Эътироф
Долзарб мавзуга бағишланган глобал саммит
Бугун бутун дунё гўё кўзда қалққан бир томчи аччиқ ёш сингари улкан муаммолар гирдобида қолиб кетяпти. Агар кўзни юмса, ёшдан айрилиши, юммаса, аччиқ ва шўр ашк кўзни ачитгани сингари иқлим ўзгаришлари ҳам глобал муаммо сифатида барчани бирдек безовта қиляпти.
Ҳозир жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришини инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан бири деб тан олмоқда. Айни даврда бу глобал муаммо оқибатида инсоният хўжалик фаолиятининг барча қирралари, хусусан, қишлоқ хўжалигидан тортиб энергетика, транспорт ҳаракати, замонавий нанотехнологиялардан фойдаланиш ва бошқа соҳаларда зудлик билан ҳал этишлиши шарт бўлган масалаларни кун тартибига қўймоқда.
Боз устига, қитъалар ва йирик-йирик давлатлар мисолида сув тошқинлари, бўронлар, ўрмон ёнғини, чўлланиш жараёнлари кучайиши, зилзила каби таҳдидлар чиндан-да дунё афкор оммасини жиддий ўйлашга мажбур қилмоқда.
Шу мақсадда жорий йилнинг 5-6 ноябрь кунлари Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида БМТнинг иқлим ўзгариши конференцияси (UNFCCC COP29) доирасида Жаҳон диний етакчилари глобал саммити бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли тадбирда ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, таниқли диний етакчилар, олимлар ва экспертларнинг 300га яқин вакили қаторида юртимиздан Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Музаффар Камилов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар, Дин ишлари бўйича қўмита раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Махсудов иштирок этди.
Тадбирнинг биринчи куни иштирокчилар томонидан глобал иқлим ўзгаришининг сабаб ва оқибатлари, табиатни асраш, экологик муаммоларнинг олдини олиш масалалари муҳокама қилиниб, бу борада барча диний конфессиялар вакиллари олдида турган муҳим вазифалар юзасидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.
Анжуманда Ўзбекистон делегацияси раҳбари Музаффар Камилов маъруза қилиб, минтақада, хусусан, мамлакатимизда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтириш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш ва биологик хилма-хилликни янада бойитиш юзасидан қилинаётган саъй-ҳаракатлар, ўзига хос тажрибалар ҳақида сўз юритди. Жумладан, сўнгги йилларда Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси, унда турли диний конфессия ва миллий марказлар вакилларининг фаол иштироки, лойиҳа доирасида ҳар йили юртимизда 200 миллион туп дарахт экилиб, янги яшил ҳудудлар барпо этилаётгани алоҳида таъкидланди.
Саммит иштирокчилари томонидан Ўзбекистондаги иқлим ўзгаришининг олдини олиш борасидаги мазкур саъй-ҳаракатлар, яшил ҳудудларни кўпайтириш борасидаги чора-тадбирлар ва илғор ташаббуслар юқори баҳоланди.
Тадбирнинг иккинчи куни 30 га яқин диний етакчи ва уламонинг маърузалари тингланди. Чиқишларда иқлим ўзгариши инсоният олдида турган энг жиддий муаммолардан экани, бу борада БМТ конвенциясининг аҳамияти, атмосферага иссиқхона газлари чиқарилишини камайтириш, ўсиб бораётган глобал экологик таҳдидларга комплекс жавоб қайтаришда жаҳон диний етакчиларининг роли каби мавзуларда чиқишлар қилинди.
Халқаро анжуманда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий шайх Нуриддин Холиқназар ҳам сўзга чиқиб, юртимиздаги таниқли уламолар, имом-хатиблар ва соҳа ходимлари “Табиат – Аллоҳ таолонинг омонатидир” шиори остида тарғибот-ташвиқот ишларида, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасида фаол иштирок этаётгани тўғрисида атрофлича маълумот берди.
Манфаатли мулоқот ва учрашувлар
Ўзбекистон делегацияси Жаҳон диний етакчилари глобал саммити доирасида қатор учрашув ва мулоқотлар ўтказди. Жумладан, делегация вакиллари Озарбайжон Бош вазири Али Асадов билан учрашди.
Мулоқотда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, мамлакатларимизнинг анъанавий яқин ва дўстона муносабатларини янада мустаҳкамлаш, илм-фан, маданият ва диний-маърифий соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Учрашувда Жаҳон диний етакчилари глобал саммитининг аҳамияти ҳақида сўз юритилиб, мазкур тадбир халқлар ва турли дин вакиллари ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиши, бу борада қардош мамлакатлар диний етакчилари ўртасидаги ҳамкорлик жуда ҳам муҳим экани таъкидланди.
Али Асадов ўз сўзида юртимизда амалга оширилаётган ижобий ўзгаришларни юксак баҳолаб, бундан кейин ҳам Ўзбекистон Озабайжоннинг энг яқин ишончли ҳамкори бўлиб қолишини таъкидлади. Шунингдек, у Ўзбекистон Президенти ташаббуси билан Фузулий шаҳрида умумтаълим мактаби бунёд этилганини эътироф этиб, бу муҳташам мактабни озарбайжон халқига туҳфа қилгани учун давлатимиз раҳбарига чуқур миннатдорлик изҳор этди.
Шунингдек, Озарбайжон Республикаси Диний ташкилотлар билан ишлаш давлат қўмитаси раиси Рамин Мамедов билан учрашувда сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорлик янги босқичга кўтарилгани, озарбайжон халқи ўзбек халқининг дўстона муносабатини доим ҳис қилиши, бошқа соҳалар каби диний-маърифий соҳада ҳам тажриба алмашиш ўзаро манфаатли бўлиши таъкидланди.
Ўз навбатида, жамиятда ёт ғояларга қарши курашиш, масжидлар ва имом-хатиблар фаолиятини самарали ташкил этиш масалаларида ҳамкорлик икки давлат учун фойдали бўлишига алоҳида урғу қаратилди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган йиғилишда Кавказ мусулмонлари идораси раиси, шайхулислом Оллоҳшукур Пошшозода билан ҳам суҳбатда бўлинди.
Мулоқотда икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш борасида давлат раҳбарлари томонидан амалга оширилаётган хайрли ислоҳотлар алоҳида эътибор қаратилди..
Оллоҳшукур Пошшозода жорий йилнинг октябрь ойида Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуси билан ўтказилган “Ислом – тинчлик ва эзгулик дини” мавзусидаги халқаро конференция ишини юқори баҳолади. Шунингдек, суҳбатда Президент Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистондаги диний-маърифий соҳа ривожи, ислом оламидаги буюк алломалар меросини ўрганиш ва жамоатчиликка етказишдаги жонбозлигини алоҳида эътироф этди.
Учрашув якунида шайхулислом ҳазратлари икки мамлакат халқи фаровонлиги, ўзаро дўстлик ва қардошлик алоқаларининг ривожини тилаб дуо қилди.
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Россия муфтийлар кенгаши раиси Равил Гайнуддин ҳамда Баҳрайн Подшоҳлгиги Ислом ишлари бўйича олий кенгаши раиси Абдураҳмон ибн Рашид ал-Халифа, Миср муфтийси Назир Муҳаммад Айёд, Миср вақф ишлари вазири Усома Азҳарий, Ал-Азҳар мажмуаси вакили Муҳаммад Дувайний, Мусулмон донишмандлар кенгаши бош котиби Муҳаммад Абдуссалом, Италия мусулмонлари уюшмаси раиси Имом Яҳё Паллавичини, Мўғулистон муфтийси Батирбек Хадийс билан ҳам мулоқот қилди. Учрашувларда хорижлик ҳамкорлар томонидан сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада амалга оширилган ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди. Барча учрашувлар илиқ ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.
Ўзбекистон делегацияси саммит доирасида Фузулий ва Шуша шаҳридаги бир қатор тарихий масканлар зиёратида бўлди.
Анжуман якунида Жаҳон диний етакчилари глобал саммити декларацияси қабул қилинди. Ҳужжатда иқлим ўзгаришларининг олдини олишда ҳамкорлик, айниқса, кўкаламзорлаштириш ишларини самарали ташкил этиш, сувни тежаш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланиш каби йўналишларда диний-маърифий соҳа ходимларининг тарғибот-ташқивот ишларини янада жадаллаштириш лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, “Жаҳон динлари яшил сайёра учун” шиори остида ўтган йиғилишда иштирокчилар томонидан қуйидаги вазифалар белгилаб олинди:
– глобал иқлим ўзгариши, биологик хилма-хилликнинг йўқолиши, атроф-муҳитнинг ифлосланиши, сув танқислиги каби умумжаҳон муаммолар сабабларини ўрганиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш;
– иқлим ўзгаришига қарши кураш бўйича жамоатчилик муҳокамаларида фаол иштирок этиш;
– иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини камайтириш, табиий бойликлардан оқилона фойдаланиш, табиат ва ундаги неъматларнинг муқаддаслигини кенг жамоатчиликка етказишда диний омиллардан унумли фойдаланиш.
Шу билан бирга, диний етакчилар ушбу саммит тинчликни асраш ва низо ва зиддиятларни тўхтатиш чақириқлари учун фойдали ва самарали платформа бўлиб хизмат қилишига катта умид билдирди.
Хулоса шуки, глобал иқлим ўзгариши ва экологик муаммоларни бир ёки икки давлатнинг саъй-ҳаракати билан бартараф этиб бўлмайди. Бунга барча давлатлар ҳамжиҳатликдаги ҳаракати талаб этилади. Келгуси авлодлар учун мусаффо осмон, гўзал табиат ва унинг бебаҳо неъматларини бекаму кўст етказиш умуминсоний бурчимиз эканини унутмаслигимиз лозим.
Лутфулла СУВОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганларидан кейин мусулмонлар ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуни ўзларига раҳбар қилиб сайладилар. У киши буни рад этдилар, лекин саҳобалар маҳкам туриб олишди. Улар ўзлари кириб қолган боши берк кўчадан чиқишлари учун Алий розияллоҳу анҳунинг раҳбарлиги зарурлигини яхши билишар эди. Мадинаи мунавварадаги аҳвол жуда ҳам оғирлашган, йўлдан озганлар ушбу шаҳарга эга чиқиб олишган эди. Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу ўзлари қизиқмасалар ҳам, халифаликни қабул қилиб олдилар.
Имом Табарий Муҳаммад ибн Ҳанафийядан ривоят қиладилар: «Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилганида, отам билан бирга уйда эдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари келиб, ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга: «Бу киши (яъни Усмон розияллоҳу анҳу) ўлдирилди. Одамларга имом (раҳбар) лозим. Бугунги кунда бу ишга сиздан кўра ҳақли одам йўқ. Сиздан аввал Исломга кирган ҳам, сиздан кўра Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин ҳам йўқ», дедилар.
Ҳазрати Алий: «Ундай қилманглар. Мен учун вазир бўлганим амир бўлганимдан яхшидир», деди.
Одамлар: «Аллоҳга қасамки, сизга байъат қилмасдан қўймаймиз», дейишди.
Ҳазрати Алий: «Ундай бўлса, масжидда. Менга байъат махфий бўлмаслиги, фақат мусулмонларнинг розилиги билан бўлиши керак», деди. У киши масжидга кирганида муҳожирлар кириб байъат қилишди. Сўнг бошқалар байъат қилишди».
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга халифа сифатида ҳижрий 35 йил 25 зулҳижжа, жума куни байъат қилинди. Бу вақтда Ислом оламида фитна денгиз тўлқинидек мавж уриб турар эди.
Ҳазрати Алий розияллоҳу анҳу жуда ҳам қатъият ва жазм билан иш тутадиган, салобатли ва ҳақ йўлда шиддатли зот эдилар. У киши ўзларига байъат қилинганидан кейин дарҳол иккита фармон чиқардилар. Бу фармонларнинг иккови ҳам жуда қатъият билан чиқарилган фармонлар эди:
– Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қўйган айрим волийларни ишдан олиш. Уларнинг кўпчилиги Бану Умайядан эдилар.
Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу қуйидаги волийларни тайин қилдилар:
Усмон ибн Ҳунайфни Басрага;
Умора ибн Шиҳобни Куфага;
Убайдуллоҳ ибн Масъудни Яманга;
Қайс ибн Саъд ибн Убодани Мисрга;
Саҳл ибн Ҳунайфни Шомга...
Тайин қилинган мазкур волийларнинг ишлари турлича бўлиб чиқди. Бундан ихтилоф кучайиб бораётгани кўринарди.
– Иккинчи фармон ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўз яқинларига Байтулмолдан берган совғалар ва суюрғолларни қайтариб олиш ҳақида эди.
У зотнинг бу тасарруфларидан сўнг Бану Умайя қабиласи аъзолари у кишига қарши бош кўтариб, байъат қилмасликка ўтишди. Бу ишнинг бошида Шомнинг волийси Муовия ибн Абу Суфён турар эди.
Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг давридан буён Шомнинг волийси бўлиб келар эди. У киши ўз ишини аъло даражада бажарар, ўз аҳолиси ичида жуда катта обрўга эга эди. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳуга ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлдирилганлари ва ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг халифа бўлганлари ҳақидаги хабар етганда, у киши янги халифага байъат қилмади. Бунинг бир неча сабаби бор эди.
1. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг ўлимларида ҳазрати Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг ҳам айблари бор деб тушунар эди.
2. У киши Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг лашкари ичида фитначиларнинг борлигини ҳам айб ҳисоблар эди.
3. Муовия ибн Абу Суфён розияллоҳу анҳу бу ишларни бир ёқлик қилиб, орани очиб олмай туриб тоатни вожиб қилувчи байъат қилишга қўл урмади.
Бошқа Ислом юртларининг барча аҳолиси ҳазрати Алий розияллоҳу анҳуга байъат қилдилар ва у ерларда иш ўз маромида кетди.
«Ислом тарихи» биринчи жузи асосида тайёрланди