Cавол: Мен Польшада ўқийман. Поляклар мол ёки қўй сўйганда "Бисмиллаҳ"ни айтишмайди, ушбу давлатда юрган мусофир биродарларга нима маслаҳат берасиз?
Жавоб: Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Сиз ўқийдиган жойда асосан насронийлар яшайди ва уларни динимизда аҳли китоблар, деб аталади. Уламоларимиз аҳли китоблар ўз динлари кўрсатмасига мувофиқ сўйган жонлиқни ейиш жоизлигига иттифоқ қилишган. Бунга Аллоҳ таолонинг қуйидаги ояти далил бўлади:
الْيَوْمَ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَهُمْ
“Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир” (Моида сураси, 5-оят).
Ибн Аббос, Абу Умома, Мужоҳид ва бошқа эътиборли олимлар разияллоҳу анҳум: “Уларнинг таомлари сўйган жонлиқларидир”, деганлар (“Тафсири ибн Касир” китоби).
Аҳли китоблар сўйган ҳайвонлар, авваламбор мусулмонларга ҳалол бўлган сигир, қўй ва товуқ каби жониворлар бўлиши керак. Кейин эса, жонлиқ сўйиш борасидаги ўз динлари кўрсатмасига амал қилган бўлишлари, жонлиқни бўғизлаётганда Аллоҳ таолонинг номини тилга олишлари лозим.
Аҳли китобларнинг Аллоҳнинг исмини айтмасдан сўйган жонлиқларини ейиш ҳалол эмас.
Сўйилаётган ҳайвон бўғиб, ё уриб ўлдирилса, уларнинг гўшти ҳалол бўлмайди. Ҳайвоннинг 2 та катта қон томири, таом йўли ва ҳаво йўлини кесиш ва қонини оқизиш йўли билан сўйилса, бизга ҳалол бўлади.
Агар насроний жонлиқ сўяётган пайтда ўз тилида “Бисмиллаҳи” деса-ю, Ийсо алайҳиссаломни қасд қилса ҳам, гўшт ҳалол бўлади, чунки бундай ҳолатда зоҳирига қараб ҳукм қилинади.
Демак, мусулмонлар сўйган гўшт бор бўлганда, аҳли китобларнинг гўштларига эҳтиёж бўлмайди. Лекин мусулмонлар сўйган гўшт топилмаганда, тақво юзасидан аҳли китоблар томонидан сўйилган гўштлар юқорида қайд этилган шартларга мувофиқ келишига ишонч ҳосил қилиб, ейишингиз мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қуръони карим оятлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари асосида мусулмон уммати ота-онага оқ бўлиш катта гуноҳларнинг каттаси эканига иттифоқ қилган. Бу борада ҳеч қандай ихтилоф йўқ. Келгуси сатрларда бу борада келган баъзи ҳадиси шариф ва ривоятлар билан яқиндан танишиб, бу мавзуни илмий асосда ва батафсил ўрганишга ҳаракат қиламиз.
عَنِ الشَّعْبِيِّ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ: الْإِشْرَاكُ باِللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ».
Шаъбийдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттасининг хабарини берайми? Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон қасам ичиш», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам катта гуноҳларнинг энг катталаридан учтаси ҳақида хабар бермоқдалар.
Аллоҳга ширк келтириш – Аллоҳнинг хотини бор, ўғли бор, шериги бор, деган бузуқ ақийдага эътиқод қилиш дунёдаги энг катта гуноҳ ҳисобланади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда ширкдан бошқа гуноҳнинг ҳаммасини кечишини ваъда берган. Лекин ширкни кечирмаслигини алоҳида таъкидлаб қўйган.
Ана шундай улуғ, катта, беқиёс гуноҳдан кейинги ўринда турадиган гуноҳ ота-онага оқ бўлиш экан. Ота-онанинг назаридан қолиш, дуойи бадига қолиш, уларнинг норозилигига дучор бўлиш ана шундай оғир нарса.
Шу билан бирга, бир нарсанинг ёлғонлигини билиб туриб, қасам ичиб, ўзининг фойдасига буриб кетиш ҳам энг катта гуноҳлардан биттаси ҳисобланар экан. Аллоҳ таоло булардан Ўзи асрасин.
عَنِ الْحَسَنِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «مَا تَقُولُونَ فِي الزِّنَا وَالسَّرِقَةِ وَشُرْبِ الْخَمْرِ؟» قَالُوا: اللهُ وَرَسُولُهُ أَعْلَمُ. قَالَ: «هُنَّ فَوَاحِشُ، وَفِيهِنَّ عُقُوبَاتٌ، أَلَا أُنَبِّئُكُمْ بِأَكْبَرِ الْكَبَائِرِ؟» قَالُوا: وَمَا هُنَّ يَا رَسُولَ اللهِ؟ قَالَ: «الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، أَلَا وَقَوْلَ الزُّورِ».
Ҳасандан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зино, ўғирлик ва ароқхўрлик ҳақида нима дейсизлар?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билгувчи», дейишди.
«Ўшалар фаҳш ишлардир. Уларнинг уқубати бор. Сизларга гуноҳи кабираларнинг энг каттасини айтиб берайми?» дедилар. «Улар нима, эй Аллоҳнинг Расули?» дейишди. «Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва билиб қўйинглар, ёлғон гап», дедилар».
Шарҳ: Демак, ота-онага оқ бўлиш зино, ўғирлик, ароқхўрликдан ҳам каттароқ гуноҳ ҳисобланар экан. Уларнинг бу дунёдаги уқубатлари белгилаб қўйилган. Зино қилса, тошбўрон ёки дарра уриш билан жазоланади. Ўғирлик бўлса, қўлини кесиш ёки таъзирини бериш йўлга қўйилади. Хамр ичиб қўлга тушганга ҳам дарра уриш бор.
Лекин Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш ва ёлғон гапдан иборат учта гуноҳларнинг уқубати бу дунёда белгиланмаган бўлиб, азоби охиратга қоладиган нарсалар экан. Шунинг учун улар жуда даҳшатли гуноҳлар ҳисобланади. Шундай экан, ҳар бир мўмин банда бу гуноҳлардан ҳазир бўлиши матлубдир.
عَنِ ابْنِ مَسْعُودٍ قَالَ: إِنَّ مِنْ أَكْبَرِ الْكَبَائِرِ الْإِشْرَاكُ بِاللهِ، وَعُقُوقُ الْوَالِدَيْنِ، وَالْيَمِينُ الْغَمُوسُ.
Ибн Масъуддан ривоят қилинади: «Гуноҳи кабираларнинг энг каттаси: Аллоҳга ширк келтириш, ота-онасига оқ бўлиш ва ёлғондан қасам ичишдир».
Шарҳ: Албатта, бу гапни Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан эшитган бўладилар. Буни аввал ўтган ривоятлар ҳам кўрсатиб турибди.
Аллоҳга ширк келтириш, ота-онасига оқ бўлиш ва ёлғондан қасам ичиш гуноҳлари одатда маънавий жиноятлар сифатида содир бўлади. Кўпинча улар гуноҳкорнинг ўзи билган ҳолда, бошқалардан яширин қолади. Шунинг учун уларни содир этганларга шариатда маълум моддий жазо белгиланмаган. Демак, бу жиноятларнинг жазоси бутунлайича охиратга қолиб кетиши хавфи бор. Охиратнинг азобидан эса Аллоҳ таолонинг Ўзи асрасин.
«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.