Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Ислом жамияти соясида яшайдиган ғайридинлар исломий истилоҳда «аҳли зимма» деб аталадилар. Яъни, уларнинг дини, жони, моли ва бошқа жиҳатдан тинч-омонлиги мусулмонлар зиммасида бўлади. Мусулмонлар «аҳли зимма»лар билан аҳднома тузганда, уларни ана шу нарсалар билан таъминлашни ўз зиммаларига олганлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам даврларида Мадинаи Мунавварада яҳудийлар мусулмонлар билан аҳднома асосида аҳли зимма бўлиб, ўз динларига амал қилиб, тинч-омон яшаганлар. Уларнинг ўзлари томонидан оғир хиёнат ва жиноятлар содир бўлгандагина мусулмонлар қарши чоралар кўришга мажбур бўлганлар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳунинг даврларида ҳам ана шу сиёсат давом этди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг даврларида эса бошқа масалалар каби бу масалада ҳам кўплаб янгиликлар содир бўлди. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу аҳли зимма масаласида ҳам кишининг ақли лол қоладиган даражада ажойиб ижтиҳодлар қилдилар. Буларнинг ҳаммаси Исломнинг умумий таълимотларига суянган ҳолда амалга оширилди. Қуръон ва Суннат таълимотларининг нозик жойларигача чуқур тушуниб етган халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бу соҳада асрлар давомида барча динлар, барча миллатлар ва барча жамиятларга ўрнак бўлиб, яна ортиб қоладиган ишларни қилдилар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг Байтул Мақдис насороларига берган аҳдлари ва улар билан қилган муомалалари ҳақида юқорида гаплашган эдик. Бу ишни ҳозиргача ҳеч ким қила олмади, мабодо қилса ҳам, Умар розияллоҳу анҳунинг қилганларини такрорлаган бўлади.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг форс мажусийларига нисбатан юритган сиёсатлари ҳам у кишининг ва омилларининг Ҳурмузон ҳайъати ила қилган муомалаларидан кўриниб турибди.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўз фаолиятлари давомида чиқарган фармонлари, ҳукмлари ва қилган муомалалари аҳли зиммага нисбатан ҳам айни адолатдан иборат бўлган. Ушбу масалага оид ҳужжатларни ўрганган одам улкан ҳақиқатнинг қаршисида турганини дарҳол ҳис этади.
«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 23-жузидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким: «Розийту биллаҳи Роббан ва бил Ислами дийнан ва би Муҳаммадин соллаллоҳу алайҳи васаллама Росула», деса, унга жаннат вожиб бўлади», дедилар (Абу Довуд ривояти).
Маъноси: Аллоҳни Роббим деб, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлдим.
* * *
Абу Дардо розияллоҳу анҳу айтадилар: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз ҳузурида амалларнинг яхшиси, даражангизни баланд қилувчиси, пул ва олтинларни инфоқ қилишдан афзалроқ бўлган ва душманингизга йўлиқиб, унинг бўйнига қилич уришдан ҳам яхши нарсани айтайми?» дедилар. Саҳобалар: «Айтинг», дейишди. Шунда Расулуллоҳ: «Аллоҳни зикр қилиш», дедилар (Термизий ва Ибн Можа ривояти).
* * *
Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Исро кечаси Иброҳим алайҳиссаломга йўлиқдим. У зот: «Эй Муҳаммад, умматингизга мендан салом айтинг ва жаннатнинг тупроғи пок, суви ширин ва ўзи текис, ўсимлиги «Субҳаналлоҳи валҳамду лиллаҳи ва лаа илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар» эканини уларга хабар беринг», дедилар» (Термизий ривояти).
* * *
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимки: «Субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи», деса, у учун жаннатда бир хурмо экилади», дедилар (Термизий ривояти).
* * *
Абу Зарр розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Каломларнинг қайси бири Аллоҳ таолога маҳбуброқ?» деб сўрадилар. У зот: «Аллоҳ фаришталарига ихтиёр қилган «Субҳана Робби ва биҳамдиҳи, субҳана Робби ва биҳамдиҳи» жумласини айтиш», дедилар» (Термизий ривояти).