анҳунинг оиласига қилган қийноқлари ҳақида турли ривоятлар келган. Ҳатто Абу Жаҳл Исломдан қайтишдан бош тортгани учун Сумайяга найза санчади. Ёсирни ҳам ўлдирадилар. Шунга кўра Аммор розияллоҳу анҳунинг ота-онаси Исломдаги дастлабки шаҳидлардан бўлганлар. Уларнинг Аммор розияллоҳу анҳуга қилаётган қийноқлари шу даражага етганки, у қийноқнинг зўридан нима деётганини идрок қила олмайдиган даражага етган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оила ҳақида “Сабр қилинглар, Ёсир оиласи, сизларга жаннат ваъда қилинган”, – деганлар. Мазкур қийноқлардан қолган оловнинг излари Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг юзларида умрининг охиригача билиниб турган. Бу зот ҳақида қуйидаги оят нозил бўлган:

“Ким иймондан сўнг Аллоҳга куфр келтирса, – қалби иймон ила ором топа туриб зўрланганлар бундан мустасно – ким кўксини куфрга очса, бас, уларга Аллоҳдан ғазаб бор. Уларга улкан азоб бор”[4].

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу икки марта ҳижрат қилган. Қибла ўзгартирилишдан олдин намозни Байтул мақдисга қараб ўқиган саҳобалардан бири бўлган.

Бадр, Уҳуд ғазотларида қўшиннинг олдинги сафида туриб жанг қилган. “Байъатур ризвон”да ҳам қатнашган. Ямома ғазотида қулоқлари кесилиб кетган.  

Кейинчалик Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу зотни Куфага волий қилиб тайинлаган. 

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақларида айтган айрим сўзлари:

–  “Аммор бошидан оёғигача иймон билан тўлдирилган, иймон унинг гўшти ва қонларига аралашиб кетган”;

–  “Жаннат уч кишига муштоқдир: Алига, Амморга ва Салмонга”; 

– “Сумайянинг ўғли икки иш ўртасидан албатта тўғрироғини ихтиёр қилади, шунинг учун унинг изидан юринглар”.    

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларидан сўнг доимо Али ибн Аби Толиб розияллоҳу анҳунинг ёнларида бўлган.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу  ҳижрий 37 йилда Сиффин жангида Али розияллоҳу анҳунинг қўшини сафида жангга кирган ва Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳунинг қўмондонларидан бири бўлган Абу Ғония Жуҳаний томонидан шаҳид этилган.    

Сиффин жангида тўқсон ёшдан ошган Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳунинг ўлдирилишлари кўплаб мусулмонларнинг ҳақиқатни англаб етишларига ва Али розияллоҳу анҳунинг ёнларига қайтишларига сабаб бўлган. Чунки жангда қатнашганлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг  Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳу ҳақида “Амморни ўлдирадиган боғий гуруҳнинг ҳолига вой, бу уларни жаннатга чақиради, улар эса уни дўзахга чақиришади”, деган сўзларини билар эдилар. Али розияллоҳу анҳу бу зотнинг жасадларини кўтариб олиб чиқади ва кўпчилик жамоат билан жанозасини ўқиб, кийимлари билан дафн қиладилар. 

 Аллоҳ таоло бу зотни Ўз раҳматига олиб ётган жойларини жаннат боғларидан қилган бўлсин.

Куфрга мажбурланиш ҳақида сўз кетар экан, мажбурлаш даражалари ва мажбурланган кишининг ҳолатлари борасидаги баҳсларни ўрганиб чиқиш зарур бўлади. “Фатовои Қозихон” китобида “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар” мавзусида мажбурланган кишиларнинг ҳолатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилган.


Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар

 “Мажбурланган кишига рухсат берилган ва ман этилган ишлар тўрт қисмдир:

1. Мажбур қилинган амалдан бош тортишдан кўра уни бажариш тўғрироқ ҳисобланадиган, бош тортиш сабабли гуноҳкорга айланадиган ишлар;

Масалан, ўлимтик ейишга ё шу каби бирор ҳаром нарсани истеъмол қилишга мажбур қилиниб, агар буюрилган нарсани бажармаса, ўлдирилиши, ё қўли кесиб олиниши, ёки юз қамчи урилиши билдирилса, мажбурланган ишни қилиб ўзини талофатдан қутқариб қолиши тўғрироқ бўлади. Агар мажбурланган ушбу ишни бажармаса ҳалок бўлиши аниқлигини била туриб, бош тортса гуноҳкор бўлади. Аммо билмаса гуноҳкор бўлмайди.    

2. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш тўғрироқ бўлган, қилмаслик туфайли савобга эга бўладиган, аммо қилиш сабабли гуноҳкор ҳам бўлмайдиган ишлар;

Масалан, Аллоҳ таолога куфр келтиришга мажбур қилиниб, агар куфр келтирмаса ўлдирилиши ё бирор аъзосига талофат етказилиши билдирилса, тил учида айтиб ҳалокатдан қутулиб қолишга рухсат борлигини билса ҳам, бу ишни ўзига эп кўрмасдан бош тортса, савобга эга бўлади. Шунингдек, қутулиб қолиш учун тил учида айтса ҳам гуноҳкор бўлмайди. Аммо ўлдириш ё бирор аъзосига талофат етказиш эмас, кишанлаб қўйиш ё қамаб қўйиш билдирилганда агарчи қалби иймонга лимо-лим бўлиб турган бўлса-да, тил учида ҳам куфр келтириш мумкин эмас.  

3. Мажбур қилинган амалдан бош тортиш туфайли савобга эга бўладиган, уни бажариш сабабли гуноҳкор бўладиган ишлар;

Масалан, мусулмон кишини ўлдиришга ё зино қилишга мажбур қилиниб, агар бажармаса ўлдирилиши билдирилса, жонини берса ҳам бу ишдан ҳазар қилиши туфайли савобга эга бўлади, жонини қутқариш учун шу ишни қилиб қўйса, гуноҳкор бўлади. 

4. Мажбурланган ишни қилиш ва қилмаслик баробар бўлган ишлар.

Масалан, бошқанинг молига талофат етказишга мажбурланса, бундай ҳолатда иккала тарафи ҳам баробар бўлиб қолади.

Баён қилинганларнинг барчасида мажбурланаётган киши билдирилаётган нарсанинг қўрқитиш ва пўписа учун айтилмаётганига, амалга ошиши аниқ эканига ишонсагина, мажбурланган ҳукмида бўлади, акс ҳолда бу ҳукмда бўлмайди”[5].
 

Кейинги мавзулар:
Мастнинг гапи ҳақида;
Номавжуднинг “шай” эмаслиги баёни.


[1] Нисо сураси, 136-оят.
[2] Мулла Али Қори. Зовъул маолий. – Истанбул: “Дор Саодат”, 1962.  – Б. 103.
[3] Наҳл сураси, 106-оят.
[4] Наҳл сураси, 106-оят.
[5] Ҳасан ибн Мансур ибн Маҳмуд Ўзгандий. Фатовои Қозихон, тўртинчи жилди. Покистон: “Мактабату Ҳаққония”. – Б. 419.

 

Кутубхона