Бир аёл Қуръони каримни тиловат қилар, ёнида турмуш ўртоғи эса жим тингларди. Шунда аёл Нисо сурасидаги бир нечта аёлларга уйланиш ҳақидаги оятга келганда овозини пасайтириб ўқий бошлади. Буни кўрган эри кулиб: “Сен менинг биринчи, иккинчи, учинчи ва тўртинчи аёлимсан”, деб эркалади.
Бугун айримларимиз аёлимизга яхши муомала қилишни унутиб қўймоқдамиз. У эса бизни, фарзандларимизни, қолаверса, ота-онамиз, ака-укаларимиз бўладими, ҳамма яқинларимизнинг кўнглини олишга ҳаракат қилади. Доим оилага ғамхўрлик қилиш билан банд.
Шундай экан аёлимизнинг қадрига етайлик, имкон қадар кўнглини олайлик. Аёлга қандай муомала қилишда эса Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига боқайлик.
Зеро, ҳадиси шарифларда: “Сизларнинг яхшиларингиз ўз аҳлига яхши муомала қилганингиздир. Мен ўз аҳлига яхши муомала қилувчироғингизман”, дея марҳамат қилинган (Имом Термизий ривояти).
Акбаршоҳ Расулов
Жаҳонгир Ниғматов
Тошкент ислом институти талабаси